Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий мероси — асрлар оша инсонлар қалбини ёритиб келаётган маънавий зиё

Имом Бухорий мероси — асрлар оша инсонлар қалбини ёритиб келаётган маънавий зиё

Тошкентда «Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, имкониятлар ва долзарб масалалар” мавзусида ўтаётган халқаро илмий-амалий конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Шовосил Зиёдовнинг маърузаси алоҳида эътибор марказида бўлди.

Олим “Имом Бухорий мероси – бутун инсониятнинг маънавий бойлиги” мавзусида сўз юритиб, буюк муҳаддиснинг асарлари асрлар давомида инсоният маънавиятини юксалтириб келаётган бебаҳо хазина эканини таъкидлади.

Маърузада Имом Бухорий нафақат ҳадис илмининг пешвоси, балки илмга садоқат, ҳақиқатга интилиш ва холислик намунаси сифатида намоён бўлгани алоҳида қайд этилди. Унинг бутун ҳаёти илм йўлидаги фидойилик, изланиш ва беқиёс матонат намунаси сифатида талқин этилди.

Алломанинг “Саҳиҳул Бухорий” номли шоҳ асари эса нафақат ислом оламида, балки бутун инсоният маънавий тафаккурида алоҳида ўрин тутиши, Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба сифатида асрлар давомида юксак эътирофга сазовор бўлиб келаётгани урғу билан таъкидланди.

Шу билан бирга, Имом Бухорийнинг ҳадисларни саралашда жорий этган қатъий илмий мезонлари, ровийлар шахсияти ва занжирини пухта ўрганишга асосланган ёндашуви бугунги тадқиқотчилар учун ҳам ибрат мактаби экани қайд этилди.

Профессор Зиёдов маърузасида Имом Бухорий меросини чуқур ўрганиш ва уни кенг тарғиб этиш бугунги кунда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом эътиқод ва юксак ахлоқ руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Олимнинг сўзлари иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди ва конференция доирасидаги илмий мулоқотларга янада мазмун бағишлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

МАРКАЗДА «ЁШЛАР БИЛАН БИР КУН»

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ёшлар билан очиқ мулоқот, тажрибани ўртоқлашиш ва устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлашга …