Шайх Надим Жиср 1956 йили Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб бўлгач, олам-олам таассуротлар билан юртига қайтиб кетади. Зотан, у ишончлилик жиҳатидан Қуръони каримдан кейинги ўринда турувчи асар – “ал-Жоме ас-Саҳиҳ”нинг муаллифи, мўминларнинг ҳадис илмидаги амири деган шарафли мақом эгаси бўлмиш Имом Бухорийнинг қабрини зиёрат қилишдек бахтга мушарраф бўлган эди. Унинг бу тарихий зиёрати ҳақида ёзган адиб Хуршид Даврон мақоласини қуйидаги сатрлар билан якунлайди: “Ватанига қайтган Шайх Надим ¬Жиср яна узоқ йиллар муфтий бўлиб хизмат қилади, талай китоблар тасниф этади. У Имом Бухорий марқадига қилган сафари ҳақида бирон нима ёзганми-йўқми, афсуски, бехабармиз”.

Улуғ муҳаддисга бағишланган асар
Адибнинг мазкур сатрлари бизни Шайх Надим Жисрнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишишга ундади. Изланишлар натижасида аён бўлдики, у Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиб қайтганидан сўнг “Имон қиссаси: фалсафа, илм ва Қуръон ўртасида” номли асарни ёзган. Бу асарнинг биринчи нашри 1961 йилда, иккинчиси 1962 йилда ва учинчиси 1969 йилда дунё юзини кўрган. Унда Шайх Надим Жиср Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиши асносида унинг вужудини чулғаб олган руҳий кечинмалар ижодий образлар – Шайх Мавзун Самарқандий ва шогирди Ҳайрон ибн Азъаф Панжобий ўртасидаги фалсафий мулоқот тарзида баён қилинган. Уламолар фикрича, бу асар араб ислом оламини маҳв этишга қаратилган даҳрийлик тўлқинига қарши курашишнинг илмий-фалсафий лойиҳаси сифатида ёзилган.
Мазкур асардаги Имом Бухорий қабрининг зиёрати билан боғлиқ саҳифаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.
Болалик хотиралар
Болалик йилларим шаҳримиздаги Тайнол масжидида ўтган. У шаҳарнинг чеккасидаги хушбўй ва мафтункор боғларимиздан бирининг ичида жойлашган. Менинг болалик хотираларим билан боғлиқ қадрли онлар айнан ўша ерда ўтган.
У ер менга ҳайит кунларининг салқин тонгларини эслатиб туради. Ўша кезларда отам қуёш чиқишидан олдин мени эргаштириб, масжид ёнида жойлашган қабристондаги марҳумларимизни зиёрат қилишга олиб чиқар, кейин масжидда ийд намозини ўқир эди. Ўшанда мен масжид ҳовлисидаги қудуқ ва ҳовуз ўртасида жойлашган дарахт тагида ўйнар эдим. Отам бир гуруҳ қариялар қуршовида ўз хонасида ўтирар, улар унинг сўзларига қулоқ солиб турар эди. Ана у қўшалоқ зинапояли минора ҳам менга бир нималарни эслатиб туради… биз масжид ҳовлиси тарафдан кириб унга кўтарилар ва бир зумда ўзимизни ҳарамнинг ичида кўрар эдик.
Бу масжид менга аллақачон вафот этиб кетган ва қалбимнинг тубини эзиб турадиган давомли хафаликни қолдирган ана шу кишиларнинг барчасини эслатиб туради. Шу боис қачон Тайнол масжидига қайтсам, бу хотиралар темир ва оловли панжалари билан менинг эзилган қалбимни яна тирнай бошлайди.
Кунлар, кунлар ортидан йиллар ўтди. Биз маҳалламиздан узоқлашдик, масжиддан олисларга кетдик. Бориб-бориб, шаҳарни бутунлай тарк этдик. Узоқ йиллик мусофирликдан сўнг яна унга қайтдик. Тайнол масжидига бўлган соғинчим мени у томонга етаклаб келди. Бир куни чошгоҳ вақти намозхонлар йўқлигида масжидга келдим. Болалигимда ўйнаб ўтказган жойларни айланиб чиқдим. Ўтмиш хотираларимнинг барчасини кўз олдимдан ўтказдим ва… узоқ йиғладим.
Хартанглик мусофир
Жимлик қаърига ғарқ бўлиб, масжиднинг виқорли минораларидан таралаётган йиғига ўхшаш овознигина эшитиб турар эканман, баногоҳ масжиднинг шарқий қисмида жойлашган хона ичидан бир овоз келди. Кейин хонанинг эшигидан соч-соқоли оппоқ, кўриниши салобатли, сипо кийинган бир қария чиқиб, менинг олдимга келди. Салом бергач, ёнимга ўтирди ва “Биродар, нега йиғлаяпсиз?” деди. Мен: “Отамнинг даврида мана шу масжид ичида ўтган болалик йилларимни эслаб”, дедим. У: “Отангиз ким?” деди. Мен отамнинг исмини тилга олар-олмас унинг бадани титраб кетди. Кўз ёшларга тўла нигоҳлари билан менга тикилиб қаради ва: “Отангиз Шайх Жисрми?” деб сўради. Мен: “Ҳа. Ҳазрат, ўзингиз кимсиз?” дедим. У бундай деди: “Мен аслида узоқдан – Мисрдан келганман. Ярми Шом диёрига, ярми Ҳижозга тарқалиб кетган “Оли Моий” қабиласиданман. Тақдир бобомни Ҳижоздан Ҳиндистонга етаклаб келган ва у шу ерда яшаб қолган. Исмим Ҳайрон ибн Азъаф Панжобий”. Мен: “Ҳиндистондан бу ерга нима учун келдингиз?” дедим. У: “Мен Ҳиндистондан келмадим, Самарқанддан, тўғрироғи Самарқанддаги Хартанг қишлоғидан келдим”, деди. Мен: “Шунча олис ердан бизнинг диёримизга нима учун келдингиз ва бу масжидда истиқомат қилиб турганингизга сабаб нима?” дедим. У: “Отангизни зиёрат қилиш учун юртингизга бир кириб ўтай дедим”, деди. Мен унга ҳайрат билан тикилиб қолдим. Чунки отам анча йиллар олдин вафот этиб кетган эди. У бундай деди: “Ҳайрон бўлманг. Мен Ҳижозга кетаётиб, унинг қабрини, шайхим менга таърифлаб бериб ва отангиз унда дарс берганини айтиб суюкли қилиб қўйган мана шу масжидни ҳам зиёрат қилиш учун келдим. Намозхонлар менга отангиз ўзининг хос хонаси қилиб олган мана шу хонани кўрсатишди. Бу масжид ҳаётимнинг энг тотли ва қадрли онлари ўтган “Хартанг” масжидига жуда ўхшаб кетар экан. Шу боис шайхимни Аллоҳ йўлига бошлаб қўйган киши яшаган мана шу жойда ҳаж мавсуми бошлангунча бир неча кун қолиб, Аллоҳга ибодат қилишни ихтиёр қилдим”.
Мен: “Хожам, шайхингиз ким?” дедим. У: “Самарқанд уламоларидан Шайх Абу Нур Мавзун раҳимаҳуллоҳ”, деди. Мен: “Кунларингизни ибодат билан ўтказяпсизми?” дедим. У: “Ҳозир ҳа, аммо олдин залолатда юрган вақтим ва қандай қилиб имон келтирганим ҳақидаги қиссани ёзаётган эдим. Уни менга шайхим Мавзун айтиб турган. Отангиз раҳимаҳуллоҳни шу орқали таниганман”, деди. “Залолатда юрган ва имонга келган кунларингиз ҳақидаги ҳикоя нималардан иборат?” дедим. “Бунинг тарихи узун, Худо осон қилса, уни одамлар ўқиши учун нашр қилдираман”, деди.
У шундай деди-ю, қабрлари бор хонага кириб кетди. Бироздан сўнг катта бир дафтарни олиб чиқиб, олдимга қўйди: “Бу – шайх Мавзун айтиб ёздирган гаплар, мен унга бирон бир қўшимча қўшмаган ҳолда чиройли қилиб кўчириб чиқдим”. “Бу катта китоб экан. Уни ўқиш учун уйимга олиб бориб, икки кундан кейин сизга қайтариб берсам майлими?” дедим. У: “Туркчани биласизми?” деди. Мен: “Ҳа, уни жуда яхши биламан”, дедим. У: “Бу китобим мендан сизга ҳадя. Унда отангизнинг китобидан қисқартириб олишни режалаштирган мавзу, шунингдек, залолатда юрган ва имонга кирган кунларим билан боғлиқ тафсилотлар барчаси баён қилинган. Уни олиб араб тилига таржима қилинг, чоп эттириб одамларга тарқатинг. Бунинг учун сиздан ҳақ сўрамайман. Аммо улуғ Аллоҳдан сўраганим шуки, бу ишимни Ўзининг розилиги учун холис қабул этса ва одамлар учун фойдали қилса. Вафот этиб, амалларим тўхтаганидан сўнг менга ҳам фойдаси тегадиган бир амал бўлса…”.
Имом Бухорий зиёрати
Бояги одам бир неча кундан сўнг Ҳижозга сафар қилди. Мен эса китобни таржима қилишга киришдим ва бу бир неча йил давом этди. Кейин замона зайли билан Тошкентга сафар қиладиган бўлиб қолдим. Энг буюк мақсадим – Имом Бухорий розияллоҳу анҳунинг қабрини зиёрат қилиш, ундан сўнг Ҳайрон ибн Азъаф билан учрашиб, таржима қилинган китобни унинг ўзига кўрсатиш эди. Бу ишда менга мамлакатнинг энг катта муфтийси, отамнинг дўстларидан бири бўлмиш солиҳ, обид, зоҳид ва авлиё зот Бобохон раҳимаҳуллоҳнинг ўғли олийжаноб ва мурувватли зот Шайх Зиёуддин яқиндан ёрдам берди. У Хартангга бориш ҳақидаги ниятимни билгач, Самарқандга, у ердан Хартанггача менга ҳамроҳлик қилди.
Ўша ерда масжид ходимидан суриштириб билдимки, Ҳайрон ибн Азъаф ҳаж ибодатини адо қилиш учун Маккага жўнаб кетган ва ўша ерларда қазо қилган. Биз Имом Бухорийнинг қабрини зиёрат қилдик. Марқади устида бир муддат тик туриб қолдик. Ён-атрофга боқиб, масжиднинг Ҳайрон раҳимаҳуллоҳ менга таърифлаб берганидек Тайнол масжидига ўхшаб кетадиган жиҳатлари борлигига гувоҳ бўлдим: Боғ-роғлар ичида бир ўзи қад ростлаб турибди. Имом Бухорийнинг қабри кичкина боғ ичида, сояли дарахт тагида ўз ҳолича ажралиб турибди… атрофи ўралмаган, ҳеч қандай безак берилмаган ва сувалмаган.
Мен Ҳайрон ва устози дарс ўқиган кичкина хонага кирдим. Кўрдимки, унинг ўзи менга таърифлаб берганидек, у Имом Бухорийнинг қабрига қараб солинган эди.
Шайх Надим орзу қилган мажмуа
Таниқли адибимиз Шайх Надим Жисрнинг Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиши ҳақидаги мақоласини “У Имом Бухорий марқадига қилган сафари ҳақида бирон нима ёзганми-йўқми, афсуски, бехабармиз”, деб тугатганидек, бизда ҳам, афсуски, жавобсиз бир савол пайдо бўлди: Шайх Надим Жиср ҳозир ҳаёт бўлиб, Имом Бухорийнинг муборак қабрини зиёрат қилиш учун келганида, бугунги ҳолатни кўриб нима деган бўлар эди? Президентимиз Ш.Мирзиёев тарафидан илгари сурилган ташаббус – Имом Бухорий мангу қўним топган маскан унинг ислом оламидаги мавқеига муносиб бўлиши зарур, деган мақсад ортидан қад кўтарган маҳобатли мажмуани кўриб, қандай ҳолатга тушар эди? Ўзи таърифлаганидек, 1956 йилларда “кичкина боғ ичида, сояли дарахт тагида ўз ҳолича ажралиб турибди… атрофи ўралмаган, ҳеч қандай безак берилмаган ва сувалмаган”, хуллас, ташландиқ ҳолга келиб қолган қабр ва у билан туташ масканда бунёд этилган улкан зиёратгоҳни, балки каттаю кичик зиёратчилар учун илм-маърифат, тарбия ва маънавият масканига айлантирилганини кўриб, уни эътироф этган бўлмасмиди?
Алоуддин НЕЪМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: zarnews.uz
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





