Home / МАҚОЛАЛАР / Марказ фондида сақланаётган бой маънавий мерос

Марказ фондида сақланаётган бой маънавий мерос

Алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тадқиқ этиш ва келажак авлодга етказилиш зарурати ҳар доим долзарб ва аҳамиятли бўлган. Шу маънода, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асосий мақсадларидан бири Мовароуннаҳр ва умуман мусулмон дунёсининг буюк мутафаккирлари қолдирган бой илмий-маънавий меросни чуқур тадқиқ этиш, уларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, Ватанга садоқат ва аждодларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Шунингдек, Марказ олдида мамлакатимиз ва хориждаги кутубхона ва архивларда сақланаётган, ислом дунёсида муҳим аҳамиятга эга бўлган қўлёзма ва тошбосма асарларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни илмий таҳлил қилиш келажак ва авлодга етказиш вазифаси турибди.

Сўнгги йилларда юртимиз олимлари илм-фаннинг барча йўналишларига оид нодир манбаларни қиёсий таҳлил асосида ўрганиш ишларини тобора фаоллаштиряпти. Маълумки, Мовароуннаҳр алломаларининг диний ва дунёвий илмларга оид асарлари халқимиз энг катта маънавий мероси бўлиб, нафақат биз, балки мусулмон олами ва умуман башарият учун муҳим манбалар ҳисобланади.

Марказда илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш мақсадида қўлёзма ва тошбосма асарлар фонди ташкил этилди. Ҳозир бу хазинада 1679 дан ортиқ манба мавжуд бўлиб, уларнинг 648 таси қўлёзма, 917 таси тошбосма китоб ва 114 таси тарихий ҳужжатдир.

Қўлёзма китоблар мавзуси жиҳатидан исломий илмларнинг деярли барча соҳаларини, шунингдек, айрим дунёвий фанларни қамраб олган. 648 жилд қўлёзма ичида жами 1252 та асар мавжуд бўлиб, улар XIV-XX асрларга тегишли. Асарлар араб, форс, турк, татар, иброний ва бошқа шарқ тилларида ёзилган.

Буларда: адабиёт – 243, ақида – 146, астрономия – 3, балоғат – 2, грамматика – 219, дуо ва зикр – 41, қомус – 3, Қуръони карим – 68, луғат – 8, мантиқ – 67, мерос – 1, одоб-ахлоқ – 32, сийрат – 4, тажвид – 38, тарих – 7, тасаввуф – 65, тафсир – 8, тиббиёт – 6, фиқҳ – 263, ҳадис – 26, ҳисоб – 2 ва бошқа (21) соҳаларни қамраб олган асарлар жамланган.

Қўлёзмалар орасида Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Ҳаким Термизий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби буюк алломаларнинг асарлари ҳам мавжуд.

Қўлёзмалар каталогини тузиш Марказнинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, шу чоққача 688 бетлик каталог нашр этилди. Унда 107 аллома қаламига мансуб 534 та асарнинг тавсифи ва 50 хаттот, 41 саҳҳоф, 3 нафар китоб соҳиби ҳамда 22 муҳрнинг кўрсаткичлари келтириб ўтилган[1].

Ушбу каталогини тузишда дунё стандартларига мос равишда қуйидаги:

  1. Тартиб рақами;
  2. Асар номи;
  3. Инв. рақами;
  4. Тили;
  5. Муаллифи;
  6. Асар тавсифи;
  7. Мавзуси;
  8. Асар боши;
  9. Асар сўнги;
  10. Колофони;
  11. Библиография;
  12. Кўчирилган санаси;
  13. Кўчирилган жойи;
  14. Хаттоти;
  15. Ёзув тури;
  16. Варақлари сони;
  17. Қатори;
  18. Мистараси;
  19. Пойгири;
  20. Сиёҳи;
  21. Қоғози;
  22. Курросаси (дафтар);
  23. Безаги;
  24. Матнининг ўлчами;
  25. Варағининг ўлчами;
  26. Рақамланиши;
  27. Муқоваси;
  28. Саҳҳофи;
  29. Муҳри;
  30. Китоб соҳиби;
  31. Қўлёзманинг ҳолати;
  32. Биринчи ва охирги саҳифаларининг суратлари каби тафсилотлар эътиборга олинди.

Манбалар хазинасида сақланаётган тарихий ва нодир асарлар нафақат миллий, балки жаҳон илм-фани учун ҳам улкан аҳамиятга эга. Қуйида ана шундай машҳур қўлёзмалардан айримларининг қисқача илмий тавсифи келтирилади.

  1. Инв. №31 рақамда сақланаётган китоб – Маҳмуд ибн Умар Замахшарий Хоразмий (538/1144), “Кашшофу ан ҳақойиқит танзил” асарининг иккинчи жузи. 315 варақ, “Марям” сурасининг биринчи ояти билан бошланиб, “Соффат” сурасининг 144-оятида тугаган. Қоғоз, сиёҳ, хат тури ва кодикологик таҳлил натижалари XIV асрда кўчирилганини тасдиқлайди. Муқоваси картондан, яшил рангли, босма нақшли – турунж ва лолали.
  2. Инв. №428 – мажмуа бўлиб, 269 варақ. Унинг таркибидан:
    • Шамсиддин Муҳаммад Жазарий (1350-1429) – “Ҳиснул ҳасин”[2];
    • Абу Исо Муҳаммад Термизий (824-892)[3]“Шамоилун набавий”[4];
    • Абу Закарийё Яҳё ибн Шарофиддин ибн Муррий ибн Ҳасан Ҳизомий Ҳувроний Нававий (1233-1277) – “Арбаин”[5];
    • Ҳофиз Жалолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий – “Лубобул ҳадис”[6];
    • Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (810-870) – “Аҳодисус сулосиёт”[7];
    • Муаллифи номаълум бўлган “Каъбул ахбор”[8]

каби асарлар ўрин олган.

Китоб Самарқанд қоғозига қора сиёҳ билан насх хатида кўчирилган. Матн ичидаги ҳадисларнинг тартиб рақами ва зарурий деб топилган айрим қайдлар қизил сиёҳда ёзилган. Унинг ҳошиясида изоҳ ва қайдлар ҳам мавжуд. Мажмуадаги 1-“Ҳиснул ҳасин” асарининг колофон қисмида 821/1418 йил жумодус соний ойида кўчирилгани қайд этилган.

Мазкур асарларнинг барчаси бир мажмуада жамлангани ва ҳуснихати, хат тури, ёзиш услуби, қоғоз турининг бир хиллигидан келиб чиқиб, уларнинг барчасини бир хаттот томонидан бир вақтда кўчирилган деб хулоса қилиш мумкин.

  1. Инв. №78 – Убайдуллоҳ ибн Масъуд қаламига мансуб “Мухтасарул виқоя” асарининг туркий таржимаси. Асар 183 варақдан иборат бўлиб, “Китобут таҳора”дан бошланиб, “Китобул хунаса”да тугаган. Унинг 183а-варағида колофон қисми жойлашган бўлиб, 976/1568 йилда хаттот Абдурози ибн Абдураҳмон кўчиргани қайд этилган[9].
  2. Инв. №200 – Абдураҳмон ибн Аҳмад Жомий (1414-1492)нинг “Ал-Фавоидуз Зиёийя би шарҳил Кофия” асари. Жамолиддин Абу Амр Усмон ибн Умар ибн Абу Бакр ибн Ҳожибнинг (ваф. 646/1248) “Кофия” асарига ёзилган шарҳ[10]. Араб тили грамматикасига бағишланган. Масалалар шарҳлар билан кенг ёритиб берилган. Ўрта Осиё мадрасаларида асосий дарслик сифатида фойдаланилган.

Колофон қисми 211а-варақда. Асарни 897 йил 11 рамазон (1492 йил 6 июль) куни кўчирилгани қайд этилган.

Муқоваси шарқона, картондан, малларанг, босма нақшли, лола ва турунжли, лола ичида саҳҳоф номи Абдусаттор деб кўрсатилган.

  1. Инв. №7 – Бурҳонуддин Марғиноний (ваф. 1187)нинг “Ҳидоя” асари. Асар ҳанафий фиқҳи бўйича муҳим илмий аҳамиятга эга бўлгани боис XII асрдан ҳозиргача мадрасаларда асосий дарслик сифатида фойдаланиб келинади. Унга жуда кўплаб шарҳ ва ҳошиялар ёзилган[11]. Мазкур нусха 348 варақдан иборат. Колофон қисмида 1242/1826 йилда хаттот Аҳмад Ҳўжа ибн Баҳодир Ҳўжа Эшон кўчиргани қайд қилинган[12]. Муқоваси картондан, яшил рангли, босма нақшли, турунж ва лолали.
  2. Инв. №68/I – Муҳаммад Юсуф Мунший ибн Хужа Бақо – “Тазкираи Муқимхоний”. Асар Балхнинг Аштархонийлар сулоласидан бўлган ҳокими шаҳзода Абулмузаффар Муқимхонга (1601-1747) бағишлаб ёзилган. Чингизхон ва унинг авлодлари, шунингдек, Шайбонийлар (1500-1601) ва Аштархонийларнинг (1601-1747) ҳукмронлик даври (шажараси) ёритилган. Асар 63 варақдан иборат бўлиб, колофонида 1239/1823 йили пайшанба куни кўчирилгани қайд этилган[13]. Муқоваси қора, босма нақшли, турунжли.
  3. Инв. №456 – Алишер Навоий – “Чаҳор девон” (“Хазойинул маоний”). Асарда Ҳазрат Навоийнинг 335 та ғазали ўрин олган. Девоннинг умумий номи “Хазойинул маоний” (“Маънолар хазинаси”) бўлиб, 4 қисмдан иборат бўлгани учун “Чор (тўрт) девон” деб ҳам аталган. Унда Ҳазратнинг бутун ҳаёти давомидаги кайфияти, дунёқараши, орзу-умидлари ифодалаб берилган. Асар 63 варақдан иборат. Колофон қисми 182а-варақда – 1292/1875 йили Дўсанқишлоқда хаттот Мулла Эрназар ибн Холиқ Халифа кўчиргани қайд этилган. Муқоваси шарқона, кулранг, босма нақшли, турунж ва лолали.
  4. Инв. №545 – Абдураҳмон Жомий – “Нафаҳотул унус мин ҳазоротил қудс”. Асар Алишер Навоийнинг илтимоси билан 1476-1478 йилларда ёзилган. ХVI аср ўрталарига қадар яшаган тасаввуф вакилларини ўрганишда энг ишончли манбалардан ҳисобланади. Унда машҳур шайх ва сўфийларнинг ҳаёти ва илмий фаолияти бобларга ажратилган ҳолда баён қилинган. Асар форсча бўлиб, 373 варақдан иборат. Колофонида унинг 883/1478 йилда кўчирилгани қайд этилган[14].

Марказ илмий ходимлари қолган қўлёзма китобларнинг каталогини тузиш ишларини изчил давом эттирмоқда. Асарларни тарихий ва кодикологик жиҳатдан ўрганиш уларнинг ноёб аҳамиятини янада кенг кўламда очишга хизмат қилади.

Қўлёзма асарларни жилдлаш (саҳҳофлик) санъати Шарқ китобат маданиятининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Айрим машҳур саҳҳофлар ўз маҳорати, услуби ва мактаби билан алоҳида эътиборга сазовор. Китобат маданиятининг усталари бўлган бу фидойи инсонлар меҳнати туфайли қўлёзма асарлар асрлар давомида сақланиб келмоқда. Саҳҳофлик шунчаки ҳунар эмас, балки юксак бадиий санъат ҳам ҳисобланади.

Марказ фондида сақланаётган қўлёзма китобларнинг бир қисмини жилдлаган саҳҳофларнинг фаолияти алоҳида таъкидга лойиқ:

Мирзо Ибодуллоҳ – 16 та, Мулло Қудратуллоҳ – 12 та, Муҳаммад … – 12 та, Мулло Муҳаммад Амин – 11 та, Муҳаммад Юнус – 11 та, Абдуррозиқ – 7 та, Эшонқули (1248/1832) – 7 та, Мулло Абдулаъто – 6 та, Муҳаммад Амин ибн Мулло Муҳаммад – 6 та, Мулло Мирзо Ғаний (1237/1822) – 5 та, Мулло Норхон ибн Муҳаммад – 3 та, Муҳаммад Шариф валади Ҳусайн (1274/1857) – 3 та, қолган саҳҳофлар 1-2 донадан китоб муқовалаган[15].

Бундан XV-XIX асрларда ҳам Ўрта Осиёда китобат ва саҳҳофлик санъати юқори даражада ривожлангани кўриниб турибди.

Қўлёзмалардаги муҳрлар – бу китоб ё ҳужжатнинг эгаси, кутубхонаси, вақф мақоми ё расмий тасдиғини кўрсатувчи муҳим тарихий манбадир. Улар нафақат эгаликни, балки асарнинг тарқалиш тарихи, маданий муҳит ва сиёсий давр ҳақида ҳам қимматли маълумот беради.

Каталогда тавсифи келтирилган қўлёзмаларда 22 та муҳр мавжуд бўлиб, уланинг 13 таси китоб соҳибларига, 9 таси эса китобларни вақф қилинганига оид. Бу муҳрлар орқали китобнинг эгаси, қайси кутубхонага тегишлилиги ва ким томонидан вақф қилингани ҳақида маълумот олиш мумкин.

Тадқиқотчилар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фондида сақланаётган асарлар ҳақидаги маълумотларни manbalar.uz ва bukhari.uz расмий веб-сайтларидан олиши мумкин.

Марказнинг устувор вазифаларидан бири улуғ аллома ва мутафаккирларимиз асарларини, манбалар хазинасида сақланаётган бебаҳо қўлёзмаларни зарар етказмасдан сақлаш, келажак авлодга бус-бутун ҳолида етказиш, илмий тадқиқотда қўллаш тизимини янада такомиллаштиришдан иборат. Шу мақсадда кичик консервация ва реставрация маркази ташкил этилди. Шунингдек, электрон нусхалар тайёрлаш йўлга қўйилган. Ҳозирга қадар 512 жилд китоб (1103 асар)нинг 175 077 варағи сканердан ўтказилди ва уларнинг JPEG ва PDF форматлардаги электрон нусхалари тайёрланди.

Ташқи ишлар вазирлиги кўмаги билан хориждан алломаларимиз қаламига мансуб 34 та асарнинг электрон нусхалари олиб келинди, 3265 та асарнинг электрон нусхалари интернет орқали юклаб олинди ва 130 000 дан зиёд қўлёзманинг электрон нусхалари Миср Араб Республикасининг собиқ муфтийси Али Жума томонидан тақдим этилди.

Бу ишлар натижаси ўлароқ, Марказда қўлёзма асарларнинг салмоқли электрон базаси шаклланди. Умумий ҳисобда ҳозирга қадар Марказ электрон базаси 134 402 дан ортиқ қўлёзма ва тошбосма асарнинг электрон нусхалари билан бойитилди. Айни пайтда улардан самарали ва мақсадли фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида қўлёзма асарлар платформасини яратиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида қўлёзма меросни сақлаш, тадқиқ қилиш ва рақамлаштириш соҳасида илғор амалиёт жорий этилмоқда. Бу нафақат нодир асарларнинг илмий ва маънавий қийматни оширади, балки келажак авлод учун бой ва ишончли маънавий меросни сақлашни таъминлайди.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Қўлёзмалар каталоги. Ғоя муаллифи: Ш. Зиёдов. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2018. –Б. 678-679.
[2] Мажмуа. № inv. MR 428/I. – Б. 1б-78а.
[3] Абу Исо Термизий // Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Имом Бухорий халқаро маркази. – Т.: Маънавият, Мовароуннаҳр. 2010. – Б. 33-50.
[4] Мажмуа. № inv. MR 428/II. – Б. 79б-147а.
[5] Мажмуа. № inv. MR 428/III. – Б. 148б-162а.
[6] Мажмуа. № inv. MR 428/IV. – Б. 163б-178а.
[7] Мажмуа. № inv. MR 428/V. – Б. 180б-184а.
[8] Мажмуа. № inv. MR 428/VI. – Б. 184б-203а.
[9] Убайдуллоҳ ибн Масъуд. Мухтасарул виқоя. № inv. MR 78. Қўлёзма. – Б. 183а
[10] Абдураҳмон ибн Аҳмад Жомий. Ал-Фавоид аз-зиёийя би-шарҳ ал-кофия. 897/1492. – Б. 211а.
[11] Бурҳониддин ал-Марғилоний // Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. – Т.: Имом Бухорий халқаро маркази, Маънавият, Мовароуннаҳр, 2010. – Б. 210-228.
[12] Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя. № inv. MR 7. Қўлёзма. – Б. 348б.
[13] Муҳаммад Юсуф Мунший ибн Хужа Бақо. Тазкираи Муқимхоний. № inv. MR 68/ I. Қўлёзма. – Б. 63б.
[14] Абдураҳмон Жомий. Нафаҳот ал-унус мин ҳазорот ал-қудс. № inv. MR 545. Қўлёзма. – Б. 373б .
[15] Қўлёзмалар каталоги. Ғоя муаллифи: Ш. Зиёдов. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2018. –Б. 679.

Check Also

ҲИЖРАТ ТУШУНЧАСИНИ СОХТАЛАШТИРАЁТГАНЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК

ҲИЖРАТ ЎЗИ НИМА? “Ҳижрат” сўзи луғатда “тарк этмоқ” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, мусулмон одамнинг …