“Маънавий поклик” тушунчаси инсон маънавиятининг юксаклиги, бойлиги, теранлигини тақозо этувчи фазилатлар мажмуини ифодалайди. У инсоннинг балоғатга етганидан умрининг охирига қадар қандай маънавий мезонлар асосида ҳаёт кечиришини белгилайдиган билим, тарбия, тажриба ва тасаввурлардан таркиб топади. Маънавий поклик ҳақида сўз юритишдан аввал маънавиятнинг ўзига қисқача тўхталсак. Арабча “маъно”, “маънолар мажмуи” мазмунидаги бу сўз доим моддий ҳаёт билан ёнма-ён юрадиган, инсон, жамият, халқ ҳаётининг ажралмас қисми бўлган руҳий-ижтимоий ҳодиса, фалсафий-ахлоқий тушунчани англатади.
Ислом динида маънавий поклик – қалб мусаффолиги ибораси билан талқин қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинг! Инсон жасадида бир аъзо бор, у дуруст бўлса, бутун жасад дуруст бўлади. У бузилса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинг! У қалбдир”, деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Қиёмат куни инсоннинг тақдир тарозусида савоб палласини оғирлаштириб турадиган “тош” гўзал хулқ ва холис ният билан бажарилган савобли амаллар бўлади. Бунинг учун аввало қалб покиза бўлиши лозим. Чунки, қалб инсон жисмининг подшоҳи, қолган аъзолар унга тобедир. Қалб соф бўлса, унга эргашган бошқа аъзолар пок бўлади, лекин нопок бўлса, қолган аъзолар нопок амалларни содир этади. Масалан, тилни олайлик: ёлғондан сақланиб, рост сўзлашга одатланиш қалб поклигининг асосларидан бири ҳисобланади. Мусулмон киши ростгўйликда бардавом бўлиш ва ёлғондан тийилиш билан охиратда сиддиқлар ва шаҳидлар даражасига кўтарилади. Ёлғон сўз ва унга яқин амаллар эса, солиҳ амалларни йўққа чиқаради.
Дарҳақиқат, қалб нафақат жисмни ислоҳ қилади, балки бутун жамиятнинг ислоҳоти ҳам айнан унга боғлиқ. Зеро, турмуш фаровонлиги қалб покизалиги билан бевосита боғлиқдир. Инсон қалби қанчалик мусаффо бўлса, у эзгулик, яхшиликка шунчалар кўп интилади. Бундай аъзолари кўп бўлган жамият бахтли, саодатли ҳаёт кечиради.
Қалб поклиги борасида Имом Ғаззолий бундай деган: “Киши зоҳирини нажосатлардан сақлаши, улардан узоқ юриши лозим. Аммо ботиний нажосатлар ҳам борки, улардан сақланиш янада муҳимдир. Чунки, ботиний ифлосликлар, яъни қалб нопоклиги кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига олиб келади. Покликни истовчи қалб гўё бир ошён бўлиб, унга фаришталар қўнади. Гина, ҳасад, ёлғончилик, кибр, ғараз, ғазаб, очкўзлик каби қалб касалликлари эса, уни жирканч махлуққа айлантиради. Бундай маконда фаришталар қандай қилиб ҳам қўним топсин!”
Бинобарин, инсон ўз қалбини бундай иллатлардан, шунингдек, уларга ўхшаш мақтанчоқлик, бахиллик, ҳирс, тама, ғурур, риё, чақимчилик, ёмон ният каби касалликлардан поклаб, уни фаришталар маконига айлантириши, тўғрисўзлик, камтарлик, тавозе, яхши ният ва бошқа гўзал хулқлар билан безамоғи зарур.
Инсоннинг барча қарашлари унинг ақли ва эгаллаган билимлари асосида юзага келади. Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъматларидан бири ақл бўлиб, унинг расо бўлиши учун қалб поклигининг аҳамияти жуда катта. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло яратган илк нарса ақлдир. Аллоҳ таоло унга “кел” деди. Келди. Сўнг “кет” деди. Кетди (яъни, итоат этди). Аллоҳ таоло: “Иззатим ва улуғлигим билан қасамёд қиламанки, Ўзим учун сендан ҳурматлироқ хилқат яратмадим. Сен сабабли оламан, сен сабабли бераман. Сен туфайли мукофотлайман ва сен туфайли жазолайман”, деди”. (Табароний ривояти).
Мусаффо қалб назоратидаги ақл инсонни ёмон ишлардан тўхтатиб туради, эзгу ишларга бошлайди. Шу сабабли “ақл” сўзининг луғавий маъноси боғич бўлиб, у инсонни нопок ҳаракатлардан, ноўрин гап-сўздан тийиб туради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ақл билан иш юритишга даъват қилиб, билмаган масаласида аҳли илмдан ибрат олиш кераклигини уқтиради. Кўплаб оятларида инсон чекадиган ҳасрат-надоматга айни шу ақлни тўғри ишлатмагани сабаб бўлишини таъкидлайди. Шу боис ислом динида ақлга Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъматларидан бири сифатида қаралади. Каломи шарифда энг кўп такрорланган хитоблардан бири мана будир – “шояд ақл юритсангиз”.
Қуръони каримда инсоннинг ақлини ҳимоя қилувчи ҳукмлар муҳим ўрин тутади. Зеро, ақли расо одам яхши-ёмонни ажратади, пок-озода бўлишга ҳаракат қилади. Шундан келиб чиқиб, инсон аввало ақлни ноқис қилувчи барча нопок ҳаракатлардан тийилиши лозим. Ислом таълимоти бу борада илмга таянишни маслаҳат беради. Илм – инсон ақлининг маънавий озуқаси. Илмсизлик эса жаҳолатга етаклайди. Жоҳиллик, ўз навбатида, барча залолат ва нопокликларнинг туб манбаи саналади. Жаҳолатдан нажотни илм бергани учун муқаддас динимизда “бешикдан тобутгача илм олиш” ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади.
Ислом инсондан бир вақтнинг ўзида ҳам маънавий, ҳам моддий покликни талаб қилади. Масалан, бутун борлиқни яратган Раббига ибодат қилиш маънавий поклик бўлса, бу ибодатни озода жисм ва либос билан тоза жойда адо этиш моддий покликдир. Шунингдек, ҳалол йўл билан топилган ризқ, жисмоний эҳтиёжларни ҳалол йўл билан қондириш, бошқаларга ғараз, тама ё бошқа нопок мақсадлар билан эмас, холисона, пок ният билан яхшилик қилиш, хайр-эҳсон, миннат ва риё каби иллатлардан четланиш ҳам покликдир.
Исломнинг беш устунидан ҳар бири чинакам маънавий покланиш рамзидир. Имон – қалбни ширк ва куфр баробарида, ғаламислик ва фосиқликдан, таҳорат, ғусл ва таяммум – жисмни кир, чанг-ғубор ва нажосатдан, намоз – фаҳшу мункар ишлардан, рўза – юракни маъсиятлар ва жисмни исрофдан, закот – мол-мулкни муҳтожлар ҳаққидан, ҳаж ва умра – инсоннинг борлиғини бу дунёнинг ўткинчи ташвишларидан поклайди. Ҳар қандай поклик хайр-баракага сабаб бўлганидек, нопоклик қирғинлар, офатлар, ўлатларга сабаб бўлади. Жисмини, либосини, уйини пок тутган инсон соғлом ҳаёт кечиради. Нияти холис, меҳнати ҳалол кишининг топган-тутганида барака бўлади, эл-юрт орасида ҳурмати ошади, турмуши осуда, ҳаёти мазмунли ўтади.
Жамиятда покликнинг аҳамияти катта бўлиб, у ижтимоий барқарорликнинг асосий шартларидан бири саналади. Айтайлик, коррупцияга қарши иммунитет шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Ҳалоллик ва қонунга итоат маданияти юқори бўлган юртда ҳуқуқбузарликлар камаяди, иқтисодий ўсиш суръати ошади, ижтимоий-сиёсий барқарорлик мустаҳкамланади. Аҳоли манфаатлари поклик асосида таъминланадиган бўлса, ижтимоий норозиликка ўрин қолмайди, инсон қадри юксалади. Бу жамиятнинг умумий самарадорлигини оширади. Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, поклик – бу нафақат шахсий фазилат, балки иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий барқарорликни таъминловчи муҳим омил ҳам ҳисобланади.
Маънавий масъулият жамият қувватидир. Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 11-оятида: “Албатта, то бир қавм (аҳли) ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас”, дея марҳамат қилади. Яъни инсон бир нарсага эришмоқчи бўлса, ўшанга муносиб бўлиши, шунга яраша ҳаракат қилиши лозим. Шундагина Аллоҳ таоло унинг ишини ўнглайди. Халқимизнинг “феълингга яраша” деган гапи ҳам шу хусусда айтилган.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг халқимиз ўзлигини англаш, маънан пок турмуш тарзини тиклаш имкониятига эга бўлди. Миллий-маънавий қадриятларга ҳурмат, халқни – халқ, миллатни – миллат қиладиган юксак фазилатларга қайтиш, ота-боболардан мерос бўлиб келаётган асл урф-одат, фазилат ва эзгу ғояларга таяниб иш кўриш ҳаётимизнинг асосий тамойилларига айланди. Эндиликда ёшлар тарбиясига, таълим соҳасига, турмуш тарзимизда эзгулик ва покликка эътибор кучайди. Дарҳақиқат, мустақил Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган ҳозирги даврда маънавий поклик билан боғлиқ азалий қадриятларимизга садоқат, миллатимиз ғурури ва шаънини тиклаш, халқаро муносабатлар тизимида мамлакат нуфузини янада баланд кўтариш муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгсўз ўрнидаги таъкид шуки, жамиятда юз берадиган ўзгаришлар аввало инсоннинг ички оламини поклашдан бошланиши керак. Шунда натижа кутилганидек бўлади. Қонунлар кишининг ташқи интизомини сақлашга хизмат қилса, инсон ички оламининг поклиги жамият аъзоларини том маънодаги яхшиликка етаклайди. Шу сабабли ҳар бир шахс ўз маънавий масъулиятини ҳис этиши, виждон амри ва йўриғи билан яшаши, сўз ва амалда покликни ҳаёт қоидасига айлантириши лозим. Бу эса, жамият тараққиётининг барқарор ва бардавом бўлишида бирламчи омил ҳисобланади.
Санжарбек ДЖУМАНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





