Халқимизнинг кўп асрлик қадриятлари орасида ҳашар алоҳида ўрин тутади. Бу анъана нафақат атроф-муҳитни ободонлаштириш, балки ўзаро аҳиллик ва бирдамликнинг гўзал аломати ҳамдир.

Мамлакатимизда “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари бошланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига биноан, Наврўз байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш, муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш ҳамда ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида 13-14 март кунлари юртимиз бўйлаб кенг қамровли ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мўлжалланган.

Ушбу хайрли ташаббус доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида умумхалқ ҳашари жўшқин ва байрамона уюшқоқлик билан ташкил этилди. Тадбир давомида Марказ биносининг атрофи ва ички кўкаламзор ҳудудлари янада шинамлаштирилиб, Рамазон ва Наврўз шукуҳига мос тартибга келтирилди. Кўклам тадориги қасдида гулзорлар ва манзарали дарахтлар таги юмшатилди. Шунингдек, санитария ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, яшил майдон бегона ўтлардан тозаланди, ариқ ва зовурлар яна бир кўрикдан ўтказилиб, янгидан тозаланиб, тартибга келтирилди.

Ҳашарда Марказнинг барча ходимлари якдиллик билан иштирок этиб, юртимиз ободлиги ва файзига ўз муносиб ҳиссасини қўшди. Зеро, озодалик ва саранжомлик ҳукм сурган жойда қут-барака, эзгулик ва тараққиёт бўлади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





