Ислом динида намоз имоннинг амалий ифодаси ва диннинг устунидир. Уни тарк қилиш ва бунинг учун такфир қилиш (намоз ўқимаганни кофирга чиқариш) мавзуси уммат орасидаги энг нозик ва ихтилофли масалалардан биридир. Афсуски, баъзилар ҳадисларни ўз қарашларига мослаб, шариат қўйган шарт ва талабларни инобатга олмасдан мусулмонларни кофирга чиқаришга шошилмоқда. Бундай ёндашув Қуръон, ҳадис ва аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид бўлиб, уммат орасида фитна ва адоватлар келтириб чиқаради. Бу борада аҳли сунна вал жамоанинг тутган йўли ўта эҳтиёткорлик ва илмий манҳажга асосланган.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мусулмон билан куфр ўртасида намозни тарк қилиш бордир”, дедилар” (Имом Муслим ривояти). Хавориж тоифалар ушбу ҳадисни далил қилиб олиб, намоз ўқимаган кимсани кофирга чиқаради. Лекин, аҳли сунна вал жамоа уламоларига қулоқ тутадиган бўлсак, асл ҳақиқат бошқача бўлиб чиқади.
Ҳадисларда келган “куфр” сўзини жумҳур уламолар икки қисмга ажратади:
- Куфри акбар (катта куфр): инсонни диндан чиқарадиган, имонни бутунлай йўққа чиқарадиган куфр.
- Куфри асғар (кичик куфр): неъматга ношукрлик ё катта гуноҳ – булар диндан чиқармайдиган куфрдир. “Амалий (амалга оид) куфр” ҳам дейилади.
Мазкур ҳадис ислом фиқҳи ва ақидасида жуда муҳим ўрин тутади. Уламолар уни шарҳлашда бир нечта асосий қарашларни илгари сурган. Бу ерда асосий масала шуки, киши намозни ўзи инкор қилгани учунми ёки эринчоқлиги туфайли тарк этганми? – шунга аниқлик киритиш керак бўлади.
Намозни инкор қилиб тарк этиш
Барча уламолар бир овоздан таъкидлайдики, агар киши намознинг фарзлигини инкор қилиб (яъни, “намоз ўқиш фарз эмас” деб) уни тарк этса, диндан чиққан ҳисобланади. Лекин шу ҳолатда ҳам аввал тушунтириш, огоҳлантириш берилади. Ўшанда ҳам қароридан қайтмаса, кейин ҳукм қилиш мумкин. Чунки у Аллоҳ (азза ва жалла) ва Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг амрини ёлғонга чиқарган бўлади. Бу – очиқ куфр!
Дангасалик қилиб тарк этиш
Агар киши намознинг фарзлигини тан олса, лекин дангасалик ё бепарволик қилиб, уни ўқимаса, уламолар буни қуйидагича шарҳлайди: Бундай киши кофир бўлмайди, балки гуноҳкор бўлади. Улар ҳадисдаги куфр сўзини “неъматга куфр келтириш” каби деб тушунтиради. Кофир эмас, гуноҳкор мусулмон сифатида талқин қилади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтиришни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандаларидан кечирур” (Нисо сураси, 48-оят).
Намозни тарк қилиш ширк ёки катта куфр бўлганида, у кечирилмайдиган гуноҳлар қаторида санаб ўтилган бўлар эди.
Бирор мусулмонни кофирга чиқариш, яъни такфир – исломдаги энг нозик масалалардан бири. Хаворижлар гуноҳ қилган ҳар қандай мусулмонни кофирга чиқариб, қонини ҳалол санаб келган – қатлга ҳукмга қилиб юбораверган. Экстремистик оқимлар бугунги кунда ҳам айнан намоз ўқиш-ўқимаслик масаласидан фойдаланиб, жамиятда фитна чиқаришга уринмоқда.
Ваҳоланки, аҳли сунна эътиқодига кўра, “Аҳли қибладан бирортасини гуноҳ туфайли кофир деб ҳукм қилмаймиз. Модомики ўша гуноҳни ҳалол ҳисобламаса”. “Аҳли қибла” деганда, Муҳаммад алайҳиссалом келтирган асос-ақидага имон келтириб, диннинг тамал ҳукмларини инкор қилмаган кишилар назарда тутилади.
Намоз – банда билан Холиқ ўртасидаги ришта. Бу риштанинг заифлашиши катта мусибат, лекин уни такфир орқали узиб ташлаш ҳуқуқи бандаларга берилмаган. Ҳанафий мазҳабига кўра, намозни дангасалик билан тарк этган киши имонсиз ҳисобланмайди, ҳақиқий илм эгалари одамларни диндан чиқармайди, балки имонга чақиради.
Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





