Home / МАҚОЛА / ҲИЖРАТ ТУШУНЧАСИНИ СОХТАЛАШТИРАЁТГАНЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК

ҲИЖРАТ ТУШУНЧАСИНИ СОХТАЛАШТИРАЁТГАНЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК

ҲИЖРАТ ЎЗИ НИМА?

“Ҳижрат” сўзи луғатда “тарк этмоқ” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, мусулмон одамнинг жони ва динини асраш учун ватанини тарк этиши тушунилади. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асаридаги биринчи ҳадисда бу маъно очиқ ифодаланган.

Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир ва ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган ҳисобланади. Кимнинг ҳижрати молу дунё учун бўлса, унга эришади ёки бирор аёл учун бўлса, унга уйланади. Унинг ҳижрати ҳижрат қилган нарсаси учун бўлади”.

Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат муқаддас исломий тушунчалардан эканини баён этиш билан бирга, Маккадан Мадинага ҳижрат қилган мусулмонларни ҳар бир ишда ниятни яхши қилиш ва Аллоҳнинг ризосини исташ зарур эканига даъват қилганлар.

Аммо Макка фатҳ этилгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга у ердан ҳижрат қилишини ман этганлар. Бу “Саҳиҳул Бухорий”да келган қуйидаги ҳадисда ўз ифодасини топган:

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқдир…”, дедилар.

Мазкур ҳадис Макка фатҳи тўғрисида айтилган бўлса-да, шаҳарнинг фатҳ этилгани ундан ҳижрат қилиш жоиз эмаслигига сабаб бўлгани учун ушбу ҳукм фатҳ этилган барча диёрларга тегишли ҳисобланади. Демак, қайси диёр фатҳ этилган бўлса, ундан ҳижрат қилиш мумкин эмас. Аммо юқорида таъкидланганидек, кофирлар томонидан ишғол қилиниб, мусулмонларнинг жони ва динига хавф туғилган диёрда ҳижрат ҳукми янгидан жорий бўлади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

«Ҳижрат қилувчи хато ва гуноҳлардан узоқлашган кишидир»

(Имом Ибн Можа ривояти, 3934-ҳадис)

Ҳижратдан тўсадиган омиллар унинг соқит бўлишини таъминлайди. Масалан, ҳижрат қилиш учун моддий имконияти бўлмаслик, кексалик ёки балоғатга етмаганлик каби омиллар ҳижратнинг соқит бўлишига сабаб бўлади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло буни қуйидагича баён қилган: “Фаришталар ўзига зулм қилган кимсаларни вафот эттираётганда: “(Дунёда) қандай ҳолда эдингиз?” дейди. Улар: “Биз Ерда кучсиз эдик”, дейди. (Фаришталар:) “Аллоҳнинг Ери кенг эмасмидики, унда ҳижрат қилсангиз?!” дейди. Ана ўшаларнинг жойи дўзахдир. У жуда ҳам ёмон жойдир. Лекин эркак, аёл ва болалардан чорасиз бўлган ва йўл топа олмайдиган заифлари бундан мустаснодир. Аллоҳ уларни афв қилади. Аллоҳ афв қилувчи ва мағфиратли Зотдир”.

Бу оятда Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишга тўсиқ қўйилганини баҳона қилганлар қораланмоқда. Албатта, қайси юртда бундай тўсиқ бўлса, мусулмонобод юртга бориб, эмин-эркин ибодат қилишга интилиш керак. Оятнинг давомида кекса, бемор, аёл ва ёш болага ҳижрат вожиб бўлмаслиги очиқ баён этилган.

Ҳижратдан тўсадиган омиллардан яна бири ота-она бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ёлғиз ташлаб кетишдан қайтарганлар. Имом Бухорий “Адабул муфрад” асарида бундай келтирган:

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

“Бир киши ота-онасини йиғлатиб, ҳижратга аҳду паймон қилиш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг олдига қайтиб боргин-да, қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдир!” дедилар”.

Ота-онани ташлаб кетиш жоиз эмаслиги ҳақидаги ҳадислар жуда кўп бўлиб, баъзиларида ота-онага хизмат қилиш жиҳоддан ҳам афзал экани очиқ ифодаланган. Имом Бухорий “Саҳиҳул Бухорий” асарида “Ота-онасининг изнисиз жиҳод қилмайди” деган алоҳида боб ажратиб, унда қуйидаги ҳадисни келтирган:

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

“Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Жиҳодга чиқаман”, деди. У зот: “Ота-онанг борми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. “Ундай бўлса, уларда жиҳод қил!” дедилар”.

Мазкур ҳадисда ота-онага хизмат қилиш жиҳоддан афзал ва савоблироқ эканига далил бор. У зот “ота-онанг мусулмонми?” деб сўрамадилар. Демак, бу масалада ота-она мусулмон ё кофирлигининг аҳамияти йўқ.

Абу Амр Шайбоний Абдуллоҳ (ибн Масъуд)нинг ҳовлисига ишора қилиб: “Бизга мана шу ҳовлининг эгаси бундай хабар берди”, деди.

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси амал Аллоҳга суюклироқ?” деб сўрадим. У зот: “Вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Ундан кейин қайси?” дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. “Ундан кейин қайси?” дедим. “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш”, дедилар. Абдуллоҳ айтади: “У зот менга шуларни айтдилар. Яна сўрасам, жавоб бераверар эдилар”.

Ҳадисда ота-онага яхшилик қилиш жиҳоддан олдин қўйилганига аҳамият қаратиш лозим.

Давлат раҳбари мусулмонлардан бўлган ва мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилиш имкониятига эга бўлган юртдан камчилик топишга уриниб, одамларни ҳижрат қилишга чақириш фитнанинг айни ўзидир. Чунки бундан ҳижрат эмас, балки ёшларни ҳар хил бузғунчиликларга жалб этиш мақсад қилинган бўлади. Бунга уларнинг гапига алданиб, кўп йиллар бегона юртларда сарсон бўлиб, охир-оқибат Аллоҳнинг марҳамати билан ватанига қайтишга муяссар бўлган шахслар мисолида ишонч ҳосил қилишимиз мумкин.

Ёшлар сохта шайхларнинг ёлғонларига учиб, ота-онасини зор йиғлатиб, бола-чақасини қақшатиб, ташлаб кетиши ислом тамойилларига мутлақо тўғри келмайди.

Аллоҳ таоло: “Раббинг Ўзидан бошқага ибодат қилмаслигингизни ва отаонага яхшилик қилишни ҳукм қилди” (Исро сураси, 23-оят), деган. Бу намоздан кейин энг афзал ва савобли амал ота-онага яхшилик қилиш эканига яққол далилдир. Чунки оятда Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги ўринда ота-онага яхшилик қилиш зикр қилинган.

Адашган тоифалар сирлари фош бўлиб қолишидан қўрқиб, бу каби қатъий далилларни тилга олмайди. Бу уларнинг Китоб ва суннатдан ғаразли мақсадда фойдаланаётганини кўрсатади. Улар ёшларнинг илмсизлигидан фойдаланиб, оят ва ҳадисларни ўзи хоҳлаганча талқин қилмоқда.

Масалан, улардан бири: “Иброҳим алайҳиссалом отаси кофир бўлгани учун уни ташлаб кетган. Сиз ҳам ота-онангизни ташлаб, ҳижрат қилинг!” дейди. Афсуски, эргашганлардан бирортаси: “Иброҳим алайҳиссалом ҳақидаги қиссаларда бундай маъно йўқ. Балки Иброҳим алайҳиссалом отасига жуда меҳрибон бўлган. Бир оятда отаси Озар уни тошбўрон қилиб, ўлдирмоқчи бўлгани ва уйдан ҳайдаб чиқарганидан кейин ноилож уни тарк этгани, аммо шунда ҳам отасига саломатлик тилаб, унинг учун истиғфор айтишини маълум қилгани акс этган бўлса, бошқа оятда Иброҳим алайҳиссалом отасининг кофир ҳолда вафот этганини билгандан кейингина унинг учун истиғфор айтишни тўхтатгани очиқ баён қилинган”, дейишга билими етмайди.

Ёки бирортаси: “Бизнинг ота-онамиз кофир эмас. “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг элчисидир” деган одамни кофир дейишга нима ҳаққингиз бор? Ёки бу тоййиб калимани айтган одам мусулмон ҳисобланиши ҳақидаги ҳадисларни инкор қиласизми?!” дея олмайди.

Шайхлари: “Улар намоз ўқимагани учун кофирдир”, деса, бирортаси: “Уларнинг кўпчилиги намозхон. Баъзилари намоз ўқимаса-да, аммо ўқишни ният қилади. Улар намознинг фарзлигини инкор қилмайди”, деб жавоб беришга ожиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ёшлар адашган тоифаларнинг ташқи қиёфаси ва юзаки гапларига учмасдан ишончли олимларнинг аниқ далилларига қулоқ солмас экан, ҳеч қачон залолат ботқоғидан чиқа олмайди. Улар мусулмонлар жамиятига зарар етказишда давом этаверади. Савобга эришиш ўрнига гуноҳга ботади. Ёшларнинг кўр-кўрона бировга эргашганидан кўра, илм талаб қилиши мақсадга мувофиқдир. Илм талаб қилишда ишончли олимларни излаб топиш зарур. Биров шайхлик либосини кийиб, Қуръон ва ҳадисдан гапирса, дарров ишониб қолмаслиги, унинг ким экани ва кимдан таълим олганига эътибор бериши керак.

Қуръон оятлари ва ҳадисларни луғавий таржима қилишдан нарига ўта олмаган инсон бу икки муқаддас манба моҳиятини қайдан билсин?! Бундай шахслар ўз нафсига қул бўлиши аниқ. Улар оят ва ҳадисларни хоҳлаганча талқин қилаверади. Бу эса, исломга хиёнатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръонни ўз раъйи билан тафсир қилса, дўзахдан ўрнини ҳозирлайверсин”, деганлар. Инсон Қуръонни ўз фикрига суяниб тафсир қилмаслиги лозим ва бунинг учун Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби муфассир саҳобалар ва улардан кейинги тобеин ва табаа тобеинлар тафсирларига мурожаат қилиши керак.

Улар: “Биз Қуръон ва ҳадисга амал қиламиз”, деб даъво қилади. Уларга: “Келинглар, Қуръон ва ҳадисга мўътамад тафсирлар орқали амал қиламиз”, дейилса, улар: “Йўқ, биз зоҳирига кўра амал қиламиз”, деб, яна ўша луғавий таржимани устун қўяди. Ҳолбуки, ҳар ким араб тилини ўрганиб олиб, Қуръон ва ҳадисни ўзича таржима қилишга уринса, мазмунини тушунишда хатога йўл қўяди. Бу эса, исломга кўплаб уйдирмалар кириб қолишига сабаб бўлади.

Шариат илмида етук бўлмаган шахс бирор фатво берса, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёматга яқин одамлар ўзларига жоҳил кимсаларни бошлиқ қилиб олади. Улар илмсиз равишда фатво бериб, ўзлари ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг фатво беришга журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир”, деганлар. Демак, бирор масалани яхши ўрганмай туриб, шошқалоқлик билан фатво бериш инсоннинг дўзахга тушишига сабабчи бўлар экан.

Ушбу далиллар Қуръон ва ҳадисларни луғавий таржима қилиш билан фатво бериб бўлмаслигини англатади. Имом Аҳмаддан: “Юз минг ҳадисни ёд олган киши фатво берса бўладими?” деб сўралганда, “Йўқ”, деб жавоб берган. Икки юз минг ҳадисни-чи?” дейилганда ҳам, уч юз минг ҳадисни-чи? дейилганда ҳам рад этаверган. Тўрт юз минг ҳадисни ёд олган одам фатво берса бўладими?” дейилганда, “Ҳа”, деб жавоб берган.

Имом Аҳмаднинг сўзларига кўра, сохта шайхларнинг фатво курсисига ўтириши мутлақо жоиз эмас. Чунки уларнинг бирортаси тўрт юз минг ҳадисни ёд олмаган.

Обид ХУРСАНДОВ

Check Also

БАҲОУДДИН НАҚШБАНД РУБОИЙЛАРИДА ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ МАСАЛАСИ

Инсон камолотининг асосий мезонларидан бири – унинг ўзлигини англашидир. Делфадаги Апполон ибодатхонаси деворларига ўйиб ёзилган …