Home / МАҚОЛАЛАР / ЎРТА АСР АДАБИЁТИДА ИСЛОМ ТАРИХИ МАВЗУСИ ТАҲЛИЛИ

ЎРТА АСР АДАБИЁТИДА ИСЛОМ ТАРИХИ МАВЗУСИ ТАҲЛИЛИ

Исломнинг Арабистон яриморолидан ташқарига тарқалиши натижасида унинг тарихи ва моҳиятини аниқ ёритиб беришга бўлган ҳаракат кучайди. Муаллифларнинг у ёки бу диний оқимга мансублиги, унинг аҳоли қатламидаги мавқейи муҳим ўрин тутди. Ислом динининг тарқалиши билан замондош бўлган муаллифларнинг асарларида ўша даврнинг ўзига хос жиҳатлари акс этди. Жумладан, шиалик ва хорижийликнинг кучайиши, Аббосийлар давридаги миҳна воқеалари, исломдаги ғоявий бўлинишлар асарларнинг асосий мавзусига айланди. Ушбу кайфият ислом тарихи бўйича таълиф этилган асарларда ҳам ўз аксини топди. Шунинг учун бўлса керак, Ўрта асрларда битилган тарихий асарларда кескин кайфият сезилиб туради.

Шу билан бирга, ислом тарихи ёки шахслар тарихи билан боғлиқ асарлар кўпайсада, уларнинг объективлиги шубҳа остида қолди. Султонлар, қозилар ва шу каби зодагонларнинг буюртмалари билан ёки уларга тилёғламалик қилиш мақсадида ҳам китоблар ёзила бошлади. Шундай экан, келгуси тадқиқотлар учун Ўрта аср муаллифлари ва уларнинг асарларини ҳамда уларнинг қайси диний, сиёсий ва мафкуравий рағбат ёки тазйиқлар остида ёзилганини билиш муҳимдир.

Тадқиқотга жалб этилган адабиётларни таҳлил этишда асарларнинг ҳаққонийлиги, муаллифларнинг диний-сиёсий дунёқарашига алоҳида эътибор қаратилиб, таснифлаб чиқилди. Тадқиқотга жалб этилган адабиётларнинг аксариятини тарихий асарлар ташкил этади. Шундай асар муаллифларидан бири Халифа ибн Хайёт (160/777-240/855) бўлиб, унинг «Тарих» ва «Табақот» номли асарлари бизгача етиб келган. Унинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида маълумотлар етарли эмас. У Ироқнинг Басра шаҳрида туғилиб, шу ерда ижод қилган. Маълумки, Басра ҳижрий ИИИ асрда исломнинг илм-фан ва маданият маркази бўлиб, у ерда хусусан, араб тили, ҳадис, сийра ва тарих каби соҳалар мукаммал ўрганилган. Шу боис у Басрадан бошқа жойга кўчиб ўтмаган. Хатиб Бағдодийнинг «Тарих» асарида Ибн Хайётнинг исми зикр қилинмаганига қараганда у Бағдодда яшамаган. Унинг илмий биографияси анча бой бўлиб, илм билан шуғулланувчи оилада катта бўлган. Унинг бобоси Имом Бухорийнинг ишончли ҳадис ровийлари рўйхатидан ўрин олган. У Язид ибн Зариʼ (ваф.182/798) каби уламолардан таълим олган. Халифа ибн Хайётнинг ўзи ҳам ҳадислар ривоят қилган ва уларнинг еттитаси Имом Бухорийнинг ҳадислар тўпламига киритилган. Агар Имом Бухорий Халифа ибн Хайёт ривоят қилган ҳадисларни ўз асарига киритган экан, демак, у тақдим этган маълумотларнинг ишончлилик даражаси юқорилигига шубҳа йўқ.

Халифа ибн Хайёт «Тарих» асарида ўзигача етиб келган манбалардан унумли фойдаланган ва уни ёзишда маълумотларни алоҳида тартиблаш тамойилига амал қилган. Бундай ёндашув аввалги муаллифлар ишларида учрамайди. У асарда урушларда вафот этган шахслар рўйхатини келтиради ва тарихий жой номларини батафсил таснифлайди. Шунингдек, ҳижрий йил ҳисоби бўйича хронологик кетма-кетлик тартибида воқеа-ҳодисаларни очиб беради. Халифалар даврида «омил», «волий», «қози» каби лавозимларда фаолият юритган амалдорлар ҳақидаги маълумотлар тузиб чиқилган. Муаллиф «шурта» бошлиқлари, «байтул мол», «девон» соҳиблари ва бошқа давлат бошқаруви билан боғлиқ хизматчилар тарихи билан алоҳида шуғулланган.

«Тарих» асари ислом давлатчилиги ва унинг молия тизимини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. У икки қисмдан иборат бўлиб, биринчиси ҳижратнинг биринчи йилидан бошлаб, Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг вафоти, волийлар ва котиблар ҳақидаги маълумотлар билан тугаллаган. Иккинчи қисми эса Хулафои Рошидин даври билан бошланиб, 232/847 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Халифа ибн Хайёт асарнинг сийра қисмини ёзишда Ибн Исъҳоқ томонидан келтирилган маълумотлардан кенг фойдаланган.

Асарнинг тўлиқ матни 1966 йилда илмий жамоатчиликка маълум бўлган. У Мағрибдаги Работ қўлёзмалар хазинасида 199-рақам остида сақланган ва ушбу нусха Акром Зиё Умарий томонидан тадқиқ этилиб, 1967 йилда нашр қилинган [23: 26]. Халифа ибн Хайётнинг «Табақот» асари ҳам юқорида тилга олинган олимнинг саъй-ҳаракатлари билан нашрга тайёрлаган [23:464]. Мазкур асар бизгача етиб келган табақотларнинг энг қадимгиси бўлиб, унга 3375 нафар эркак ҳамда аёл саҳобалар, тобеин ва табаа тобеинлар ҳақидаги маълумотлар киритилган. Улар минтақалар бўйича тартиблангани боис саҳобаларнинг баъзилари ҳақидаги хабарларнинг такрорланганини кўриш мумкин. Китоб сўнгида аёл саҳоба ва тобеинларга бағишлаб алоҳида боб ажратилган. Халифа ибн Хайётнинг «Табақот» асари Ибн Саъднинг табақотида келтирилган маълумотлар билан солиштирилганда, баъзи ўринларда маълумотлар бир-бирига зид келишини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Кўриб чиқилаётган даврларга оид тарихий асарлар ёзган муаллифлардан яна бири Умар ибн Шабба Нумайрий (173/790-262/877) бўлиб, у сийра ва ислом тарихида ўз ўрнига эга бўлган шахслар тарихини пухта ўрганган олим эди. Умар ибн Шабба Нумайрий кўп асарлар яратган, аммо бизгача унинг «Тарихул Мадина» (تاريخ المدينة) – «Мадина шаҳри тарихи» асари етиб келган, холос. Муаллифнинг ушбу асари марказлашган араб-мусулмон давлатининг илк пойтахти бўлган Мадина шаҳри тарихини изчил ўрганишга ёрдам беради. Асарда Хулафои Рошидин даври, Мадина шаҳрининг меъморий тузилиши, қурилиш тартиби, маъмурий бошқаруви ҳақида қимматли маълумотлар келтирилади. Муаллиф томонидан маълумотлар синчиклаб текширилгани боис, ундан олдинги манбалардан келтирилган ривоятлар ҳасан ва саҳиҳ даражасига кўтарилган. Шу билан бирга, у ўзи гувоҳ бўлган маълумотларни алоҳида ривоят қилган.

Ибн Шабба «Тарихул Мадина» асарида Хулафои рошидин даври тарихини ҳам баён этган ва унинг давомини «Тарихул Басра» (تاريخ البصرة) – «Басра шаҳри тарихи» номли китобига киритган. Лекин мазкур асар бизгача етиб келмаган. Аммо Ҳажар Асқалоний (773/1372-852/1449) «Фатҳул борий шарҳ Саҳиҳи Бухорий» (فتح الباري شرح صحيح البخاري) – «Саҳиҳи Бухорийга Фатҳул борий номли шарҳ» номли асарида «Жамал» воқеасига оид баъзи маълумотларни «Тарихул Басра»га асосланиб келтирган [2:54-55]. Унинг асарларида берилган маълумотларни таҳлил этиш жараёнида шуни англаш мумкинки, муаллиф тарихий жараённи ёритиш билан бирга, қадимги архитектура ва ислом давлатида янги шаҳарларнинг пайдо бўлиши, унда чет мамлакатларда мавжуд шаҳар қурилиши амалиёти билан солиштиришни мақсад қилган кўринади. Муаллифнинг ушбу асарларидаги маълумотлар ишончли бўлишига қарамасдан, замонавий тадқиқотларда уларга иқтибослар кам учрайди. Айнан Ибн Шабба ёритган давр билан комплекс шуғулланган олимлардан бири О.Г.Болшаков ҳам ўз тадқиқотида ушбу муаллифга деярли мурожаат қилмаганини кўриш мумкин. Буни бизнинг фикримизча, «Тарихул Мадина» асарини бошқа манбаларга нисбатан кеч нашр этилгани билан изоҳлаш мақсадга мувофиқ.

Юқорида айтиб ўтилганидек, тарихий маълумотларнинг ҳаққонийлиги, аввало, муаллифнинг воқеа-ҳодисаларга холис ёндашуви ва уларни ўз кўзи билан кўргани билан белгиланади. Мана шундай муаллифлардан бири тарихчи, географ ва саёҳатчи Аҳмад ибн Исъҳоқ Яъқубий (ваф. 284/905)дир. У Бағдодда туғилган ва шиалик оқимининг имомийлик мазҳаби вакили бўлган. Оиласи келиб чиқиши жиҳатдан маволийлар, яъни исломни қабул қилган ажам халқларидан эди. Исъҳоқ Яъқубий Аббосийлар даврида девонхона котиби лавозимида ишлаган. Шу боис у расман Арманистон, Хуросон, Мисрда хизмат сафарларида бўлган ва сафар мобайнида ушбу минтақаларнинг географияси ҳамда тарихини ўрганган. Натижада, «Китобут тарих» (كتاب التاريخ) – «Тарих китоби» ва «Китобул булдон» (كتاب البلدان) – «Мамлакатлар ҳақида китоб» асарлари юзага келган [6:12]. У «Китобут тарих» асарининг муқаддима қисмида инсоннинг яратилиши, Пайғамбарлар, исломдан олдинги мамлакатлар ва халқлар тарихига тўхталиб ўтади. Асарнинг кейинги қисми исломдан олдинги жоҳилият даврига, иккинчи қисми эса халифалик тарихига бағишланган. У Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг туғилиши ҳақидаги ҳикоя билан бошланиб, ИХ асрнинг охиригача бўлган воқеаларни ўз ичига олади. Мазкур қисмда фойдаланган манбалар рўйхати алоҳида шаклда келтирилган. Манбалар 11 нафар ахборий тарихчи ва 2 нафар мунажжимларга тегишлидир. Бундан кўринадики, Исъҳоқ Яъқубий ўша даврда кенг тарқалган мунажжимлик (астрология) илмига ҳам қизиққан ва уни ўрганган. У асарда ҳар бир халифанинг сайланиш санасини буржлар билан солиштириб беради. Ушбу маълумотлар манбадаги йилнома саналарини бир томондан ишончлилигига, иккинчи томондан муаллифни яхшигина мунажжим бўлганига ишора қилади.

Асарда ВИИ асрнинг биринчи ярмида Эронга уюштирилган юришлар тарихи дастлабки тўртта халифаларга бағишланган бобларида баён этилган. Ҳар бир бобда алоҳида-алоҳида халифаларнинг ички сиёсий фаолияти ва юришлари ҳақида қисқа маълумотлар берилган. Шу билан бирга, забт этилган ҳудудлар аҳолиси томонидан тўланган харож солиғи миқдори ҳам кўрсатилган. Асар халифалар вафоти, уларнинг ўринбосарлари рўйхати ва бошқа нуфузли қабиладошлари ҳақидаги ҳикоя билан якунланади. Яъқубий баъзи маълумотларни қисқа баён қилади ва натижада айрим чалкашликлар келиб чиқади. Шунинг учун, у таълиф этган маълумотларни бирламчи манбаларга солиштириш, ровийлар ривоятларини ҳақиқатга мос келишини текшириш ва асарни танқидий нуқтаи назардан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Юқорида таъкидланганидек, Яъқубий ўз маълумотларини шиалик ғоялари нуқтаи назаридан талқин этади. Буни Абу Бакр, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффонларнинг исми-шарифлари келтирилгандан кейин «Розияллоҳу анҳу» (Аллоҳ ундан рози бўлсин) қўшимчасини қўлламаганидан ҳам билса бўлади.

Мусулмон истилолари акс эттирилган маълумотларга муаллифнинг шиа мазҳабига мансублиги таъсир этмаган. У ҳарбий воқеаларни қаҳрамонлар ўртасида рўй берган яккама-якка курашларга батафсил тўхталмаган ҳолда, қисқа шаклда баён қилади. Муаллиф айрим ўринларда мусулмонларнинг маҳаллий аҳоли билан тузган битимлари, халифа ўринбосарларининг ҳудудлардаги маъмурий-хўжалик фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтади. Яъқубий хабарларининг ишончлилик даражаси бўйича хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, унинг ақидавий, халифалик, имомат, шиалик ва суннийлик ўртасидаги кескин қарашлар борасидаги маълумотларидан фойдаланишда эҳтиёткорлик зарур бўлади. Аммо ҳудудлардаги аҳолининг ҳаёт тарзи, мулозимларнинг хизмат вазифалари каби тарихий воқеалар ўзининг ҳаққонийлиги билан ажралиб туради.

Ислом тарихини тўлақонли тадқиқ этишда Абу Жаъфар Табарий (224/839-310/923)нинг «Тарих» номли асарисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аллома Табаристон пойтахти Омул шаҳрида форсий оилада таваллуд топган. У илм излаб Рай, Бағдод, Куфа, Басра, Фустот шаҳарларига борган. У тарих, тафсир, фиқҳ ва ҳадис илмлари билимдони бўлган. У муфассирлар имоми мартабасини олган. Ёшлигида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (163/780-241/855)дан илм олиш мақсадида Бағдодга боради, лекин Имом вафот этган эди [26:791]. Аллома Бағдодда ҳанбалийлар билан кўп маротаба тортишади. Унинг тарафдорлари ҳанбалийларни душмани сифатида кўрар эди [29:50]. Икки тарафнинг душманлиги шу даражага етиб бордики, Табарий тарафдорлари аллома жанозасида тўполон қилишларидан қўрқиб унинг дафн маросимини тунда ўтказган.

Бундай келишмовчиликлар замирида Табарийнинг ўзи мазҳаб асосчиси бўлганидир. У аввалига шофеий мазҳабига эргашган ва кейинчалик «Жаририй» мазҳабига асос солган. Унинг мазҳаби шофеийликдан бироз фарқ қилган. Жаририй мазҳаби унинг вафотидан кейин икки аср давом этди, холос. Аллома ҳаёти давомида 20 дан ортиқ асар ёзди. «Тафсири Табарий» номи билан шуҳрат қозонган «Жомеул баён фий таъвилил Қуръон» (جامع البيان في تفسير القرآن) – «Қуръон тафсири бўйича кенг қамровли баён» асари тадқиқотчилар наздида тафсир йўналишида ёзилган илк мукаммал манбадир. Тўғри, асарда саҳиҳ ёки заифлик жиҳатидан турли даражадаги ҳадислар ва ҳатто исроилиёт ривоятлари кўп учрайди. Аммо шундай бўлсада, ушбу тафсир жуда ҳам фойдали маълумотларга эга. Аллома Қуръони карим оятлари тафсирини баён этишда содда, равон жумлалардан фойдаланганки, уни ўқиган инсон ҳам Қуръон маъноларини тушунади, ҳам араб тилининг жозибасидан баҳраманд бўлади.

Унинг пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихига бағишланган «Тарих» номли асари машҳур [9/1:2]. Асар «Тарихут Табарий» (تاريخ الطبري) – «Табарий тарихи» ёки «Тарихул умам вал мулук» (تاريخ الأمم والملوك) – «Халқлар ва подшоҳлар тарихи» ёки «Тарихур русул вал мулук» (تاريخ الرسل والملوك) – «Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи» тарзида талқин этилади. Олимнинг ушбу икки асари ўз соҳаларининг энциклопедияси мақомини олган. Ф.Сезгиннинг ёзишича, «Табарий мусулмон олами илм фанининг йирик намояндаларидан. Олим икки монументал асари орқали дунёга танилди» [30:323]. Муҳаммад Абул Фадл Иброҳим Табарийнинг тарихини тадқиқ этар экан, аллома ҳақида қуйидаги фикрларни билдиради: «У Қуръондан бошқасини билмайдиган қорига, ҳадисдан бошқа нарсани билмайдиган муҳаддисга, фиқҳдан бошқа нарсани билмайдиган фақиҳга, араб тилидан бошқасини билмайдиган наҳвийга (грамматик) ўхшайди. У ўзининг чуқур илми ва зукколиги туфайли икки оёқда юрадиган университет даражасигача етди».

Табарий ўз асарини ёзишда бир қанча ўзидан олдин ўтган тарихчилар асарларидан унумли фойдаланган. Жумладан, Сайф ибн Тамимий, Абу Михнаф, Мадоиний, Ибн Шабба, Воқидий, Наср Ибн Мазоҳим, Абу Маъшар Синадий, Ибн Исъҳоқ ва бошқа бир қатор тарихчиларни санаш мумкин. Шу билан бирга, Табарий асарларининг компилятивлигига урғу бериш муаллифнинг манбага ижодий ёндашишини аҳамиятли даражада йўқотади. ХХ асрда Н.А.Медников ва Ю.Велхаузен тадқиқотлари туфайли Табарий ўз манбаларидан оригинал фойдалангани маълум бўлди. У ўз «Тарих»ида ўзи энг ишончли деб ҳисоблаган муаллиф ёки муаллифлар гуруҳини ажратган, Н.А.Медников, таъкидлаганидек, «ўзи учун раҳбар танлаган». Табарий гоҳ Муҳаммад ибн Саидни, гоҳ Ибн Саъдни, гоҳ Воқидийни, гоҳ Сайф ибн Умарни танлайди. Ўз нуқтаи назарида ишончли деб ҳисоблаган воқеа нақлини Табарий аксарият ҳолларда ҳикоя бошида келтиради, кейин эса якуний хулоса қилмасдан бошқа нақлларни баён қилади. «Тарихи Табарий» асарининг бизгача етиб келган қисми, яъни дунёнинг яратилишидан 302/914-15 йилларгача бўлган давр воқеалари Голланд шарқшуноси де Гуе томонидан 1901 йилда голланд тилига таржима қилиниб, чоп этилади [14:4]. Кейинчалик, 1960-1969 йилларда мазкур тадқиқот асосида Муҳаммад Абул Фадл Иброҳим 11 жуздан иборат арабча тўлдирилган нашрини тайёрлайди ва уни Қоҳирада нашр қилдиради.

Х аср иккинчи ярмида яшаб ижод қилган, Сомонийлар сулоласидан бўлган Мансур ибн Нуҳ (ваф.365/976) (ҳукм.350/961-365/976) вазири Абу Муҳаммад ибн Муҳаммад Балъамий (ваф.365/975) Табарийнинг тарихини қисқартириб, форс тилига таржима қилди. Форс тилидаги «Тарихи Табарий» асари Яқин ва Ўрта шарқда машҳур бўлди ва бошқа шарқ тилларига таржима қилинди. Тадқиқотчи И.А.Колесниковнинг фикрича, Балъамий таржимасининг танқидий матни бизгача етиб келмаган [25:28]. Асарнинг рус тилига сайланма таржимаси В.И.Беляев, О.Г.Болшаков ва Б.З.Халидов томонидан амалга оширилган. Унда асарга собиқ Иттифоқ халқлари тарихини ўрганишда манба сифатида қаралган [22:44].

ИХ аср иккинчи ярми – Х аср биринчи чорагида яшаб ўтган машҳур тарихчи олим Табарий қаламига мансуб бу асарнинг аҳамияти мусулмон дунёси тарихининг биринчи уч асрини ўрганишда ўрни беқиёс. Шу боисдан, Ўрта аср муаллифлари унинг асарига манба сифатида кўп маротаба мурожаат қилган. Табарийга таниш бўлган воқеаларнинг ҳамма нақлини сақлаб қолган асар, ахборотнинг оғзаки етказиш анъаналарининг турлари ҳақида тасаввур қилиш имкониятини беради.

Али ибн Ҳусайн ибн Али Масъудий (283/896-346/957 й.) тарихчи, географ, саёҳатчи. У ўзининг ёшлик чоғларини тарихий ва географик маълумотларни тўплаш билан ўтказди. Унинг насаби саҳоба ибн Масъуд  (-8/594-32/650)га бориб тақалади. У Шом, Миср, Эрон, Ҳиндистон, Сейлон, Мадагаскар, Озарбайжон, Занзибар, Мовароуннаҳр ва ҳатто Хитойга илмий сафар қилган. У асосан Антокия, Дамашқ ва Фустотда яшаган ва Мисрда вафот этган. Тарихчи Заҳабийнинг маълумотига кўра, Али Масъудий мўътазилий мазҳаби вакили бўлган [10:569]. Ушбу маълумотни Асқалоний ҳам тасдиқлайди ва «Унинг асарларида мўътазилийлик унсурлари сезилиб турар эди», деб таъкидлайди [2:65]. Бошқа тадқиқотчиларнинг фикрига кўра эса, у келтирган маълумотларда шиа оқимини қўллаб-қувватловчи фикрлар аниқ сезилиб туради [8:74].

Шундай бўлсада, Али Масъудий Илк ўрта асрларнинг энг йирик тарихчиси ва географи сифатида тан олинади. Унинг ёзган асарлари сони ўттиз олтитани ташкил этиб, ҳозирги кунгача иккитаси, яъни «Муружуз заҳаб ва мадоинул жавҳар» (مروج الذهب ومعادن الجوهر) – «Олтин конлари ва жавоҳир маъданлар» ва «Ат-Танбиҳ вал ишроф» (التنبيه والإشراف) – «Огоҳлантириш ва назорат» номли асарлари етиб келган. Заҳабийнинг таъкидлашича, Али Масъудийнинг «Муружуз заҳаб» асарининг ўзи 30 жилддан иборат бўлиб, Хулафои рошидун даврини акс эттиради. Лекин асарнинг фақатгина бир жилди сақланиб қолган. Ибн Халдуннинг фикрига кўра, Али Масъудий тарихчиларнинг суянчиғи ва йўлбошчисига айланган. Француз тарихчилари эса, уни «Араб Геродоти» деб атайди [27:18]. Айниқса, «Муружуз заҳаб» асарини британиялик шарқшунос олим Х.А.Гибб юксак баҳолаб, «араб тилида бундан аҳамиятли асар» Ўрта асрларда яратилмаганини эътироф этади [15:59]. Аслида, тарихнавислик Али Масъудий яшаган Аббосийлар давридаги интеллектуал фаолиятнинг асосий йўналишларидан бири эди. Ҳақиқатан ҳам унинг ёзган асарлари муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ушбу асар Муҳаммад (с.а.в.)дан халифа Мутиʼ Лиллаҳ (334/946-364/975) давригача бўлган ислом тарихини ўз ичига олган. Асарда ҳар бир халифа учун алоҳида боб ажратилган ва Умавийлар ҳамда Аббосийлар сулоласи вакиллари алоҳида берилган. Асарда маълум бир раҳбарнинг ҳаёти ва фаолияти ёритилган. Уларнинг бошқарув йиллари муаллифнинг яшаган даврига тўғри келгани боис, айнан Аббосийлар тўғрисида келтирилган маълумотларни ишончли деб ҳисоблаш мумкин. Муаллиф вафотига қадар бўлган Аббосийлар даври (131/749-335/947)ни асарда қамраб олишга ҳаракат қилган.

Муҳаммад ибн Абдус Жаҳшиёрий (ваф.331/942) Куфа шаҳрида туғилган ва Аббосийлар сулоласи даврида турли лавозимларда фаолият юритган. У 300/913-304/917 йилларда отасининг ўрнига «Ҳожиб» лавозимига тайинланган. 918 йилда эса вазир Али ибн Исонинг «ҳарас» хос соқчиси, кейинчалик Ҳамид ибн Аббос (305/918-311/923)нинг ҳожиби каби лавозимларни бажарган [24:219]. У Бағдодда яшаб, шу ерда вафот этган. Жаҳшиёрийнинг «Ал-Вузаро вал куттоб» (الوزراء والكتّاب) – «Вазирлар девонхона котиблари» деб номланган асари маълум бўлиб, у 295/908 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Асарда халифалик мансабдорлари улуғланади ва уларнинг рақиблари танқид остига олинади. Хусусан, Аббосий халифаларнинг вазирлари бўлган Бармакийлар сулоласи вакиллари асарда алоҳида мақтов сўзлар билан тилга олинади. Асардаги бундай ёндашув тадқиқотчи Х.Кеннедийнинг сўзлари билан айтганда, Жаҳшиёрийни «Аббосийлар саройида урчиган сиёсий ўйинлар қурбонига айлангани»дан дарак беради [24:219]. Лекин асар орқали илк ислом ва халифалик даврида фаолият юритган мансабдор шахслар ҳамда котиблар ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Жалолиддин Абул Фадл Абдураҳмон Суютий (845/1445-911/1505) Мисрда туғилиб ўсган. У шофеийлик мазҳаби фиқҳшунос олимларидан бири бўлиб, имом, муфассир, тарихчи, адабиётшунос эди. Отаси беш ёшлигида вафот этган. Маълумотларга кўра, онаси ўзларининг шахсий кутубхонасидан отасига китоб олиб келаётган вақтда тўлғоқ тутиб, китоблар орасида туғилгани боис, унга «Ибнул кутуб» (ابن الكتب) – «Китоблар боласи» кунияси берилган [12/3:301]. Аллома Мамлуклар даврида яшаган ва ўзининг кескин қарашлари билан уларни сергаклантириб турган. У султонлар билан учрашганда ўзини илм кишиси сифатида тутар, суҳбатда эса уларнинг хулқ-атворини танқид қилар эди. Манбаларда келтирилишича, мамлук султони Ашроф Қайтбой (ҳукм. 872/1468-901/1496)га узун салла кийгани учун танбеҳ берган. Султон Туманбой (ҳукм. 922/1516-923/1517) алломанинг жонига қасд қилишга ҳаракат қилган. Шу боис, Абдураҳмон Суютий султон тахтдан ағдарилгунча қочқинликда юрган [1:109].

Абдураҳмон Суютий кўп ҳолларда султонларнинг у билан учрашиш учун билдирилган таклифларини рад этган ва улар берган қимматбаҳо совғаларни қайтариб юборган. У ўз вақтини илмга бағишлашга ҳаракат қилган ва дунё ишларидан юз ўгирган. Алломанинг аксарият асарлари ҳаётлигидаёқ Ғарб ва Шарқда машҳур бўлган. У асарларни фавқулодда тез ва сифатли ёзиш иқтидорига эга эди. Абдураҳмон Суютийнинг шогирдларидан бири бўлган Ибн Ийёснинг таъкидлашича, унинг ёзган асарлари 600 дан зиёд бўлган. Мазкур асарлар тафсир, фиқҳ, ҳадис, усул, наҳв, балоғат, тарих, табақот, тасаввуф ва адабиёт илмларини қамраб олган [1:109].  Улар орасида «Тафсир Жалолайн» (تفسير الجلالين) – «Жалолайн тафсири» ва «Ал-Итқон фий улумил Қуръон» (الإتقان في علوم القرآن) – «Қуръон илмларида моҳирлик» асари машҳурдир. Алломанинг «Тарихул хулафо» (تاريخ الخلفاء) – «Халифалар тарихи» деб номланган йирик асари халифалар тарихига бағишлаб ёзилган.

Асарда халифалик институтининг пайдо бўлиши, у билан боғлиқ ҳадислардан далиллар, Рошид халифалар, Умавийлар ва Аббосийлар сулоласидан бўлган давлат раҳбарлари ҳақида батафсил маълумот берилган. Шунингдек, ўз даврида халифаликдан мустақил бўлган Андалусия, Табаристон ва Шимолий Африка давлатлари ҳақида ҳам маълумот келтирилган. Муаллиф ҳар бир халифанинг таржимайи ҳоли, бошқарув йиллари, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий жараёнларда содир бўлган воқеа-ҳодисаларга тўхталиб ўтади. Асарда Пайғамбар (с.а.в.) даври, халифаликнинг пайдо бўлиши, халифалар асосан Қурайш қабиласидан тайинланиши ва бу қабиланинг раҳбарлик ҳуқуқлари, халифаликнинг муддати, Умавийлар ва Аббосийлар ҳақида маълумотлар берилади. Суютий ушбу асарини ёзишда Заҳабий [10:1], Ибн Касир [20:10], Истахрий [3:9], Асқалоний [2:14], Хатиб Бағдодий [5:6], Ибн Асокир [19:20], Савлийлар [7:16] асарларидан унумли фойдаланган.

Абул Ҳасан Мовардий (364/974-450/1058) таниқли мусулмон мутафаккири ва шофеийлик мазҳаби етакчиларидан. У Ироқнинг Басра шаҳрида туғилган. У араб тилининг нозик жиҳатларигача билар эди. Бағдодда ҳадис ва Қуръони карим тафсиридан дарс берган. Энг кўп халифалик қилган Аббосий халифалар Қодир Биллоҳ (335/947-422/1031) (ҳукм.381/992-422/1031), Қоим Биамриллоҳ (422/1001-467/1075) (ҳукм. 422/1031-467/1075) даврида «қози ул-қузот» – бош қози ва элчилик лавозимларини эгаллаган. Мовардий ҳақида баъзи тарихчилар унинг халифа саройида эгаллаган мавқейи туфайли унинг маълумотларига шубҳа билан қараса, шогирдларидан Хатиб Бағдодий унинг қолдирган хабарлари объективлигига ишонч билдиради.

Абул Ҳасан Мовардий «Ал-Аҳкомус султония вал валаятуд диния» (الأحكام السلطانية والولايات الدينية) – «Давлат бошқаруви ва диний раҳнамоликка оид ҳукмлар» асарини айнан ушбу муаммога бағишлаган [4:21]. Шуни таъкидлаш лозимки, ушбу асар ўзининг содда услубда битилгани ва жумлаларнинг халқчиллиги билан бошқалардан ажралиб туради. Чунки давлатчилик тизимлари ҳақида Ибн Халдун ҳам ижод қилгани маълум. Бироқ у фойдаланган ибораларнинг мураккаблиги ўқувчи учун бир қатор қийинчиликларни юзага келтиради.

Аллома томонидан ёзиб қолдирилган асарлар сони ўн иккита бўлиб, уларни уч қисмга: диний, ижтимоий-сиёсий, тилшунослик ва адабиётшуносликка ажратиш мумкин. Унинг «Адабу-дин вад дуня» (أدب الدين والدنيا) – «Дин ва дунё одоби» номли асари ислом оламида кенг тарқалган бўлиб, ундан тадқиқотчилар ҳозирги кунгача манба сифатида фойдаланиб келмоқда. Мазкур асар 2017 йили ўзбек тилига таржима қилинди [13:456]. Шунингдек, асарнинг қўлёзма нусхалари Берлин, Лондон, Мисрнинг нуфузли кутубхоналарида сақланади. Улар асосида асар бир нечта Европа тилларига таржима қилинган. Бундан ташқари, асарнинг бошқа қўлёзма нусхалари Искандария, Марокашдаги Қаровийнлар университети, Ироқнинг Мосул ва Ҳиндистоннинг Рампур шаҳарларида жойлашган кутубхоналарда ҳам мавжудлиги аниқланган.

«Адабу-дин вад дуня» асари ҳозирги кунда Миср ўрта мактаблари ва ал-Азҳар университети, Ўзбекистон Республикасининг Самарқанд, Бухоро, Тошкентда жойлашган мадрасаларида дарслик сифатида ўқитиб келинмоқда [13:5]. Муаллифнинг давлат бошқарувига оид «Ал-Аҳкамус султония» (الأحكام السلطانية) – «Султонлик ҳукмлари», «Қаванийнил визара ва сиясатул мулук» (قوانين الوزارة وسياسة الملك) – «Вазирлик қонуниятлари ва подшоҳлик сиёсати», Қуръони карим тафсирига бағишланган «Ан-Нукат вал уюн» (النكتوالعيون) – «Қизиқ гаплар ва маънолар булоқлари» деб номланган асарлари ҳам мавжуд.

Кўриб чиқилаётган даврларда сийра, мағозий, тарих ва табақот каби асарлар билан бирга «Фиҳрист» (الفهرست) – «Мундарижа» йўналишида ҳам асарлар ёзила бошланди. Фиҳрист сўзи форс тилидан ўзлашган атамадир. Бундай асарлар библиографик характерга эга бўлиб, унга Боғдодлик Варроқ (китобфуруш) Ибн Надим (ваф.384/994) асос солди [28:69]. Ибн Надим Бағдодда яшаган ва адабиёт бўйича машҳур олимлардан. Аввалига сарой ўқитувчиси, яъни халифа Родий Биллоҳ (ҳукм. 322/934-329/940)нинг устози, кейинчалик унга «надим» (نديم)[1]лик қилган. Шунингдек, халифа Муқтафий (ҳукм.289/902-295/908)нинг, сўнгра халифа Муқтадирнинг (ҳукм.295/908-320/932) «надим»и вазифасини ўтаган. У жуда ақлли, олийжаноб ва мард инсон эди. У моҳир шахматчи бўлиб, саройда унга тенг келадигани йўқ эди. Шунинг учун бўлса керак, унга «шатранжий» (шахматчи), деб нисбат берилган. Унинг асарлари орасида шахматга аталган махсус «Китобуш шатранж» (كتاب الشطرنج) – «Шахмат китоби» [18:150] асарини ёзган.

Ибн Надимга «Котиб» (كاتب) нисбаси ҳам берилган ва бу унинг аждодлари сингари сарой котибларидан бири бўлганига далолат қилади. Масъудийнинг маълумотига кўра, унинг «Жалис» (جليس)[2] нисбаси ҳам бўлган. Аслида, «Надим» ва «Жалис» нисбаси луғавий жиҳатдан деярли бир хил, яъни саройда халифаларнинг ҳамсуҳбати маъносини англатади. Бундан кўринадики, халифалар ўз даврининг зукко, билимли, тарбияли, ўзига хос дипломатлик маҳоратига эга шахсларини ўзларига ҳамсуҳбат қилган ва шундай вазифани бажарувчилар учун махсус лавозим жорий этилган. Ибн Надимнинг вазифаси халифа ва унинг атрофидагилари билан қизиқарли суҳбатлар олиб бориш, унинг илм-фан, маданият борасидаги билимларини ошириш, таомланиш вақтида унга ҳамроҳ бўлишдан иборат эди. Одатда надим лавозимига шеърият, тил, тарих, Қуръони карим ва бошқа фанларни яхши биладиган, маълум бир тажрибага эга шахслар тайинланган. Шунингдек, унинг ташқи кўриниши кўркам, шеърларни ифодали ўқий оладиган, сўзга чечан, олим ва нотиқ бўлиши шарт қилинган.

Айрим тарихчилар ўз асарларида Ибн Надимни шиа [17/6:134] ва мўътазилийликка [12/3:253] мансублиги ҳақида маълумот бериб ўтади. Лекин унинг асарлари ақида ёки фиқҳга оид бўлмагани боис, шахсий эътиқоди масаласи унчалик муҳим саналмаган. Муаллиф «Фиҳрист» асарини 377/988 йилда ёзиб тугатган. Мазкур асар 10 бобга бўлинган ва уларга араб халифалигига қарашли мамлакатларнинг фалсафа, филология, фиқҳ, кимё, тарих, генеологияга оид маълумотлари, афсона ва шеърий намуналари киритилган. Асар библиографик услубда ёзилган бўлиб, маҳаллий халқлар ва араб-мусулмон маданиятини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.

Иззуддин Ибн Асир Жазарий (555/1160-630/1234) машҳур тарихчи олим. У Ибн Умар жазирасида туғилган ва шу боис «Жазарий» нисбаси билан аталган. Унинг отаси Абул Карам Муҳаммад Абдулкарим ибн Абдулвоҳид Шайбоний Мосулдаги Зангийлар давлатининг девон раиси ва Мосул вазирининг Ибн Умар жазирасидаги ноиби лавозимида ишлаган. У отаси билан ва сўнгра мустақил тарзда Ироқ, Сурия, Фаластин ва Ҳижозга илмий сафарлар қилган. 581/1185-86 йиллари Салоҳиддин Аюбий Мосулга иккинчи марта кирганида Ибн Касир ҳам у билан бирга бўлган. 584/1188-89 йиллари 28 ёшида Салоҳиддин билан Сурия ва Қуддусда салибчиларга қарши жангларда қатнашган.

Ибн Асир асосан ҳадис ва табақот жанрида ижод қилган бўлсада, тарих бўйича ёзган асарлари уни машҳур қилди. Унинг саккиз жилдли «Ал-Комил фит тарих» (الكامل في التاريخ) – «Комил тарих» асари умумий тарих бўйича солнома тарзида ёзилган. Асар «дунё яратилиши»дан бошлаб, аллома яшаган пайтгача бўлган даврни ўз ичига олган. Асарнинг муҳим жиҳати солнома жанридаги тарихшуносликнинг энг мукаммалидир. Ёқут Ҳамавийнинг «Мўъжамул булдон» (معجم البلدان) – «Мамлакатлар энциклопедияси» асари ХИИ аср учун географик адабиётлар соҳасида мукаммали, деб ҳисобланса, унинг замондоши бўлган Ибн Асирнинг мазкур асарини эса ўз даврида маълум бўлган тарихий асарлар ичидаги машҳури, деб аташ мумкин. Ибн Халликон (607/1211-680/1282) уни мусулмон оламида ёзилган тарихий асарлар орасидаги энг яхшиси, деб ҳисоблаган [21/3:348].

Ибн Асирнинг ушбу асарини араб-мусулмон тарихчилари томонидан таълиф этилган тарихий манбалар тўплами, деб ҳисоблаш мумкин. Асардаги жоҳилият ва исломнинг илк даври Табарийнинг асаридан истифода қилинган, дейиш мумкин. Аммо К.Брокелман Ибн Асир ва Табарийнинг асарлари гарчи улар замондош бўлмасада, исломнинг биринчи асри тарихини ўрганишда бирламчи манба ҳисобланишини таъкидлайди [17:13]. Ибн Асир Табарий келтирган ва кўп такрорланган санадларни қисқартириб, ўзининг маълумотлари билан тўлдирган. Шунингдек, Табарийнинг асарида учрамайдиган баъзи маълумотларни Ибн Асир тўлиқ беришга ҳаракат қилган.

Шамсиддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Туркманий Заҳабий (673/1274-748/1348) машҳур мусулмон тарихчиси, ҳадисшунос, биограф ва ҳофиздир. Унинг отаси Аҳмад ибн Усмон Заҳабий моҳир заргар бўлгани учун унинг кунияси «Заҳабий» эди. Заҳабий Дамашқ яқинида дунёга келган ва Дамашқдаги «Ал-Бобус сағир» (الباب الصغير) – «Кичик эшик» қабристонига дафн этилган. Заҳабий ёзган асарларининг машҳури ва каттаси бўлган «Тарихул ислом ва вафаятул машаҳир вал аълом» (تاريخ الإسلام ووفيات المشاهير والأعلام) – «Ислом тарихи, машҳур ва буюк шахсларнинг вафотлари» асари мусулмон тарихчилари томонидан тузилган энг муҳим улкан қомусий китоблардан бири ҳисобланади. Бу асар 1/622-699/1300 йилгача бўлган ислом тарихини ўз ичига олади. Мазкур давр ислом динининг ёйилиши, қонун-қоидаларининг ишлаб чиқилиши, ҳадис, тафсир, фиқҳ каби илмларнинг ривожланиши, Шарқ ва Ғарбни қамраб олган янги цивилизация бўлгани билан ажралиб турар эди.

«Тарихул ислом ва вафаятул машаҳир вал аълом» асари муаллиф томонидан қуйидаги қисмларга ажратилган:

  1. Ҳижрий 1/622-41/661 йилгача бўлган воқеалар;
  2. 42/662-300/913 йилгача бўлган воқеалар;
  3. 300/913-700/1300 йилгача бўлган воқеалар.

Асарда ислом оламидаги илм-фан ютуқларининг етти аср давомидаги тараққиёти тасвирланган. Унда турли ҳудудларда фаолият юритган илмий марказлар, улар ўртасидаги ўзаро алоқалар, алломаларнинг таржимайи ҳоли, ёзган асарлари ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Муаллиф  кўплаб олимлар томонидан қадимги иброний, лотин, санскрит каби тиллардан араб тилига таржима қилинган асарлар номини, ислом маданияти йўналишлари ва айрим алломаларнинг фан соҳалари бўйича қизиқиши ҳақидаги маълумотларни ҳам келтириб ўтган. Асарни тўлиқ шаклда нашр этишга бўлган уринишлар доктор Умар Абдуссалом Тадмурийгача давом этди [11:52]. У асарни тадқиқ этиб, эллик жилддан иборат тўлиқ қисмини чоп эттиришга муваффақ бўлди.

Машҳур фақиҳ, тарихчи, муфассир ва муҳаддис Ибн Касир (701/1301 – 774/1373) Шомда таваллуд топган. Отаси уч ёшга тўлганда вафот этган. Ибн Касир ўз даврининг машҳур олимлари Заҳабий ва Ибн Таймия (661/1263 –728/1328)дан таҳсил олган. Унинг 14 жилдлик «Ал-Бидоя ван ниҳоя» (البداية والنهاية) – «Бошланиш ва ниҳоя» асари бошқа асарларга нисбатан мукаммаллиги ва тарихий асосларга эгалиги билан ажралиб туради. Асарни шартли равишда 3 қисмга бўлиш мумкин. Биринчи қисм олам, осмон, фаришталар, жинлар, Одам (а.с.), Пайғамбарлар ва охирги Пайғамбар (с.а.в.)га бағишланган. Иккинчи қисм Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг вафотларидан бошлаб, 768/1367 йилгача бўлган воқеаларни ўз ичига олган. Сўнгги учинчи қисмда эса, қиёмат, унинг аломатлари, жаннат, дўзах ва қайта тирилиш ҳақидаги маълумотлар берилган.

Тарихан исломнинг кенгайиши унинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ ўрганишга бўлган қизиқишни кучайтирди. Турли муаллифларнинг маълум бир диний йўналишга мансублиги ва уларнинг ижтимоий мавқеи бу тарихий ёндашувга сезиларли таъсир кўрсатди. Шарқ цивилизацияси тараққиёти билан бир даврда яшаб ижод қилган муаллифлар асарларида даврнинг ижтимоий, диний ва сиёсий воқеалари ўз аксини топган. Жумладан, шиалик ва хорижийликнинг кучайиши, Аббосийлар давридаги миҳна воқеалари, исломдаги идеологик ажралишлар кўплаб асарларнинг бош мавзуси бўлди. Бу ҳолат Ўрта асрларда ёзилган тарихий манбалар мазмунида кескинлик кайфиятини юзага чиқарди. Шу билан бирга, ислом тарихи ва тарихий шахслар ҳақидаги асарлар кўпайган бўлсада, уларнинг баъзиларининг холислиги шубҳа остида қолмоқда. Кўпинча бундай асарлар султонлар, қозилар ёки бошқа юқори табақадаги кишиларнинг топшириғи ёки уларнинг розилигини олиш ниятида ёзилган. Шундай экан, келгусидаги тадқиқотларда Ўрта аср муаллифлари ва уларнинг асарларини ўрганишда, улар қандай диний, сиёсий ёки мафкуравий босимлар остида ёзилганини аниқлаш алоҳида аҳамиятга эга.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Ад-Дāвūдī. Шамс ад-Дīн. Таржаматул ʿаллāмас Суйūṭī. – Ал-Қāҳира: Дāруль-маʿāриф, 2010.
  2. Ал-ЪАсқалāнī Ибн Ḥажар. Фатḥул бāрī би-шарḥ ṣаḥīḥил Бухāрī. 14 м. – Байрūт: Дāру-л-маърифа, 2013.
  3. Ал-Иṣṭахрī Абūл Қāсим. Масāликул мамāлик. – Бағдāд: Дāруль фикр, 1980.
  4. Ал-Мāвардī Абū ал-Ḥасан. ал-Аḥкāмус сулṭāнийя. 2 м. Байрūт: Дāруль кутубил ъилмийя, 2009.
  5. Ал-Хатīб ал-Багҳдāдī. Тāрīх Багҳдāд. 24 м. – Байрūт: Дāруль кутубил ъилмийя, 2004.
  6. Ал-Яʿқūбī. Ат-Тāрīх. 2 м. – Байрūт: Дāруль кутубил илмийя, 2000.
  7. Ас-Ṣūлī Муḥаммад. Китāбул аврāқ. – Ал-Қāҳира, 1936.
  8. Ас-Сувайкит Сулаймāн. Манҳажул Масʿūдī фī китāбат-т-тāрīх. – Ар-Рийāд, 1984.
  9. Ат-Ṭабарī. Тāрīхул умам вал мулūк. 10 м. Байрūт: Дāруль кутубил ъилмийя, 2022.
  10. Аз-Заҳабī Муḥаммад. Сияру-ълāмун нубалāʼ. 29 м. – Байрūт: Муъассасат ар-рисāла, 2003.
  11. Аз-Заҳабī Муḥаммад. Тāрīхул ислāм вавафайāтул машāҳīр вал аʿлāм. 52 м. – Байрūт: Дāруль китāбил ʿарабī, 1992.
  12. Аз-Зириклī, Хайруддīн. Ал-Иʿлāм: Қāмūс тарāжим ли-ашҳарил рижāл ван нисāʼ минал ъараб вал мустаърибīн вал мусташриқīн. 8 м. – Байрūт: Дāруль ъилм лил Малāйīн, 1980.
  13. Абулҳасан Мовардий. Дунё ва дин одоби. Таржимон ва сўзбоши муаллифи Абдуллоҳ Исмоил Маҳдум. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2021.
  14. Гоэже Мичаэл Жан. Анналес Қуос Сcрипсит Абу Джафар Моҳаммед Ибн Джарир Ат-Табари Прима сериэс (Арабиc Эдитион). – Леиден: Брилл, 1901.
  15. Гибб Х.А. Арабская литература (классический период). – Москва: Наука, 1960.
  16. Ибн ʿАбдулḥакам. Футūḥ Миṣр вал 2 м. ал-Қāҳира: Мактаба ал-сақāфад дīнīя, 2004.
  17. Ибн ал-Асīр. Ал-Кāмиль фīт тāрīх. 11 м. – Байрūт: Дāруль кутубил ʼилмийя, 1999.
  18. Ибн ан-Надīм. Ал-Фиҳрист. – Багҳдāд: Дāруль кутуб, 1982.
  19. Ибн ʿАсāкир Ал-Ḥасан. Тāрīх мадīна Димашқ. 15 м. – Димашқ: Дāруль фикр, 1985-2001.
  20. Ибн Касīр. Ал-Бидāя ван ниҳāя. 14 м. – Байрūт: Дāруль китāбил ъарабī, 2002.
  21. Ибн Халликāн. Вафайāтул аъйāн ва анбāʼ абнāъуз замāн. 8 м. – Байрūт: Дāруль кутубил ъилмийя, 1996.
  22. История ат-Табари. Избранные отрывки. Перевод с арабского В.И.Беляева с дополнениями О.Г.Большакова и А.Б.Халидова. – Т.: Фан, 1987.
  23. Халīфа ибн Хаййāṭ. Тāрīх. 2 м. Ан-Нажаф ал-ашраф: Маṭбаʿатул адаб, 1967.
  24. Кеннедй Ҳугҳ. Тҳе Эарлй Аббасид Cалипҳате: А политиcал ҳисторй. – Абингдон, Охон: Роутледге, 2016.
  25. Колесников А.И. Завоевание Ирана арабами (Иран при «праведных» халифах). – Москва: ГРВЛ, 1982.
  26. Мери Ж.W.Медиэвал исламиc cивилизатион. Ан энcйcлопедиа. – Неw Йорк. Лондон: Роутледге, 2005.
  27. Микульский Д.В. Арабский Геродот. – Москва: Алетея, 1998.
  28. Полосин В.В. Фихрист Ибн Надима как историко-культурный памятник Х века. – Москва: Наука, ГРВЛ, 1989.
  29. Прозоров С.М. Хрестоматия по исламу. – Москва: Наука, 1994.
  30. Сезгин Фуат. Гесчичте дес Арабисчен Счрифттумс. – Леиден: Брилл, 1967.

[1] Надим – сарой ҳамсуҳбати.
[2] Жалис – бирга ўтирувчи, ҳамсуҳбат, мажлисдош.

Қобилжон ЗОҲИДОВ
Янги аср университети доцент, тарих фанлари доктори

Check Also

ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ

Бу машҳур ибора халқимизнинг асрлар давомида шаклланган ҳаётий, миллий ва диний қадриятларини ўзида мужассам этган. …