Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Устоз олим хотирасига эҳтиром

Устоз олим хотирасига эҳтиром

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида 2 март куни ўзбек шарқшунослик ва манбашунослик мактабининг заҳматкаш намояндаси, таниқли олим Убайдулла Уватов хотирасига бағишланган «Манбашунослик мактаби: тарих ва замонавий ёндашувлар» мавзусидаги I Республика илмий конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда юртимизнинг академик доиралари ва етакчи илмий муассасалари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этиб, марҳумнинг Ватанимиз илм-фанини ривожлантириш йўлидаги, хусусан, буюк алломаларимизнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги улкан хизматларини алоҳида эътироф этди.

Конференциянинг асосий қисмида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаров онлайн қатнашиб, “Қўлидан қалам тушмаган олим” мавзусида маъруза қилди. Олимнинг илмий фаолиятидаги фидоийлиги, манбашунослик соҳасидаги ноёб изланишлари ҳамда Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар меросини ўрганишдаги алоҳида услубий ёндашувларини таҳлил қилиб берди.

Шунингдек, анжуман давомида Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий каби алломаларнинг асарлари таҳлили, ислом тарихида сиёсатномаларнинг ўрни ҳамда нодир қўлёзмаларни тадқиқ этишнинг замонавий масалаларига бағишланган илмий маърузалар тингланди. Тадбир якунида Убайдулла Уватовнинг илмий-маърифий мероси ва хотирасига бағишланган “Мунаввар ҳаёт ва илм соҳиби” номли янги китобнинг тақдимоти ўтказилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда ўқув амалиёти: назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ҳадис илми мактаби талабалари учун ўқув амалиёти изчил равишда давом …