Home / МАҚОЛАЛАР / ЮРТИМИЗДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ МУСТАҲКАМ ЎРНИ ВА ҲАМИША ДОЛЗАРБ АҲАМИЯТИ

ЮРТИМИЗДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ МУСТАҲКАМ ЎРНИ ВА ҲАМИША ДОЛЗАРБ АҲАМИЯТИ

Ҳозирги глобаллашув даврида турли миллат, элат ва дин вакиллари бир маконда тинч-тотув яшашини таъминлаш бутун инсоният олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, диний бағрикенглик (толерантлик) жамият тараққиётининг асосий устунларидан бирига айланмоқда.

Диний бағрикенглик – турли динларга эътиқод қилувчи шахслар ва жамоаларнинг тинч-тотув ҳаёт кечириши, ҳамкорликда яшаши ҳамда диний сабабларга кўра камситилиш ва тажовузга учрамаслигини таъминловчи муҳим ижтимоий тамойил ҳисобланади.

Ўзбекистон тарихан турли дин ва маданиятлар туташган минтақа сифатида алоҳида ўрин тутади. Марказий Осиёда ислом асосий дин ҳисобланса-да, христианлик, буддизм ва яҳудийлик ҳамиша мавжуд бўлиб келган. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар диний бағрикенглик анъаналарининг тарихий намунаси сифатида танилган. Шу тариқа, турли халқлар ва диний жамоалар ўзаро маданий-маънавий алоқалар орқали жамиятда тинчлик муҳитини сақлаб келган.

Мустақилликдан кейин Ўзбекистонда диний бағрикенгликнинг ҳуқуқий асослари Конституция ва қонунларда мустаҳкамланди. Хусусан, Бош қонунимизнинг 19-моддасида жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча фуқаролар қонун олдида тенг эканлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, 35-моддада ҳар кимнинг виждон эркинлиги кафолатланиши, хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш жараёни 1990-йиллардан бошланган. 1991 йил 14 июнда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар, диний ташкилотлар ҳамда дин ва давлат ўртасидаги янги ҳуқуқий муносабатларни шакллантиришга асос солинди.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллигини, шунингдек фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигини кафолатлаб, фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини конституциявий даражада мустаҳкамлади.

Шу билан бирга, Марказий Осиёда радикал, экстремистик ва террористик гуруҳларнинг қонунга хилоф фаолияти фаоллашуви, жумладан, уларнинг клерикал давлат тузишга қаратилган уринишлари фуқароларнинг виждон эркинлиги борасидаги конституциявий ҳуқуқларига жиддий таҳдид солди. Чора ўлароқ, 1998 йил 1 майда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди.

2000-йилларда жаҳон миқёсида халқаро террористик ташкилотлар фаолиятининг кескин фаоллашуви кузатилди. Бу жараён Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Шунга қарамай, виждон эркинлигига нисбатан таҳдидларни бартараф этишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб, жамиятда барқарорлик муҳитини сақлаб қолишга эришилди.

2025 йил 25 февралда кўп миллатли ва кўп конфессияли Ўзбекистонда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида тотув ҳаётни таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси” ишлаб чиқилди.

Концепцияда қуйидаги асосий тушунчаларга илмий-ҳуқуқий таъриф берилган:

Виждон эркинлиги – фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик бўйича кафолатланган конституциявий ҳуқуқи;

Дунёвийлик – виждон эркинлиги, эркин фикрлаш ҳамда Конституция ва қонунларга мувофиқ инсонпарвар қадриятлар ва умумжамият манфаатларига асосланган ахлоқий норма ва қарашлар тизими;

Дунёвий давлат – ҳар ким учун виждон эркинлиги, мафкура ва фикрлар хилма-хиллиги кафолатланган, давлат ҳокимияти диний-конфессиявий институтлардан ажратилган ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда Конституция ва қонунлар устуворлигига таянувчи давлат;

Дунёвий қадриятлар – виждон эркинлиги, қонун устуворлиги, мафкура ва фикрлар хилма-хиллиги, динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка асосланган умуминсоний принциплар, нормалар ва қарашлар мажмуи;

Умумжамият манфаатлари – жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, тинч-тотув яшаш, адолатли тараққиёт ва барқарор ривожланиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган жамиятнинг онгли эҳтиёжлари йиғиндиси.

Концепцияда виждон эркинлигига оид ҳуқуқий кафолатлар, Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат сифатидаги конституциявий мақоми ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари ва устувор йўналишлари аниқ белгилаб қўйилган. Ушбу ҳужжат нафақат диний соҳани ҳуқуқий тартибга солиш, балки бутун жамиятда тотувлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

– фуқароларнинг қонун олдида тенглигини таъминлаш ҳамда конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик;

– кўп миллатли ва кўп конфессияли Ўзбекистон халқининг бирлиги ва бирдамлигини мустаҳкамлаш;

– фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш;

– виждон эркинлигини таъминлаш ва диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик;

– давлат сиёсатини юритишда дунёвийлик принципларига таяниш;

– давлат бошқаруви органлари ва жамоат институтлари фаолиятини дунёвийлик асосида ташкил этиш;

– жамиятда диний бағрикенглик ва қонунийликни қарор топтиришда фуқаролик фаоллигини мустаҳкамлаш.

Бугунги кунда Ўзбекистон миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик амалда таъминланган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида барқарор ривожланиб келмоқда.

Мамлакатда 16 та конфессияга мансуб 2300 дан ортиқ диний ташкилот фаолият кўрсатади, 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. 7 тилда таълим олиш имконияти, 12 тилда телерадио эшиттиришлар, 14 тилда матбуот нашрлари, 157 та миллий-маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият юритиши Ўзбекистондаги миллатлараро ва динлараро тотувлик муҳитининг амалий ифодасидир.

Диний бағрикенгликнинг аҳамияти жуда катта ва кўп қирралидир. У тинчлик ва барқарорликни таъминлайди, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилади, ўзаро англашув ва ҳамкорликни ривожлантиради, маънавият ва ахлоқни юксалтиради, халқаро муносабатларда ижобий имижни мустаҳкамлайди ҳамда ёш авлодни соғлом дунёқараш асосида тарбиялашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда диний бағрикенглик ҳуқуқий, сиёсий, маънавий ва маданий феномен сифатида жамият барқарорлиги, миллий бирдамлик ва демократик тараққиётнинг асосий омилларидан бирига айланган. Турли дин ва конфессиялар ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатда ижтимоий барқарорлик ва маданий ривожланишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ТАЪЛИМ ОЛИШ ФАРЗ АМАЛЛАРИДАНДИР

Илм олиш динимизда улуғ ибодатлардан саналади. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб бошланиши сўзимизнинг ёрқин …