Home / МАҚОЛАЛАР / МАЪНАВИЙ МАСЪУЛИЯТ ОРҚАЛИ МИЛЛИЙ ЎЗЛИКНИ АСРАШ ЗАРУРАТИ

МАЪНАВИЙ МАСЪУЛИЯТ ОРҚАЛИ МИЛЛИЙ ЎЗЛИКНИ АСРАШ ЗАРУРАТИ

Маънавият – инсоннинг ички дунёси, фазилатлари, руҳий баркамоллиги ва ҳаётий қадриятлари билан узвий боғлиқ тушунча бўлса, маънавий масъулият фуқаронинг ўз қадриятларига риоя этиш, уларни самарали татбиқ қилиш, ҳар бир ҳаракати учун ўзини ҳисобдор деб билиш, ижтимоий ва маънавий меъёрларга содиқ қолиш ҳиссидир.

Маънавий масъулият деганда, инсон ўз ҳаракатлари, сўзлари ва қарорлари учун фақат моддий ёки ҳуқуқий эмас, балки ахлоқий ва руҳий жиҳатдан ҳам жавобгарлигини англайди.

Ҳар бир миллатнинг тарихий ва маънавий бойлиги унинг аждодларидан мерос қолган қадриятларига бевосита боғлиқдир. Бу қадриятлар нафақат маданий ёки тарихий жиҳатдан, балки маънавий ҳаёт учун ҳам йўналтирувчи йўлдош ҳисобланади.

Аждодларимиз мероси орқали маънавий масъулият тушунчасини англаш мумкин. Улар бизга нафақат маданий анъаналар, балки ахлоқий нормаларни ҳам мерос қилиб қолдирган. Ўтмишда улар оилада, жамиятда, табиатга муносабатда масъулиятни энг олий қадрият сифатида кўрган.

Инсоният тараққиёти тарихига назар ташласак, унинг энг ёрқин саҳифалари илм-фан ва маърифат билан боғлиқ эканини кўрамиз. Буюк алломалар нафақат ўз даври, балки келажак авлодлар учун ҳам беқиёс маънавий ва илмий мерос қолдирган. Бугунги кунда ана шу меросга муносабат, уни англаш ва асраб-авайлаш ҳар биримиз учун юксак маънавий масъулият ҳисобланади.

Марказий Осиё замини азалдан илм-маърифат бешиги бўлиб келган. Масалан, Имом Бухорий ҳадис илми ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси сабабли ислом олами ва муҳаддислар орасида “Амирул муъминийн фил ҳадис” (Ҳадис илмида мўминларнинг амири), “Ал-Имомул миқдом” (Жасур имом), “Имомул муҳаддисийн” (Муҳаддисларнинг имоми), “Саййидул фуқаҳо” (Фақиҳлар саййиди), “Имомуд дунё” (Дунёнинг имоми) каби юксак унвонлар билан тилга олинади.

Имом Бухорий учун маънавий масъулият – илмни тўғри қабул қилиш, пок ният билан сақлаш ва холисона етказишни англатган. У ҳадис илмини оддий ривоят эмас, балки уммат учун омонат деб билган. Шунинг учун “Саҳиҳул Бухорий” китоби ислом оламида Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли манба сифатида эътироф этилган.

Шунингдек, Абу Наср Форобий фалсафа, мантиқ ва сиёсатшунослик соҳаларида жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган. У “Фозил одамлар шаҳри” асари орқали жамиятни адолат ва маърифат асосида қуриш ғоясини илгари сурган.

Абу Райҳон Беруний табиий фанлар, география ва астрономия соҳаларидаги тадқиқотлари билан дунё илм аҳлини ҳайратга солган. Унинг асарлари бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган.

Тиббиёт илмини янги босқичга олиб чиққан Абу Али ибн Сино эса “Тиб қонунлари” асари билан асрлар давомида Европа ва Шарқ тиббиёти ривожига катта таъсир кўрсатган.

Алломалар мероси олдидаги маънавий масъулият, аввало, улар қолдирган асарларни ўрганиш ва тарғиб қилишдан иборат. Афсуски, баъзан биз буюк аждодларимизни фақат ном билан таниб, уларнинг илмий ва ахлоқий қарашларига чуқур кириб бормаймиз.

Меросни англаш – бу уни замонавий ҳаёт билан боғлашни англатади. Масалан, Имом Бухорийнинг илмга муносабати ва унинг “Саҳиҳул Бухорий” асари, Форобийнинг адолатли жамият ҳақидаги қарашлари, Берунийнинг илмий холислик тамойили, Ибн Синонинг инсон саломатлигига оид фикрлари бугун ҳам долзарб аҳамиятга эга, десак, буни инкор қирувчи топилмайди.

Маънавий масъулиятнинг яна бир муҳим жиҳати – алломалар меросини ёшлар онгига сингдириш. Зеро, ўз тарихи ва илмий илдизларини яхши билган ёш авлоднинг дунёқараши кенг, мақсади аниқ бўлади. Улар чет эл ютуқларини ўзлаштириш билан бирга, ўз миллий илмий мактабига таянади.

Алломаларнинг ҳаёти жасорат, матонат ва илмга садоқат намунасидир. Уларнинг ҳаёт йўли ёшларга сабр-тоқат, изланиш ва ўз устида ишлаш каби фазилатларни ўргатади.

Бугунги глобаллашув ва вайронкор ғоялар авж олган шароитда миллий ўзликни сақлаб қолиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу йўлда алломалар мероси маънавий таянч сифатида хизмат қилади. Илм-фан тараққиётини давом эттириш ва янги кашфиётлар яратиш орқали биз аждодларимизга муносиб ворис бўлишимиз шарт.

Маънавий масъулият – бу фақат ўтмишни улуғлаш эмас, балки унинг шонли анъаналари давомчиси бўлишдир. Агар биз аллома аждодлар қолдирган илм машъалини порлатиб турсак, жамиятимиз равнақи ва миллатимиз нуфузи янада юксалади.

Шулардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, маънавий масъулият – бу фақат шахсий ахлоқий меъёрлар ва ижтимоий бурчлар билан чегараланиб қолмай, балки миллатнинг илмий, маданий ва маънавий меросини англаб, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказишни ҳам ўз ичига олувчи кенг тушунча. Аждодларимиз, жумладан, юқорида номлари тилга олинган Имом Бухорий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино каби алломалар, фақат илм-фан соҳасида эмас, балки ахлоқ ва маърифат йўлида ҳам биз учун намуна бўлиб хизмат қилган. Уларнинг илмий ва маънавий меросига нисбатан масъулият – бу меросни ўрганиш, тарғиб қилиш ва замонавий ҳаётда самарали қўллашдир.

Шунингдек, маънавий масъулиятнинг яна бир асосий жиҳати – ёш авлод онгига илмий ва ахлоқий қадриятларни сингдиришдир. Бу орқали ёшлар ўз тарихи ва илмий илдизларини чуқур англаб, миллий ва глобал ютуқларни уйғунлаштира олади ҳамда алломалар йўлида илмий ва маънавий ривожланишни давом эттириш орқали янги ренессансга ўз ҳиссасини қўшади.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

РАМАЗОН – ОЙЛАР СУЛТОНИ

Меҳр-шафқат, эзгулик, хайр-саховат, ибодат, дуо, тасбеҳ, таровиҳ ва Қуръон ойини – ойларнинг султони, энг улуғи …