Home / ҲАЛОЛЛИК ВА МАЪРИФАТ / Виждонли қарор ва ота дуоси

Виждонли қарор ва ота дуоси

Бир одам катта қарзга ботган эди. Ризқ тор, ишлар юришмас, қарз эса елкасига оғир юк бўлиб тушган. Бир куни қарз берган одам уйига келиб, эшикни қаттиқ тақиллатди. Эшикни ўғли очди.

Қарз эгаси салом-аликсиз ичкарига кириб, отасининг ёқасидан ушлаб баланд овозда гапира бошлади:

– Қачон қарзингни қайтарасан? Кутавериб сабрим тугадику!

Бу вазиятни кўрган ўғилнинг юраги эзилди. Отасининг кўзларидаги изтиробдан, ожизлигидан қалби ларзага келди. Шундай бўлсада, вазминлик билан сўради:

– Отам сиздан қанча қарз?

– Қарийб 300 миллион сўм, – деди у аччиқланиб.

Йигит бир лаҳза ўйлаб турди. Сўнг:

– Илтимос, отамни қўйиб юборинг. Қарзни узишга ҳаракат қиламиз, – деди.

У хонасига кирди. У ерда тўй  учун йиғиб қўйган 100 миллион сўм пули бор эди. Бу пул унинг орзуси, режалари, келажаги учун жамғарган маблағи эди. Аммо у бир нарсани аниқ тушунар эди: «Отанинг шаъни ҳар қандай орзудан афзал».

Йигит пулни олиб чиқди:

– Мана, 100 миллион сўм. Қолганини ҳам тез орада тўлаймиз. Энди отамга эмас, менга мурожаат қилаверасиз.

Ота йиғлаб юборди:

– Болам, бу пул сенинг келажагинг учун эди, – деди.

Йигит отасининг пешонасидан ўпиб бундай деди:

– Ота, сиз менинг энг катта бойлигимсиз. Пул топилади. Лекин кўз олдимда сизнинг қадрингиз ерга урилса, фарзандлик бурчимнинг ўрни тўлмайди.

Қарздор кетди. Ота ўғлини бағрига босиб, дуо қилди:

– Аллоҳ сендан рози бўлсин, болам. Ҳақ таоло йўлингни очсин.

Эртаси куни кутилмаган воқеа юз берди. Йигитнинг таниши уни йирик тадбиркор билан учрашувга таклиф қилди. У бизнесмен ҳалол, ишончли, масъулиятли инсон қидираётганини айтди.

Учрашувда тадбиркор йигит билан суҳбатлашиб, унинг самимияти ва одобидан мамнун бўлди.

– Маошинг қанча? – деб сўради.

– 6–7 миллион сўм атрофида, – деди йигит.

Тадбиркор кулиб деди:

– Эртага ишдан бўшаш ҳақида ариза ёз. Энди маошинг 20 миллион сўм бўлади. Фойдадан улуш ҳам берамиз. Машина, уй – ҳаммаси ҳал бўлади.

Йигитнинг кўзига ёш келди. Тадбиркор бунинг сабабини сўради. У:

– Бу — отамнинг дуоси, – деб, бўлган воқеани айтиб берди.

Воқеани эшитган тадбиркор отасининг қолган қарзини ҳам ёпиб берди. Кўп ўтмай йигитнинг ишлари юришиб кетди, даромади бир неча баробар ошди.

Қиссадан ҳисса шуки, инсон ҳалоллик ва виждон билан қарор қабул қилса, Аллоҳ уни ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Ота дуоси эса энг катта бойлик ва бараканинг калитидир.
 
Абдулҳай ХУШВАҚТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ҲАҚИҚИЙ БОЙЛИК ҚАЕРДА?

Ҳакимлар бежиз айтмаган… Ҳомид Лифофий шундай деган: “Биз тўрт нарсани тўрт жойдан изладик. Аммо йўлда …