Home / МАҚОЛАЛАР / КИЙИНИШ ОДОБ-АХЛОҚИ

КИЙИНИШ ОДОБ-АХЛОҚИ

Ислом дини инсоннинг ташқи кўриниши, кийиниш масаласига алоҳида эътибор қаратади. Либос гўзаллик, зийнат бўлиш билан бир қаторда кишининг руҳий кечинмаларини ифода этувчи, ички оламини баён қилувчи ойнадир. Кишининг диёнати ҳам кўпинча унинг либосларида акс этади.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади: “Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар” (26-оят).

Инсон ўз фитратидан келиб чиқиб ҳам жисмоний, ҳам маънавий либосга эҳтиёж сезади. Чунки Ҳазрати Одам билан Ҳавво онамиз жаннатда ўзларидан бошқа инсон бўлмаса-да, уялганларидан ўзларини барглар билан ўрашлари бу сифат инсон табиатидаги энг чуқур илдизлардан бири эканига далолатдир. Ҳеч ким кийимсиз бўлишни ва бошқаларни кийимсиз кўришни хоҳламайди.

Барча ишларда бўлгани сингари, либос кийишнинг ҳам меъёр ва тартиб-қоидалари бор. Инсон бу борада ўзи билганича, кўнгли тусаганича ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга эмас. Кийиниш диний меъёрлар, миллий қадриятларга мувофиқ бўлиши керак.

Кийимнинг ҳам ўзига хос жиҳатлари бор. Инсоннинг шахсият ва ўзига хослигини яққол ифода этадиган жиҳат ҳам кийим танловидир. Киши эгнидаги гўзал либос доимо атрофга ижобий ишора беради. Халқ орасида кенг тарқалган “Инсон кийими билан кутилади, фикри билан кузатилади” деган сўз шу нуқтаи назардан мантиқийдир.

Мусулмон киши кийими билан доимо одамларга ўрнак бўлиши, яхши таассурот қолдиришга интилиши керак. Ички гўзаллиги ташқи томонда ҳам акс этиши лозим. Айниқса, бирон жойга бораётган киши ўзига яхши эътибор қаратиши, кийим-кечаги, юриш-туришига диққатли бўлиши муҳимдир. Зеро, у сафар давомида нафақат ўзининг, балки ортида қолган юрти ва миллати шаъни учун ҳам жавобгардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиққан айрим саҳобаларга қуйидаги насиҳатни қилганлари бежиз эмас: “Сизлар, биродарларингизнинг олдига боряпсизлар. Уловларингизга яхши қаранг, кийимларингизни тузатинг! Юздаги хол қандай диққат тортадиган бўлса, сиз ҳам одамлар орасида шундай кўзга ташланинг! Чунки Аллоҳ чиркин кўриниш, чиркин сўз ва ҳаракатни ёқтирмайди” (Имом Абу Довуд ривояти).

Либоснинг ҳалоллиги масаласига келсак, киши уни харид қилишда матосига жиддий эътибор бериши керак. Эркак кишига ипак матодан тикилган кийим, шунингдек, тилла ҳаром қилинган. Али (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: “Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ипак матони олиб ўнг томонларига қўйдилар, тиллани олиб чап томонларига қўйдилар. Сўнг: “Мана бу икки нарса умматимнинг эркакларига ҳаромдир!” дедилар”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Яхши ва гўзал кийинишни эркагу аёл баробар истайди. Безаниш, кўркам кўриниш истаги эса кўпроқ аёлларга хосдир. Шундан келиб чиқиб, ислом таълимотида майинлик ва ҳассосликни кўрсатувчи ипак кийимлар, олтин каби безаклар аёлларга хосланган, эркаклардан бундай кийимлардан узоқ туриши талаб қилинган. Шу сабабли, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тўлиқ ипакдан тўқилган кийим совға қилинганда, уни Али розияллоҳу анҳуга юборганлар. Ҳазрати Алининг “Буни нима қиламан?” деган саволига, рафиқаси Фотимани, онаси Фотима бинти Асадни ва амакиси Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қизи Фотимани назарда тутиб, “Уни рўмол қилиб Фотималар орасида тарқат”, деб жавоб берганлар (Ибн Можа ривояти).

Ипак кийимлар ва олтин безакларга қўйилган тақиқ сабабларидан яна бири бу буюмларнинг кибр ва хўжакўрсинга олиб келишидир. Кибр ва кўз-кўз қилиш гўзал безакли либослар кийиб жамиятга аралашган ҳар бир инсон дуч келиши мумкин бўлган салбий ҳис-туйғулардир. Бу иллатни англаган Пайғамбар алайҳиссалом бир томондан мўминларга гўзал ва тоза кийинишни тавсия қилган бўлсалар, бошқа томондан бу неъматни одамларга юқоридан қараш воситасига айлантирмасликка амр қилганлар.

Инсон ўзига ярашиб турган гўзал либосларни кийиши керак. Шайх Шаъбий: “Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий”, деган. Унутмаслик лозимки, кийим кибрланиш, ўзидаги бойликни кўз-кўз қилиш воситаси эмас. Имом Аҳмаднинг “Муснад”да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки, дунёда шуҳрат либосини кийса, Қиёмат кунида Аллоҳ унга хорлик либосини кийгизади”. Демак, кийиниш кибру ҳаво, ўзини ўзгалардан юқори тутиш, шуҳрат қозониш учун бўлмайди. Абу Ҳомид Ғаззолий “Қалб ажойиботлари” китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган.

Таъкидлаш лозимки, инсоннинг табиий истаги бўлган гўзал кўриниш билан кибр ҳиссини қориштириб юбормаслик керак. Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадисда айнан шу икки жиҳат аниқ ажратиб кўрсатилган. Мазкур ҳадисда Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Юрагида заррача кибр бўлган киши жаннатга кирмайди”. Бу сўздан сўнг бир одам, “Инсон кийими ва пойабзали гўзал бўлишидан хурсанд бўлади”, деганида, Пайғамбар алайҳиссалом: “Шубҳасиз, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради. Кибр эса ҳақиқатни инкор этиш ва одамларни кичик кўришдир”, деб жавоб берганлар (Имом Муслим ривояти).

Шунингдек, либос кишининг ижтимоий ҳолатини ҳам кўрсатиб турадиган, имконияти ва мақомига мос бўлиши керак. Кенгчилик, мол-давлат ато этилган инсонлар ўзидаги бу неъматни кийимларида акс эттириши мақсадга мувофиқ. Зеро, Аллоҳ бандасининг устида унга берган неъматининг асарини кўришни севади. Абул Аҳвас номли саҳобий ўз отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига паст (эскириб кетган, увада) кийимларда келдим. Шунда у киши менга: “Сенинг мол-давлатинг борми?” дедилар. Мен: “Бор!” дедим. “Нималаринг бор?” сўрадилар. Мен: “Аллоҳ менга туя, қўй, от ҳамда қуллар ато қилган” дедим. Буни эшитгач, Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ сенга мол-дунё ато қилган бўлса, Унинг сенга берган неъмати ва икромининг асари кўриниб турсин!” дедилар (Абу Довуд ривояти).

Аммо неъматларни либосда акс эттириш, юқорида таъкидланганидек, кибру ҳаводан узоқ туриш шарти билангина тўғри бўлади.

Баъзан кўча-кўйда ўзини аёлга ўхшатган эркаклар ёки эркакча кийинган аёлларни кўрамиз. Бу иш оғир гуноҳ ва лаънатга қолишга сабаб бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (кийинишда) ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатладилар” (Имом Бухорий ривояти).

Барча ишда бўлгани сингари, либосларда ҳам поклик бирламчи вазифадир. Ислом поклик динидир, поклик имондандир. Қуръони каримда ҳам “Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради” (Тавба сураси, 108-оят), дея кишилар руҳий, маънавий, жисмоний покликка даъват этилган. “Муддассир” сурасида Набий алайҳиссаломга қарата “Кийимларингни пок тут!” дейилган хитоб либос покизалиги ниҳоятда муҳим эканини англатади.

Либос кийишда айрим суннат амаллар ҳам айтиб ўтилган. Ҳадисларга кўра либосни ўнг томондан бошлаб кийиш суннатдир. Оиша (розияллоҳу анҳо) айтади: “Набий алайҳиссаломга покланишда (яъни таҳорат ва ювинишларда), соч тарашда ва оёқ кийим кийишда ўнг томондан бошлаш ёқар эди”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Шунингдек, кийим кийишда айрим дуоларни ўқиш ҳам суннат амаллардандир. Набий алайҳиссалом кўп ҳолларда, жумладан, либос кийишда ҳам Аллоҳни зикр қилардилар. Ҳадисларда келган “Алҳамду лиллаҳиллазий касааний ҳаза ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний валаа қувваҳ”, яъни “Барча ҳамду санолар ўзимда ҳеч қандай куч-қудрат ва имконият бўлмаган ҳолда бу либосни менга кийдирган ва ризқ қилиб берган Аллоҳга хосдир” сингари дуоларни ўқиб, кийим кийиш савобли ишлардандир.

Ҳадис китобларидаги кийинишга доир ривоятлар унинг ахлоқий томонлари ҳақида бизга муҳим маълумотлар тақдим этади. Шунингдек, мусулмон киши янги ва гўзал кийим кийганда, кибр ва мақтанишга йўл қўйиш ўрнига, ўзидаги бу неъматнинг асл соҳибини эслаб, Аллоҳга шукур қилиши керак.

Глобаллашув жараёнидаги мураккаб ва тезкор ҳаёт келтириб чиқарган ижтимоий ўзгаришлар, янгиликлар инсоннинг бошқа инсон ва жамият билан муносабатларига доир турли хавотирларни кучайтирмоқда. Шу сабабли, мўмин киши имон чақириғи ва виждон амридан келиб чиқиб кийиниши, хоҳиш-истакларини қондиришда Қуръони каримда ифодаланганидек “тақво либосини”ни кийишни унутмаслиги керак. Токи ушбу маънавий либос унинг ҳислари билан чамбарчас боғланиб, ташқи кўринишида ҳам гўзал ифодасини топсин.

Усмонхон МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ФИТНА ҚОТИЛЛИКДАН ҲАМ ОҒИР ГУНОҲДИР

Ижтимоий тармоқларда тинч-осойишта яшаётган мусулмон халқлар орасида фитна чиқариб, конституцион ҳокимиятларни ағдаришни ўйлаётганлар, давлатни тузумини …