Саҳобаларнинг Қуръон ва ҳадисларни кейинги авлодларга етказишда ва Ислом маданиятининг шаклланишида муҳим роли бор. Уларнинг Қуръон билан боғлиқ вазифаларидан бири, Қуръонни дарҳол тўплаб, китоб шаклига келтириш, иккинчиси эса, Қуръонни тўғри тушунишни таъминлаш бўлган. Пайғамбар (а.с.)нинг вафотидан кейин, Абу Бакрнинг халифалиги даврида, Қуръони карим икки муқова орасида тўпланиб, китоб шаклига келтирилган. Бу жуда муҳим воқеани амалга оширган саҳобалар, иккинчи вазифалари сифатида, Қуръонни соғлом тушунишда кейинги авлодларга ёрдам берган. Чунки, саҳобалар, ваҳийнинг тушган шароитларини билиш, оятларнинг тушиш сабабларини кузатиш ва Қуръоннинг жонли намунаси бўлган Пайғамбарни кўриш каби муҳим афзалликларга эга эдилар. Шу боисдан, кейинги авлодлар, Қуръонни тушунишда доимо саҳобаларни ўлчов ва намуна сифатида олганлар.
Саҳобаларнинг иккинчи муҳим роли, Пайғамбар (а.с.)нинг сўз ва амалларини келажак авлодларга етказиш бўлган. Биз билан Пайғамбар (а.с.) ўртасидаги боғланишнинг биринчи ҳалқасини улар ташкил қилади. Биринчи ҳижрий асрнинг охирларига келиб, ички урушлардан сўнг, ҳадисда иснод қўлланилиши бошланганда олимлар ровийларнинг ишончлилигини текшириш заруратини ҳис қилганлар[1]. Бир муддат ўтгач, ровийларнинг ҳолатини ўрганувчи илмур рижол деб аталган илм шакллана бошлаган ва тез орада тизимлашган[2]. Ҳадис ровийларини ўрганиш масаласи кўтарилганда, саҳобалар бу тадқиқотдан ташқарида қолдирилган. Тобеин ва кейинги олимлар, саҳобаларнинг адолатида фикр бирлигига келганлар, уларнинг жарҳ ва таъдил жиҳатидан ўрганилишини керакциз деб кўрганлар[3]. Ибн Ҳажар (ваф. 852), бу ҳолатни «Саҳобаларнинг барчаси адолатли эканида аҳли суннат иттифоқ қилган», деб таъкидлаган.
Саҳобаларнинг адолатли экани масаласида баъзи бидъат гуруҳларидан ташқари ихтилофга тушганлар бўлмаган[4]. Аммо, ундан анча олдин Хатиб Бағдодий (ваф. 463 й.) бу масалани батафсил кўриб чиқиб, саҳобаларнинг адолати ҳақида шундай деган: «Пайғамбар (а.с.)дан то охирги ровийгача исноди муттасил бўлган бир ҳадис билан амал қилиш, фақат барча ровийларининг адолатли экани аниқ бўлса мумкин бўлади. Уларнинг ҳолатини ҳар жиҳатдан ўрганиш зарур бўлсада, ҳадисни Расулуллоҳга нисбат берган бир саҳобанинг ҳолати ўрганилмайди. Чунки, саҳобаларнинг адолатли экани, Аллоҳнинг уларнинг адолатли эканини билдириши, пок инсонлар эканини хабар қилиши ва улар ҳақида оятлар тушириши билан аниқ бўлган»[5].
Биринчи асрда пайдо бўлган ва биринчи фитналар деб аталган Жамал (36/656) ва Сиффин (37/657) урушларига қатнашган бўлсалар ҳам, саҳобаларнинг адолатидан шубҳа қилинмаган[6]. Олимлар, саҳобаларнинг адолатини Қуръон[7], ҳадис[8] ва ижмо[9]га асослантирганлар. Ҳадис танқидчилари ҳам ровийларнинг ҳолатини ўрганишни зарур деб билган ҳолда, саҳобаларни танқид қилишдан қочганлар ва уларни ҳеч қандай ёмон сифат билан ёдга олмаганлар ва уларга ёлғончиликни нисбат бермаганлар[10].
Пайғамбар (а.с.)нинг вафотидан кейин саҳоба даври бошланган. Бу давр, ҳадисчиларнинг фикрига кўра, ҳижрий 110 йилгача давом этган. Бу даврнинг бошланғич йиллари, айниқса учинчи халифа Усмоннинг халифалигигача, одамларнинг саҳобаларга нисбатан ишонч ҳисси бор бўлган даврдир. Аммо, Ҳазрати Усмоннинг халифалиги билан бу ҳолат ўзгарган. Ҳазрати Усмоннинг 12 йиллик (23-35 ҳижрий) халифалигининг биринчи олти йили муаммосиз ўтган бўлсада, охирги олти йили ички низолар даври бўлган. Бараварликда ортиб бораётган ички нотинчлик бир инқилобга айланган ва Ҳазрати Усмоннинг ўлдирилиши билан якунланган[11].
Ҳазрати Усмонга қарши юритилган инқилоб ҳаракати биз учун икки жиҳатдан муҳимдир. Биринчиси, биринчи марта бир саҳобий жиддий тарзда танқид қилинган. Иккинчиси, биринчи марта бир саҳобий фуқаролик инқилоби натижасида ўлдирилган.
Ҳазрати Усмоннинг амалларидан норози бўлган бир гуруҳ мусулмон яширинча йиғилиб, Усмоннинг «катта хатолар қилганига, Аллоҳдан қўрқиб тавба қилиши ва халифалик мақомини тарк этиши кераклигига» қарор қилганлар[12]. Бу ҳолат, бир саҳобийнинг саҳобий бўлмаганлар томонидан танқид қилинишига биринчи жиддий мисолдир. Танқидлар қуйидаги нуқталарда тўпланган:
- Қуръонни жамлатгандан кейин мусъҳафларни ёқтириши;
- сафарда намозни қисқартирмасдан ўқиши;
- ўзини Расулуллоҳдан ҳам устун кўриши, Абу Бакр ва Умарни паст даражага олиши;
- Бадр ва Ризвон байъатида қатнашмаслиги, Уҳуд жангидан қайтиши[13].
Бу танқид нуқталари Ҳазрати Усмон учун тўғри бўлмаса ҳам, бир саҳобийнинг саҳобийлик мақомига қарамай танқид қилинганини очиқ-ойдин кўрсатмоқда.
Ҳазрати Усмоннинг ўлдирилишидан кейин, 36/656 йилда Ҳазрати Али билан Ҳазрати Оиша ўртасида Жамал жанги, 37/657 йилда эса Ҳазрати Али билан Ҳазрати Муовия ўртасида Сиффин жанги бўлган[14]. Бу жангларда ичида кўплаб саҳобийлар ҳам бўлган минглаб одам ўлдирилган.
Икки йил ичида содир бўлган бу воқеалар, кенг мусулмон оммаси орасида фикрий бўҳронларга олиб келган. Жангларда иштирок этган ва бир-бирига қилич кўтарган саҳобийларнинг диний ҳолати муҳокамага очилган.
Сиёсий ва эътиқодий тўлқинлар натижасида пайдо бўлган биринчи мазҳаблар ҳам бу баҳсларда ўз ўринларини эгаллади. Бу мазҳабларнинг биринчиси ва энг шафқатсизи Илк хорижийлар (Хаворижул увло) эди. Илк хорижийлар саҳобаларни ёмонлаш билан чекланмай, уларни куфрда айблаганлар[15].
Бу сиёсий платформада пайдо бўлган Рофизийлар (айниқса Ғулоти Рофиза) ҳам Хорижийлар каби ҳаракат қилиб, саҳобаларнинг катта қисмини куфрга тушганини эълон қилганлар[16].
Баъзи зиндиқлар ҳам тўғридан-тўғри Пайғамбар (а.с.)га йўналтира олмаган танқидларини саҳобаларга йўналтириш орқали амалга оширганлар[17].
Баъзи бидъат гуруҳлари эса, саҳобаларнинг уруш йилларигача бўлган ҳолатларини одил деб қабул қилганлар, урушлардан кейинги ҳолатлари бўйича уларни ҳам бошқа ровийлар каби ўрганишга тегишли деб айтганлар.
Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, саҳобалар, Пайғамбар (а.с.)нинг сўз ва амалларини бизгача етказган занжирнинг биринчи ҳалқасидир. Бу биринчи ҳалқа, айниқса ҳадис ривояти нуқтаи назаридан жуда муҳимдир. Чунки, улар бошқа ровийлар каби бўлмай, ҳадисларни бевосита манбаидан эшитганлар. Агар, сўзни манбаидан биринчи эшитганнинг ишончлилиги шикастланса, манба ишончли бўлса ҳам, нақл қилинганнинг тўғрилиги ҳақида шубҳа пайдо бўлади. Бу, тўғридан-тўғри ҳадиснинг авторитетининг силкиниши маъносини англатади. Чунки, кейинги ҳалқада жойлашган бир ровий жарҳ қилинса, адолат сифатига эга бошқа бир ровийни топиш мумкин, аммо, саҳобаларнинг тўлиқ адолат сифати олиб ташланганда, шу табақадан бошқа бир адолатли ровийни топиш имконсиз бўлади. Бу ҳам тўғридан-тўғри ҳадисларни рад этиш маъносини англатади.
Тарихда ҳам шундай бўлгани кузатилади. Бу ҳолатни биринчи аниқлаганлардан бири Суютий (ваф. 911 й.) бўлган. «Мифтаҳул жанна» асарида рофизийларнинг ҳадисларни инкор қилиш сабаби ҳақида шундай дейди: «Рофизийларнинг ғаройиб ишларидан бири ҳам саҳобаларни адашган деб қабул қилишлари ва адашган одамларнинг ривоятлари бўлгани учун ҳадисларни рад қилишларидир»[18].
Худди шу ҳолатни замонавий Ғарб тадқиқотчиларидан Уотт ҳам бундай баён қилади: «Рофизийларнинг асосий доктринасининг табиий натижаси ҳам шундай эди: Исломда махсус мақомга эга бўлган саҳобаларнинг кўпчилиги, Пайғамбарнинг вафотидан кейин Алини халифа сифатида тан олмаганликлари учун Пайғамбарнинг буйруғига итоат қилмаган эдилар. Шунинг учун, унинг ҳадисларини нақл қилишга лойиқ одамлар эмас эдилар. Рофизийлар, шу тариқа, шариат ёки ислом ҳуқуқининг асоси бўлган ҳадиснинг нозик тузилишини, шунингдек, ҳадисчи ва ҳуқуқшунос олимлар синфининг ривожланаётган таъсир ва кучини портлатиб юборишган»[19].
Рофизийлар каби, хорижийлар ҳақида ҳам худди шу нарсаларни айтиш мумкин. Таҳким воқеасидан кейин пайдо бўлган бу гуруҳ, барча саҳобаларни такфир қилган. Шу билан бирга, бу саҳобаларнинг қилган нақлларини ҳам қабул қилмаганлар.
Шиалар ҳам, аҳли байтдан ташқаридаги саҳобаларни одил деб ҳисобламаганлари учун фақат аҳли байт йўли орқали келган ривоятларни қабул қилганлар.
Бугунги ислом дунёси, илмий, маданий ва цивилизация соҳасидаги каби ташқи кучларнинг гегемонлиги остига кириб, деградация/инқироз жараёнларини бошдан кечирган ва ҳали ҳам кечирмоқда. Узоқ йиллар давомида бутун ислом оламида босқинлар содир бўлган. Бу босқинлар фақат жисмоний бўлиб қолмай, шунингдек диний, ахлоқий, илмий ва маданий жиҳатдан бир қатор аралашувлар орқали модернизмнинг ҳукмрон бўлишига ҳаракат қилинган. Ислом дунёсига модернизм ва модернист оқимларнинг таъсири мавжуд. Бу доирада мусулмон аҳолига эга бўлган мамлакатлар, диндан узоқлаштиришга ҳаракат қилингани каби, диний/ахлоқий жиҳатдан бузишга ҳаракат қилинган. Шунинг учун мусташриқлар бу вайрончилик ва деградацияни амалга ошириш ва тезлаштириш учун вазифаланган. Ҳатто бу нуқтада ислом дунёси орқада қолишининг сабаби Ислом дини эканини ва шу сабабли ислоҳ қилиниши кераклигини сингдиришга ҳаракат қилишган. Бунинг натижаси сифатида ҳам ислом динини қисқартириш учун суннатсиз Қуръон мусулмончилиги шиорини ҳам олға суришган. Суннат ва пайғамбар четга чиқарилганда амалга оширмоқчи бўлган режа ва лойиҳаларини жуда осонлик билан ҳал қилишлари мумкин бўлади. Қуръоннинг маъно жиҳатдан таҳриф қилиниши осонлашади. Ҳадисга қарши бўлганларнинг ҳимоя қилганларининг муҳим қисми, мусташриқларнинг даъволари билан деярли бир хил келади. Афсуски, маҳаллий баъзи ҳимоячилар, мусташриқларнинг вакиллари каби ҳаракат қилиб, улардан қолишмайди.
Ислом жамияти тарих давомида рисолатнинг бошланишидан бошлаб Пайғамбар (а.с.)нинг авторитетини парчаламасдан бир бутунликда қабул қилган; диннинг эътиқод, ибодат, ахлоқ, муомалот ва аҳкомига оид барча қоидаларини универсал бир қадрият ва амал қилиниши/намуна олиниши керак бўлган ҳаёт тартиби сифатида қабул қилган. Чунки Пайғамбар (а.с.)нинг таблиғ вазифаси, фақат оғзаки баён эмас, балки бутун ҳаёти билан жамиятга намуна бўлиш вазифасидир. Суннатни четга чиқариб, Қуръоннинг эътиқод, ибодат, ахлоқ ва аҳкомга оид буйруқ ва тақиқларини тўғри тушуниш ва ҳаётга татбиқ этиш мумкин эмас. Масалан, Қуръонда буюрилган намознинг вақтлари, ўқилиши тартиби, закотнинг қайси моллардан қайси миқдорларда берилиши, ҳажнинг қандай амалга оширилиши, ҳад ва уқуботга оид аҳкомнинг тўлиқ қандай қўлланилиши Қуръонда тушунтирилмайди. Чунки Қуръони карим, умумий ва мухтасар тушунтиришлар беради. Бунинг барчасини қандай амалга оширишни ва қилишни бизга фақат суннат ўргатади. Шунинг учун диннинг аҳкомини ўрганганимизда деярли аҳкомнинг 80% ини суннат ташкил қилади.
Суннатни рад этиш ва уни исломнинг манбаи сифатида қабул қилмаслик, Пайғамбарсиз бир дин тасаввур қилиш демакдир. Шунингдек, Қуръонни тўлиқ тушуниш ёки ҳаётга татбиқ этиш жуда қийин, ҳатто имконсиздир. Суннатнинг боғловчи эмаслигини айтганларнинг фикрларини исботлаш учун олға сурган сўзларининг ҳеч бири илмий ҳақиқатлар билан мос келмайди. Ҳаммаси номутаносиб, илмий асоси бўлмаган, мажбурий ва бузиб кўрсатилган фикрлардан иборат. Ақли расо ва самимий бўлган бир мусулмоннинг бу ботил фикрларнинг ортидан бориши мумкин эмас. Суннат ва ҳадиснинг ўз ичида баъзи муаммолар бўлса, ўтмишда бўлгани каби бугун ҳам ҳал қилиш йўлига борилиши мумкин. Аммо бундай исломни йўқ қилиш мақсадида ҳадисни инкор қилиб, адашган йўл тутиш яхши ният билан изоҳланадиган нарса эмас.
Сўнгги даврларда модернизмнинг таъсири билан суннатни рад этиб, фақат Қуръон билан кифояланиш фикри ва оқими аввал Ҳинд субконтинентида, кейинчалик аҳли Қуръон оқими/ҳаракати Мисрда ўзини кўрсатган ва кейинчалик бошқа мамлакатларда ҳам бунинг давоми кузатилган. Ҳолбуки, ислом дини фақат бир манбадан иборат бўлмай, иккинчи манба суннатдир. Тарих давомида ҳам барча мусулмонлар суннатнинг манба эканлигига, суннатнинг қисман ваҳий эканлигига, боғловчилиги ва ҳукм қўйиш ҳуқуқини қабул қилишда ҳеч қандай шубҳага тушмаганлар. Бу ишимизда ҳадисга қарши бўлишнинг бугунги фитна эканлиги, ҳадиссиз Қуръон мусулмончилиги шиори бир фантазия ва орзу эканлиги, Пайғамбар (а.с.)нинг ваколат доираси фақат таблиғдан иборат эмаслиги, ҳукм қўйиш ва баён қилиш ҳуқуқи борлиги, унга билдирилганича ғайбни билиши, биринчи муфассир эканлиги, суннатнинг ваҳий билан боғлиқлиги, суннатнинг боғловчилиги, суннатга итоат ва эргашиш зарурлиги, суннатнинг далил эканлиги, ҳадисларнинг Пайғамбар (с.а.в) даврларида ёзилганлиги, ҳадисни Қуръонга тақдим қилишда ёмон ният билан ҳаракат қилиб бўлмаслиги каби мавзуларга тўхталиб, илмий жавоблар берилган.
Натижада, ҳар бир инсоннинг бу дунё ҳаётида адашмасдан, ҳайрон қолмасдан йўлнинг охиригача тўғри йўлда бўлиши учун Қуръон ва ҳадислардан бизга ўргатилган қуйидаги дуоларни доим ўқиб туришининг фойдаси бор. Чунки ҳеч ким учун шайтон томонидан оёқларини силжитиб юбормаслиги кафолати йўқ эканлиги маълум бўлиши керак: «(Эй) Роббимиз, бизни ҳидоятга етказгандан кейин қалбларимизни силжитма ва бизга ўз ҳузурингдан раҳмат ато эт» (Оли Имрон, 3/8). «Оёқларимизни собит қил» (Бақара, 2/250; Оли Имрон, 3/147). «Бизни тўғри йўлга (сиратул мустақимга) етказ» (Фотиҳа, 1/6). «Эй қалбларни ҳолдан ҳолга ўзгартирувчи Аллоҳим, менинг қалбимни динингда доим ва собит қил!» (Термизий, Қадар 7; Ибн Можа, Муқаддима, 13).
Ҳадисга қарши ҳаракат инсонни фақат Қуръон мусулмонлигига, Ислом фақат Қуръондан иборат деган қарашлар ҳадисларни инкор қилишга ва аҳоли ўртасида нотўғри тушуниши ҳолатларига сабаб бўлган. Ҳадисга қарши мухолифат ҳаракатининг ёки ҳадис инкорчилигига биринчи ҳаракат ҳижрий иккинчи асрда содир бўлган, иккинчиси эса ХИХ асрда, маданият ва цивилизация жиҳатидан ғарбнинг гегемонлиги остида бўлган муҳитда пайдо бўлган. Сўнгги даврларда модернизмнинг таъсири билан суннатни рад этиб, фақат Қуръон билан кифояланиш фикри ва оқими аввал Ҳинд субконтинентида, кейинчалик аҳли Қуръон оқими/ҳаракати Мисрда ўзини кўрсатади ва кейинчалик бошқа мамлакатларда ҳам бунинг давоми кузатилади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





