Home / МАҚОЛА / ҲАДИСЛАРНИ ИНКОР ЭТИШ САБАБЛАРИ ВА ОҚИБАТЛАР(2-қисм)

ҲАДИСЛАРНИ ИНКОР ЭТИШ САБАБЛАРИ ВА ОҚИБАТЛАР(2-қисм)

Ҳадисларни инкор қилишнинг диний ҳукми ҳақида аниқ бир хулосага келиш жуда қийин. Чунки, инкор тушунчасининг англатган маъноси «куфр ёки кофир» ҳукмига яқиндир. Одамлар ҳақида бундай ҳукм чиқариш ҳам Қуръон нуқтаи назаридан, ҳам виждонан қийин. Шу боисдан ҳадисларни инкор қилишнинг ҳукмини беришда эҳтиёткор бўлишимиз керак. Ғаззолий (ваф. 505) бу борада берган ишора биз учун муҳимдир. Унга кўра, «шоҳодат калимасини айтган ва шоҳодатига зид келмаган, бир узри бўлсин ёки бўлмасин Пайғамбар (а.с.)га ёлғонни жоиз кўрмаган бир мўмин такфир қилинмайди». Ибн Таймия (ваф. 728) ҳам бу борада жуда бағрикенгдир. Унга кўра, баъзи хатолар туфайли умматни такфир қилиш тўғри эмас. Айниқса, илмий масалаларда ва феълий масалаларда қилинган хатолар на куфр, на бидъат, на фисқдир. Биз ҳам ҳадисларни инкор қилиш борасида уламоларнинг бу фикрларига таянамиз. Шунинг учун, «ҳадисларни инкор қилиш» деганда «такфир» ёки «куфр» билан айблаш каби мақсадимиз йўқлиги маълум бўлиши керак.

Аввало, ҳадисларни мутавотир ва оҳод хабарлар деб икки категорияда кўриб чиқиш керак. Мутавотир хабарлар, ёлғон гапириш учун бирлашишлари ҳеч қачон мумкин бўлмайдиган миқдордаги кўп сонли ровийлар жамоасининг, шу миқдордаги бошқа ровийлар жамоасидан қилган нақлларидир[1]. Оҳод хабарлар эса, қисқача таърифлаш керак бўлса, мутавотир даражасига етмаган хабарлардир[2].

Ҳадисларни рад этишнинг ҳукми мутавотир ва оҳод бўлишларига кўра ўзгаради. Чунки, мутавотир маълумот аниқ илмни ифода этади. Масалан, Ибн Ҳазм (ваф. 457)га кўра мутавотир хабар, ҳиссий идрок (беш ҳис) билан олинган маълумот каби аниқ бир маълумот манбаидир[3]. Божий (ваф. 476) ҳам ҳанафийларнинг фарз ва вожиб ажратмаларига эътироз билдириб, пайғамбардан келган хабар – бу билан аниқ хабарни назарда тутган бўлиши керак – Қуръон насси билан бир хил даражада эканини, чунки ҳар иккисининг манбаи ваҳий эканини айтади[4]. Зотан каломчилар ҳам «хабари содиқ» деб аталган хабар турини ҳис органлари каби маълумот манбалари сифатида қабул қиладилар[5].

Бизга кўра ҳам пайғамбардан нақл қилинган мутавотир хабар, лафзий ёки маънавий бўлсин, аниқ маълумотни ифода этади. Лафзлардаги баъзи фарқлар агар маънони бузмаса, хабарнинг мутавотир бўлишига тўсқинлик қилмайди. Шунинг учун мутавотир йўл билан келган хабарларни қабул қилишимиз керак.

Мутавотир хабарни рад этиш билан оҳод хабарни рад этиш ўртасида ҳукм жиҳатидан фарқ бор. Масалан, Қуръон Ҳазрати Оишанинг бегуноҳлигини ҳукм қилган ҳолда, уни зино қилган деб даъво қилган киши кофирдир. Чунки, бу ва шунга ўхшаш ҳолатлар, пайғамбарни ёки мутавотирни ёлғончи қилиш билан мумкин бўлади. Мутавотирни инсон тили билан ёлғончи қилиш мумкин бўлсада, қалбан уни билмаслиги мумкин эмас. Ҳа, агар инсон оҳод хабарлар билан собит бўлган нарсани инкор қилса, кофир бўлмайди[6].

Бошқа бир мисол, Исро ва Меърож воқеаси билан боғлиқ. С. Килавуз буни мисол қилиб шундай дейди: «Исро воқеасини инкор қилиш куфрдир. Меърож воқеасини инкор қилиш эса куфр эмас. Чунки, биринчиси оят билан собитдир, иккинчиси мутавотир даражасига етмаган ҳадис билан собитдир»[7]. Усул олимларидан Сарахсий (ваф. 490 й.) ҳам Китоб ва суннат билан собит бўлганни рад этганни такфир қилиш керак, деб ҳисоблайди. Ибн Ҳазм (ваф. 457 й.) бу борадаги фикрларини шундай баён қилади: «Бир киши «Биз фақат Қуръонда топганимизга амал қиламиз» деса, умматнинг ижмосига кўра, кофир бўлади. Бундай ўйлаган инсон, қуёш ғарбга қараб ботгунча ва ботгандан кейин[8] бир ракат намоз ўқиса, унга етарли бўлади. Чунки, энг камида бир ракатга намоз номи берилиши мумкин. Унга кўра, буни кўпайтиришга ҳожат йўқ. Бундай дейдиган киши кофирдир, мушрикдир, қони ва моли ҳалолдир»[9]. Ибн Ҳазм (ваф. 457 й.) бошқа жойда Исъҳоқ ибн Роҳуя (ваф. 238 й.)нинг қуйидаги фикрларини нақл қилади: «Пайғамбар (а.с.)нинг бир хабарини эшитган, ўша хабарнинг саҳиҳлигини қабул қилгандан кейин рад этган киши кофирдир»[10].

Мутавотир хабарлар билан боғлиқ ҳолат шундай бўлсада, оҳод хабарлар учун худди шуни айтиш мумкин эмас. Чунки, оҳод хабарлар аниқ маълумотни ифода этмайди. Оҳод хабарлар билан амал қилиш масаласи алоҳида бир мавзу. Ибодатда, ҳуқуқда ёки ахлоқда оҳод хабарлар билан амал қилиш ёки амал қилиш шартларини муҳокама қилиш алоҳида бир мавзу. Биз бу ерда назарда тутганимиз хабарларни тўғридан-тўғри рад этиш масаласидир. Аксинча, баъзи хабарларнинг саҳиҳлиги учун оҳод бўлишлари шарт бўлиши ҳам мумкин.

Ҳадисларни тўлиқ ёки қисман рад этиш ўртасида фарқ йўқ. Ўтмишда, Шиа имомлари фақат ўз имомлари орқали келган ҳадисларни қабул қилганлар, бошқа ҳадисларни эса рад этганлар. Биз аниқлай олганимизча, Хорижийлар ҳам ҳадисларни тўлиқ рад этган. Аммо, ҳар икки ёндашув ўртасида натижа жиҳатидан фарқ йўқ. Чунки, диннинг икки манбаидан бири бўлган ҳадис ва суннатни рад этиш, тўлиқ ёки қисман рад этилган бўлсин, диннинг муҳим таянчларини йўқ қилиш маъносини англатади.

Ҳадисларни қисман бўлса ҳам рад этиш, диннинг моҳиятининг таҳриф қилиниши ва диний ҳаётнинг тўхтаб қолишига олиб келади. Бу ерда муҳим бир ишора пайдо бўлади. Юқорида, ҳадисларни рад этишни мутавотир ва оҳод бўлишлари нуқтаи назаридан кўриб чиқдик. Энди, ҳадисларни рад этиш билан пайдо бўлиши мумкин бўлган натижалар нуқтаи назаридан ўйлашимиз керак. Агар, бир ҳадиснинг рад этилиши диннинг асосий фалсафасида, асосий ибодат ва ахлоқ тизимида, ижтимоий тартибда бузилиш яратса, қисқаси диннинг моҳияти ва қўлланилишида бузилишлар келтириб чиқарса, бу турдаги рад этиш қабул қилинмайди. Масалан, намознинг ўқилишига оид Пайғамбар (а.с.)дан келган ривоятларни рад этиш, намоз ибодатининг барча хусусиятини йўқотишига олиб келади. Чунки, намознинг қандай ўқилишини барча тафсилотлари билан ҳадис ва суннат мажмуасидан ўрганамиз.

Бугун, ҳадисларни рад этишни касб қилиб олганлар орасида диннинг таҳриф қилинишига қўрққанлари учун ҳадис билан суннатни алоҳида кўрадиганлар бор. Уларга кўра, «ҳадис пайғамбаримизнинг сўзи, суннат эса унинг амали. Суннат, амал қилина-қилина авлодлар орасида нақл қилиниб бизгача етиб келган. Шу боисдан суннатга ишонишимиз мумкин. Аммо, ҳадислар оғзаки ривоятлар шаклида нақл қилингани учун, ҳадисларга ишониш мумкин эмас». Ҳолбуки, биз, нақл қилинган суннатлар орасида Пайғамбар (а.с.)га тегишли бўлмаган баъзи масалаларни ҳадис ривоятларига қараб аниқлай оламиз. Шу боисдан, мазкур иддао зоҳирни қутқаришдан бошқа мақсадга қаратилмаган.

Давоми бор…

[1] Ugur M. Ansiklopedik hadis terimleri sozlugu. TDV yayinlari. – Анқара: 1992.
[2] Ugur M. Ansiklopedik hadis terimleri sozlugu. DİB yayinlari. – Анқара: 1988.
[3] Ибн Ҳазм. ал-Иҳком фи усулил аҳком. – Миср: 1345-1347. Ж.1. – Б. 104.
[4] Божий, Сулаймон ибн Ҳалаф. ат-Таъид ват таржиҳ ли ман харража анҳул Бухорий фил Жомиъус Саҳиҳ. – Риёз: 1987. Ж. 1. – Б. 171.
[5] İşik K. Maturidi’nin kelam sisteminde iman, Allah ve Peygamberlik anla­yişi. – Анқара: 1980. – Б. 48.
[6] Ғаззолий. Файсалут тафриқа. – Б. 16.
[7] Сарахсий, Абу Бакр Муҳаммад. Усулус Сарахсий. – Байрут: 1973. Ж. I. – Б. 318.
[8] Исро сураси, 78-оят.
[9] Ибн Ҳазм. ал-Иҳком фи усулил аҳком. Миср: 1345-1347. Ж.2. – Б. 80.
[10] Ибн Ҳазм. ал-Иҳком фи усулил аҳком. Миср: 1345-1347. Ж.1. – Б. 99.
Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим

Check Also

Қариндошлик ришталарининг аҳамияти

Қариндошлик риштаси – бу инсонларни бир-бирига яқин қилиб турадиган, уларни бир оила, бир жамоа қилиб …