Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ватан ҳимояси – юксак онг ва ватанпарварлик ифодаси

Ватан ҳимояси – юксак онг ва ватанпарварлик ифодаси

Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов йиғилганларни қутлуғ айём билан табриклаб, Ватан ҳимояси бугун фақат қурол билан эмас, балки билим, маънавият, фидойилик ва юксак масъулият орқали амалга оширилаётган улкан ва муқаддас вазифа эканини таъкидлади. Қайд этилганидек, мамлакат тараққиёти, тинчлик ва барқарорликни асраш йўлида Қуролли Кучларимиз жамиятнинг ишончли таянчи сифатида муҳим ўрин тутади.

Сўзга чиққанлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида илгари сурилган ғоя ва фикрларга алоҳида тўхталиб, халқ билан армия ўртасидаги мустаҳкам бирлик мамлакат қудрати ва барқарор тараққиётнинг асосий омилларидан бири эканини қайд этди. Айтилганидек, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳияти билан бир қаторда, ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-ахлоқий фазилатлари, ватанпарварлик руҳи ва фидойилиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шунингдек, тадбирда Ватан олдидаги муқаддас бурчини адо этиш чоғида мардларча ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотираси чуқур эҳтиром билан ёдга олинди. Уларнинг жасорати бугунги ва келажак авлод учун садоқат, матонат ва ватанпарварликнинг юксак намунаси экани қайд этилди.

Муҳокамалар давомида глобаллашув жараёнлари ва мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда илм-фан, маърифат ва маънавият соҳасида фаолият юритаётган зиёлилар зиммасига катта масъулият юкланаётгани таъкидланди. Марказ жамоаси “маънавий фронт”да фаол хизмат қилиб, жамиятда соғлом дунёқарашни шакллантириш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани алоҳида эътироф этилди.

Байрамона ва руҳлантирувчи муҳитда ўтган тадбир иштирокчиларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлаб, ўз касбига сидқидил ёндашиш, юрт равнақи йўлида фидойилик билан хизмат қилишга янги руҳ ва шижоат бағишлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ тажрибаси – Истанбул симпозиумида

Туркия Қўлёзма асарлар бош бошқармаси ташаббуси билан Истанбул шаҳрида “I Халқаро қўлёзмалар симпозиуми” бўлиб ўтди. …