Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Илм – жаҳолатдан ягона нажот

Илм – жаҳолатдан ягона нажот

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Жиззах давлат политехника институтида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.

Тадбирда жаҳолат ва вайронкор ғояларга қарши курашишда илмнинг ўрни, инсонни тўғри йўлга бошловчи маърифатнинг ҳал қилувчи роли ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Марказ илмий ходимлари илмнинг инсон қалби ва тафаккурини равшанлантирувчи куч сифатидаги аҳамияти, айниқса, глобал ўзгаришлар даврида ёшлар учун зарур бўлган фикрий мустақиллик ва маънавий барқарорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, объектив билимларга эга бўлиб, ишончли манбаларга таяниш – ҳар бир йигит-қиз учун муҳим маънавий масъулият. Чунки илм пойдеворига суянмаган жамият тараққиёт йўлида барқарор илгарилай олмайди. Шунда келиб чиққан ҳолда, иштирокчиларга радикал оқимларнинг мақсад ва манфаатлари, уларнинг ёшлар онгига таъсир кўрсатиш усуллари ҳамда бундай хатарларга қарши маърифат орқали курашишнинг аҳамияти батафсил тушунтириб берилди.

Учрашув давомида талабалар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутахассислар билан фикр алмашди. Уларга илмнинг ҳаётдаги ўрни, билимни тўғри танлаш мезонлари ва бугунги ахборот майдонида йўл қўйилаётган манипулятив таъсирлардан ҳимояланиш усуллари ҳақида амалий тавсиялар берилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ҳиндистонда Қуръон ва фан “мулоқоти”

Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ўтказилаётган “Қуръон ва фан” мавзусидаги III халқаро конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий …