Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом институти томонидан мамлакатимизда диний-маърифий йўналишда олиб борилаётган илмий изланишлар натижаларини маҳаллий ва халқаро жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида 24 апрель куни Тошкент ислом институтида шу мавзуда халқаро илмий конференция ўтказилди.
Онлайн ва офлайн тарзда ташкил қилинган анжуманда маҳаллий ва хорижий олимлар қаторида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими Мехрожиддин Амонов ҳам иштирок этиб, “Глобаллашув даврида диний ихтилофларнинг олдини олишда ҳадис ва ҳадис илмларининг ўрни” номли шўъбасида “Мовароуннаҳрлик муҳаддислар илмий мероси” мавзусида маъруза қилди.
Конференция моҳиятидан келиб чиққан ҳолда, тадқиқотчи ислом динининг асл манбаларини талқин қилишда аҳли сунна вал жамоанинг тутган йўли ҳамда буюк муҳаддисларимиз мерос қолдирган саҳиҳ ҳадисларга таяниш лозимлигини диёримиз заминидан етишиб чиққан Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий ва унинг “Сунани Доримий” асари мисолида кўрсатиб берди. Алломанинг ҳаёт йўли, илмий фаолияти, дунё кутубхоналарида сақланаётган асарлари ҳақида маълумотлар келтириб, иштирокчилар диққат-эътиборига ноёб тарихий фактларни ҳавола қилди.
Конференция қатнашчилари мамлакатимизда маънавий қадриятларнинг ҳаётий ўрнини тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ва самарасини юқори баҳолаб, бу жараёнда аждодларимизнинг диний-маърифий меросини чуқур тадқиқ қилишга қаратилаётган эътибор ва саъй-ҳаракатлар миқёси ортиб бораётганини мамнуният билан эътироф этди.