Мамлакатимизда кейинги йилларда диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш, Ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома аждодларимиз илмий меросини тадқиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги икки йил давомида ушбу йўналишда жаҳон ҳамжамиятининг эътирофи, халқимизнинг эътибори ва эҳтиромига сабаб бўлган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бугун замон олдимизга қўяётган долзарб масалаларни ечишга қодир малакали кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистоннинг илм-маърифат маркази сифатидаги тарихий мақомини қайта тиклаш ва янада ривожлантиришдан иборат.
Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг ташаббуси билан бунёд этилган илмий Марказ мамлакатимизда халқимизнинг маънавий юксалишида ёш–авлод тарбиясида катта аҳамиятга эга. Қисқа муддатда бунёд этилган ва ўз фаолиятини бошлаган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига кейинги кунларда маҳаллий меҳмонлардан ташқари халқаро меҳмонлар ташрифи ҳам тобора ортмоқда.
Жорий йилнинг 12 апрел куни Буюк Британиянинг Лондон шаҳри Локал масжиди имоми доктор Самариддин Қосимий билан биргаликда 30 нафар Британиялик зиёратчилар келишди. Самариддин Қосимий Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига “Асмору-л-ҳидоя аъла-л-ҳидоя” номли 13 жилддан иборат шарҳ ёзган Ҳанафий йўналишидаги йирик олимларидан бири ҳисобланади.
Халқаро меҳмонларни Марказ директори ўринбосари доктор (PhD) Ш. Умаров ва ҳадисшунослик шуъбаси раҳбари Б. Амонов кутиб олди. Ш. Умаров халқаро меҳмонларни бинонинг кириш қисми пештоқларига ёзилган Қуръон оятлари билан таништириб, марказнинг яратилиш тарихи, унинг фаолияти ва вазифалари ҳамда бу ерда икки йил давомида амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, илмий ходимларнинг буюк аждодимиз меросини ўрганиши учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди.
Марказдаги музей ва тарихий қўлёзмалар фонди ушбу масканнинг том маънода халқаро аҳамият касб этиши, унинг дунё миқёсидаги нуфузи ва салоҳияти юксаклигини кўрсатиб туриши қайд этилди. Хорижий исломшунос олимлар Марказ жамоаси билан илмий жараёнда кечган суҳбатлардан мамнун эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг ҳадисшунослик шуъбаси раҳбари Б. Амонов халқаро меҳмонларга музейда сақланаётган Имом Бухорийнинг турли даврларга тегишли ҳадис илмига оид асарлари, экспозициялар ҳамда замонавий ахборот берувчи воситалар тўғрисида маълумотлар берди. Меҳмонлар музейдаги буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратларни қизиқиш билан томоша қилдилар. Меҳмонлар мазкур Марказ келажакда бутун дунё ислом уламоларини, муҳаддисларини бирлаштирадиган ва уларни бир фикрда умумлаштирадиган йирик Марказ сифатида фаолият олиб боришини таъкидлади.