Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Мотуридий – маърифат байроқдори

Имом Мотуридий – маърифат байроқдори

Жорий йилда буюк мутакаллим ва исломий илмлар тараққиётига улкан ҳисса қўшган Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган муҳим қарор миллий ва диний маърифат тараққиётида янги босқични бошлаб берди.

Имом Мотуридий нафақат Марказий Осиё, балки бутун ислом олами узра калом илмида мустаҳкам таълимот яратган жаҳоний алломалардан бири ҳисобланади. Унинг илмий мероси дунё мусулмонларининг маънавий муҳитида оқилона тушунчаларни шакллантириш ҳамда жаҳолат ва мутаассибликка қарши маърифат орқали кураш ёндашувини шакллантиришда муҳимдир. «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги Қарор айнан ана шу бебаҳо илмий-маънавий бойликни кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни аждодлар меросига садоқат руҳида тарбиялаш, уларга холис ва тўғри маълумот етиб боришини таъминлашга қаратилган.

Қарорда Имом Мотуридий меросини чуқур ўрганиш, унинг асарларини таржима қилиш ва кенг оммага етказиш, шунингдек, халқаро илмий ҳамкорликни кучайтириш каби масалалар устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу эса нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам илмий дунёқараш ва маърифатни юксалтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур қарор доирасида республика ва халқаро миқёсда илмий конференциялар, симпозиумлар ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилиши режалаштирилган. Бу тадбирлар Имом Мотуридий таълимотининг бугунги кунда ҳам долзарблигини намоён этиш ва унинг инсонпарварликка асосланган ғояларини кенг тарқатишга ёрдам беради. Бу эса Имом Мотуридийнинг илмий меросини ёшларга етказишда ҳам муҳим қадам ҳисобланади. Чунки қарор асосида таълим муассасаларида Имом Мотуридий таълимотига оид махсус курслар ва танловлар ўтказилиши режалаштирилган. Бу эса янги авлоднинг маънавий ва ақлий салоҳиятини оширишга, уларни ислом маърифатпарварлиги ғоялари билан таништиришга хизмат қилади.

Имом Мотуридийнинг таълимоти мўътадиллик, дунёқараш эркинлиги, ақлий таҳлил ва диний бағрикенгликни тарғиб қилгани билан аҳамиятлидир. У ўзининг машҳур «Китоб ат-тавҳид» асарида илмий дунёқарашни шакллантиришда асос сифатида хизмат қилувчи «Маърифат назарияси»ни тўлиқ очиб берган. Унга кўра, ҳиссий билимлар, ақлий мантиқ ва ишончли маълумот илм ҳосил қилишнинг тамал пойдевори ҳисобланди. Бу эса аллома таълимотини замонлар оша эскирмайдиган оламшумул хусусиятга эга бўлишида асосий омил бўлди. Шунингдек, Имом Мотуридийнинг «Таъвилот ал-Қуръон» номли тафсирида ҳам Қуръони карим оятлари илмий дунёқараш, мантиқий таҳлил ва рационал тафаккур билан ҳамоҳанг эканини очиб беришга катта эътибор қаратган.

Ҳозирги кунда Имом Мотуридий таълимоти жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Дунё бўйлаб экстремизм ва радикализм хавфи кучайиб бораётган бир даврда Имом Мотуридийнинг таълимоти жаҳолат ва мутаассибликка қарши маърифат ва ақл-заковат билан жавоб беришга чорлайди.

Шунингдек, Имом Мотуридий таълимоти юртимизнинг исломий меросини чуқур ўрганиш, аждодларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини тўлақонли англаш, адолат, инсонийлик ва маърифатпарварлик тамойиллари асосида ҳаёт барпо қилишга хизмат қилади. Шу жиҳатдан, юбилей тантаналари университетларда ва илмий-тадқиқот муассасаларда Имом Мотуридий меросини ўрганиш бўйича янги тадқиқотлар олиб борилишига кучли туртки бериши кутилмоқда.

Имом Мотуридийнинг 1155 йиллигини нишонлаш бўйича қабул қилинган қарор миллий қадриятларимизни мустаҳкамлаш, маърифатни тараққий эттириш ҳамда ёшларни илм ва эзгуликка йўналтиришда катта аҳамиятга эга. Ушбу қарор орқали юртимизда маънавий меросимизга бўлган эътибор янада кучайиб, унинг илмий асосда ўрганилиши янги босқичга кўтарилиши шубҳасиз. Буюк алломанинг бой илмий мероси ҳамиша инсонларни ҳидоят сари етаклайдиган манба бўлиб қолади.

Шу билан бирга, нафақат маҳаллий, балки халқаро даражада ҳам Имом Мотуридий таълимотига қизиқиш ортиб боради. Бу эса Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросини дунёга янада кенгроқ танитиш имконини беради. Илмий экспедициялар, қўлёзма манбаларни аниқлаш ва нашр этиш ишлари янада жадаллашади.

Шундай қилиб, Имом Мотуридийнинг 1155 йиллиги давлат ва жамият томонидан юксак эътироф этилаётгани, унинг илмий меросини ўрганишга кенг имкониятлар яратилаётгани миллий ва умуминсоний қадриятларимиз, ислом динининг маърифатпарвар моҳияти ва бағрикенглик ғояларини жамиятда кенг тарғиб қилишда муҳим қадамдир. Бу эса юртимизда тинчлик, тараққиёт ва юксалиш руҳини янада мустаҳкамлайди.

Зафар ФАХРИДДИНОВ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи
Манба: UzA

Check Also

НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ХУЛҚЛАРИ

Гўзал хулқ соғлом жамиятнинг тамал тоши ҳисобланади. Унинг аҳамиятини фақат феъл-атвори бузилган ва мўминлар орасида …