Муқаддас динимизда илм-маърифат ўрганиш алоҳида фазилатли ибодат саналади. Шу сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари уммий (ўқиш ва ёзишни билмайдиган) бўлишига қарамасдан, умматни илму маърифатга жуда қаттиқ тарғиб қилганлар. Бу ўриндаги саводсизликни жоҳиллик билан аралаштириб юбормаслик керак. Чунки баъзан инсон илмли киши бўлса ҳам жоҳил ҳолда қолавериши мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўзлари уммий бўлсалар ҳам жоҳил бўлмаганлар. Қалблари доимо илм-маърифатга ошно бўлган. У зот ўзларининг пайғамбарлик вазифаларидан келиб чиқиб, умрларининг охирига қадар шаръий билимларини ўргатишга, хусусан, Қуръони каримни ёддан бехато ўқиш ва ўқитишга алоҳида аҳамият берганлар.
قال ابن عيينة رحمه الله: ولم يزل ﷺ في زيادة من العلم حتى توفاه الله عز وجل.
Ибн Уяйна розияллоҳу анҳу айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам то Аллоҳ таоло у зотни вафот эттиргунга қадар илмларини оширишда давом этдилар”[1].
Мўмин-мусулмон киши илм билан қадр топади ва бошқалар учун манфаатли инсонга айланади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, “Имон яланғочдир, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”[2]. Шу сабабли Ислом динида илм олиш ҳар бир эркак ва аёлга фарз экани таъкидланган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عن ابن عباس مرفوعاً: طلب الْعلم سَاعَة خير من قيام لَيْلَة ، وَطلب الْعلم يَوْمًا خير من صيام ثَلَاثَة أشهر.
“Бир соат илм билан машғул бўлиш савоби бир тун ухламасдан ўқилган нафл ибодатлардан афзалроқдир. Бир кун илм талабида машғул бўлиш бир ойлик нафл рўза савобидан афзалроқдир”, деб айтганлар[3].
Янада тушунарлироқ қилиб айтадиган бўлсак, Рамазон ойида ўқийдиган бир оқшомлик таровиҳ савобидан бу ойда бир соатлик илм билан машғул бўлиш савоби кўпроқдир. Чунки, таровиҳ нафл ибодат, илм талаб қилиш эса ислом нуқтаи назаридан оммага фарзи кифоя саналса-да, аммо мактаб ўқувчилари, коллеж ва олий таълим муассасаларининг талабалари учун фарзи айн саналади. Шунингдек, рамазон ойида бажарилган ҳар бир фарз ибодатга, жумладан, илм талаб қилиш амалига ҳам етмиш фарзнинг савоби ёзилади. Бундан исломда илм олиш нечоғлик буюк ибодат эканини англаш мумкин. Рамазон ойида нафл ибодатларни кўпроқ бажармоқ савобли амал, аммо илм билан машғул бўлиш ундан-да савоблироқдир. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
قال ابن عباس رضى الله عنه: تدارُسُ العلم ساعةً من الليل خيرٌ من إحيائها.
“Тунлари бир соат илм билан машғул бўлиш тунни ибодат билан қоим ўтказишдан яхшироқдир” деб айтган[4].
وقال الثوري: ليس عملٌ بعد الفرائض أفضل من طلب العلم.
Шунингдек, Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ: “Фарз амалларидан кейин илм талаб қилишдан кўра яхшироқ амал йўқдир”, деган.
Дарҳақиқат, ҳадисларда айтилганидек, ҳар бир мўмин-мусулмон учун илм олиш фарздир. Рамазон – илм ўрганиш, маърифат ҳосил қилиш ойидир. Бу ойда бажарилган ҳар бир суннат амал учун фарзнинг савоби, ҳар бир фарз амал учун етмишта фарзнинг савоби берилади. Бу ой илм ва ҳикмат ўрганиш учун фурсат ойидир. Чунки фарзи айн бўлган ибодатлардан сўнг уларнинг энг афзали илм талаб қилмоқдир. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Кечанинг бир қисмида илм билан машғул бўлиш менга кечани ибодат билан бутунлай бедор ўтказишдан маҳбуброқдир”, деб айтади.
Инсон илм-маърифат орқали руҳий покланиш ва маънавий юксалишга эришади. Рамазон инсонни нафақат жисмонан, балки маънан ҳам поклайди. Рамазон ойи давомида илм-маърифатга эътибор бериш инсонни маънавий камолотга етаклайди.
Ҳаёт ҳақида чуқур мулоҳаза юритиш ва ўзини ўзи такомиллаштиришга интилиш мўмин кишининг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Рамазон – тафаккур ва хулоса ойи саналади. Рамазон ойи инсонни нафақат ибодатга, балки тафаккурга ҳам ундайди. Рўза тутган инсон нафақат танасини, балки қалби, сўзи ва хатти-ҳаракатларини назорат қилади. Агар унга илм билан машғул бўлиш ҳам қўшилса, уни онгли равишда фикр юритиш, таҳлил қилиш ва яхши хулосалар чиқаришга ўргатади. Рамазон – илм ўрганиш ва маърифат ҳосил қилиш имкониятидир. Рамазон ойида илм ўрганиш ва уни бошқаларга етказиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳадисларда айтилишича, энг яхши инсонлар – бу илмни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатадиганлардир. Бу ойда китоб ўқиш, маърифий суҳбатларда иштирок этиш ва билимларни ўртоқлашиш энг хайрли амаллардан ҳисобланади.
Рамазон ойи – инсоннинг маънавий, руҳий ва ақлий тараққиёти учун беқиёс имкониятдир. Бу ойда илм-маърифатни зиёдат қилиш, Қуръони каримни мутолаа қилиб, унинг ҳикматларини англаш, нафақат ўзимиз, балки жамият учун ҳам фойдали билимларни тарқатиш катта савобли амалдир. Шу боис, Рамазон ойини нафақат рўза ва ибодат, балки илм олиш ва маърифат тарқатиш ойи сифатида ҳам ўтказишга ҳаракат қилиш лозим.
Бу қулай фурсатдан имкон қадар тўлиқ фойдаланиш, Рамазоннинг хайр-баракотидан кўпроқ олиб қолиш, ажр-савобдан кўпроқ жамлаб, охиратга захира тайёрлаш фурсати келганини яна бир бор таъкидлаб айтамиз.