Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон ва Германия олимлари ўртасида илмий ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда

Ўзбекистон ва Германия олимлари ўртасида илмий ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда

Шу кунларда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг исломшунос, шарқшунос олимларидан иборат делегация Германияда расмий ташриф билан бўлиб туришибди.

Делегациямиз аъзолари мазкур давлатдаги нуфузли университетлар, илмий-тадқиқот марказлари, музей ва қўлёзма фондларида соҳа ходимлари билан учрашув ва мулоқотлар ўтказишни ўз олдиларига мақсад қилишган. Сафар давомида ўзбекистонлик олимлар Германия ва Ўзбекистонда исломшуносликка ихтисослашган таълим ва илмий тадқиқот муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, буюк аллома аждодларимизнинг Германияда сақланаётган нодир асарларини ўрганиш, ҳамкорликда конференциялар, илмий семинарлар ташкил этиш бўйича бир нечта келишувларга эришдилар.

Жумладан, Германиянинг Берлин эркин университетининг Ислом тадқиқотлари институти билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўқитувчи ва тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш, германиялик исломшунос олимларни Ўзбекистонга жалб этиш, ўқувлар ташкил қилиш, махсус PhD дастурларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Ташрифнинг кейинги кунларида Гамбург университети билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича англашув меморандуми имзолаш, университетнинг қўлёзмаларни тадқиқ этиш маркази фаолияти билан танишиш, қўлёзмаларни асраш, таъмирлаш ва нусха кўчириш соҳаларида биргаликда ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш, немис мутахассислари иштирокида қисқа муддатли илмий-амалий семинар ва тренинглар ўтказиш ва мазкур марказ томонидан тайёрланган “VOHD” (Verzeichnis der orientalischen Handschriften in Deutschland-Германия шарқ қўлёзмалари катологи) китобининг барча сонларидан юртимизга олиб келиш масалалари кўзда тутилган.

Албатта бундай халқаро ҳамкорлик яқин келажакда Ўзбекистонда исломшунослик, ҳадисшунослик, қуръоншунослик ва манбашунослик соҳаларида янги-янги тадқиқотларни дунёга танитишда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Халқаро алоқалар бўлими

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …