Интернет олами чексиз маълумотлар ва улкан ахборот манбаидир. У замон ва макон танламайди, чегара нималигини билмайди. Бирор маълумотни билмоқчи бўлиб излашни бошласангиз, бир лаҳзада минглаб, миллионлаб маълумотларни тақдим этади. Танганинг икки томони бўлганидек, интернетнинг салбий жиҳати ҳам бор. Нияти бузуқ жоҳил кимсалар ундан турли ғаразли мақсадларда фойдаланади. Интернет инсонга фойдаси кўп, айни пайтда хатари ҳам етарлидир. Ўргимчак ўз тўрига тушган ўлжани домига тортгани каби, айрим кучлар ўз тўрига илинган кишини ўзига билдирмаган ҳолда, ипсиз боғлаб қўяди. Оқибатда ундайлар ўзи билмаган, англамаган ҳолда манқуртга айланади.
Интернет турли фитналарга сабаб бўладиган ахборот макони бўлиб, у орқали инсонлар бир-бирини бемалол ҳақоратлаши, бир-бирига туҳматлар ёғдириши, ёлғон маълумотлар тарқатиши мумкин. Ҳар ким ўз қизиқишидан келиб чиқиб маълумот излайди. Кимдир турли фильмга, яна кимдир куй-қўшиққа қизиқади. Кимдир интернетдан илм олса, яна кимдир фақат ўйин ўйнайди. Айримлар ўз эътиқодидан келиб чиқиб, ундан динни ўрганмоқчи бўлади. Уларга устоз ҳам тайёр туради. Сўнгги пайтларда турли ижтимоий тармоқларда ўзини ҳидоятга чорловчи уламо сифатида таништириб, ислом ақидасини нотўғри талқин қилувчи сохта олимлар пайдо бўлди. Оқибатда қанчадан-қанча ёшлар соф дин тўғрисида нотўғри тушунчага эга бўлиб қолмоқда. Баъзан ота-бола, ака-ука, дўст биродар ўртасида бир-бирини адашганга, кофирга чиқариш ҳолатлари учрамоқда. Қариндошлик алоқаларига путур етиб, бағрикенглик силаи раҳм деган туйғулар йўқолиб бормоқда. Аслида буларнинг ҳаммаси фитнадан бошқа нарса эмас.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ижтимоий тармоқлар орқали диний каналлар очган кимсаларнинг аксарияти одатда ўзини бошқа ном билан таништиради. Буларнинг аслида кимлигини, устозлари кимлар, қаердан эканлигини, диний таълимни қаердан олганини ҳам билмаймиз. Шу боис ислом динини интернетдан ўрганаман деган инсон аввал бошдаёқ хатога йўл қўяди. Чунки нима тўғрию нотўғри эканини фарқлай олмайди. Оқибатда ўзи билмаган ҳолда турли оқимларга қўшилиб қолади. Бунинг сабабли ҳаёти издан чиқади. Аслида билмаган, танимаган одамнинг дуч келган маълумотини тўғри деб қабул қилишдан ҳам қайтарилган.
Аллоҳ таоло Қуръоннинг бир неча оятида бизни фитнадан огоҳлантирган. Ақл-фаросатли, илмли, тафаккурли инсон ижтимоий тармоқлар орқали эшитилган ҳар қандай хабарга ишониб кетавермасдан, унинг тўғри нотўғри эканлигига ишонч ҳосил қилиши керак.
Ҳақ таоло инсонларни турли ёлғон хабарларга ишонмасликка ва уни тарқатмасликка чақириб, бундай марҳамат қилган: «Эй имон келтирганлар! Агар бир фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар»[1].
Демак, инсон ҳар-хил хабарнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилмай туриб, унга ишониб қолиш, бошқаларга тарқатишда ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак экан.
Инсонга берилган умр энг ғанимат неъмат. Уни фойдали мазмун билан тўлдириш, жумладан, ишончли кишилардан илм олиш, ота-онанинг, юртнинг хизматида бўлиш аслида энг катта бахтдир. Шундай экан, мусулмон киши вақтини фақат ва фақат фойдали нарсаларга сарфлаши лозим. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, кишининг ўзи учун бефойда нарсаларни тарк қилиши исломнинг ҳуснидандир», деганлар[2]. (Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар).
Бинобарин, ҳар бир инсон интернет тармоқларидан оқилона фойдаланиши ва ҳушёрликни ҳеч ҳам бой бермаслиги лозим. Негаки, касални даволагандан кўра, унинг олдини олган маъқул ва мақбулдир.