Home / МАҚОЛАЛАР / Ислом поклик динидир

Ислом поклик динидир

Ислом дини инсонларни покликка ва озодаликка чақиради. Зеро Аллоҳ таоло ўзи покдир ва покликни яхши кўради. Ҳадиси шарифларда бундай марҳамат қилинади “Албатта Аллоҳ таоло пок зот, пок нарсани севади, озода зот озадаликни севади”, “Пок бўлинглар, зеро ислом поклик динидир”, “Поклик кишини имонга чақиради, имон эса ўз соҳиби билан жаннатда биргадир”.

Ислом дини ўзининг ҳар-бир шиорларида кишиларни покликка ва тозаликка даъват этади. Масалан; Ислом буйруқларидан бири бўлмиш Намозни олиб қарайлик. Намоз ўқиш учун албатта таҳорат қилмоқ, яъни жисмни поклаш керак бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай баён қилади; “Эй имон келтирганлар; намоз (ўқиш)га турар экансиз албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масх тортингиз ва оёқларингизни туфиқларингача (ювингиз)”.

Ҳаттоки кийим бош, намоз ўқиладиган жой ҳам пок бўлиши керак. Қурони каримда “Либосингизни покланг” деб марҳамат қилинади. Исломнинг озодаликка катта аҳамият бериши қуйдаги ишларда ҳам яққол кўзга ташланади. Таҳорат қилишнинг инсон саломатлиги учун жуда ҳам кўп қоидалари бор. Жумладан, кўзни қайта-қайта ювиб туриш трахома касаллигидан сақлар экан. Оғиз бурунни чайиб туриш эса, гриппдан ва шунга ўхшаш юқумли касалликлардан сақлайди. Тишни тозалаб юриш инсон саломатлигига жудда катта фойдаси бор. Тиш ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладилар; “Агар умматимга машаққат бўлмаганида эди, ҳар бир намоздан олдин мисвок қилишга (яъни тишни тозалашга) буюрган бўлар эдим”. Юқоридаги ҳадисдан (мисвок) яъни тиш тозалагич ўша даврдаги Арок деган бутадан ясалган. Олимлар бу нарсани текшириб кўрганда, тиб нуқтаи назаридан бу ўсимлик ўзида кўпгина шифобахш кимёвий моддаларни жамлаганлигига ишонч ҳосил қилдилар. Демак (Мисвок) турли фойдали ва хушбўй моддалардан иборат бўлган табий тиш чўткаси десак, адашмаган бўламиз.

Инсон тишини тозалаб турмаса, шу орқали у кўпгина касалликларга гирифтор бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам мусулмончиликда тишни тоза тутишга катта эътибор берилган.

Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қилдилар; “Ўн нарса фитратдандир”, яъни инсон бажариб юриши лозим бўлган нарсалардандир.

1.Муйловни қисқартириб юриш.

2.Сақол қўйишлик.

3.Мисвок тутишлик.

4.Бурунни чайиб юришлик.

5.Ғарғара қилишлик.

6.Тирноқни олиб юриш.

7.Панжа ораларини ювиш.

8.Қўлтиқ остидаги тукларни олиб юриш.

9.Ҳаром тукларни юлиш.

10.Нажосат чиқадиган аъзоларни ювиб юриш”.

Инсонни маънавий олами пок бўлиши унинг ташқи оламининг пок бўлишига бевосита боғлиқдир. Демак инсон халқумидан ўтган ҳар-бир нарсага жиддий қарамоғи лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в) марҳамат қиладилар; “Инсоннинг танасида бир парча гўшт бор. агар ўша гўшт пок бўлса, тананинг қолган қисмлари ҳам покдир. Агар нопок бўлса, қолган қисмлар хам нопокдир. У – қалбдир”. Аллоҳ таоло барчаларимизни покликда ва озодаликда собитқадам айласин!

 

Саидниёзов Мирзабой
Боғот тумани “Эрали эшон бобо” жомеъ масжиди
имом хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …