Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Радикализмнинг олдини олишда маърифий ёндашув

Радикализмнинг олдини олишда маърифий ёндашув

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд Давлат архитектура-қурилиш университетида “Радикализм – жамият барқарорлигига таҳдид” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Университет педагог-ходимлари ва талабалари иштирокида ўтган учрашувда радикализмнинг келиб чиқиш сабаблари, жамият учун хавфли оқибатлари ва унинг олдини олишда маърифий ёндашувнинг ўрни ҳақида маърузалар тингланди.

Марказ илмий ходимлари радикал ғояларнинг тарқалиш механизмлари, ижтимоий тармоқлардаги таҳдидлар ва ёшларни бу каби зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш усуллари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, ислом динининг аслида бағрикенглик, тинчлик ва эзгуликка чорловчи таълимот экани, турли экстремистик оқимлар уни нотўғри талқин қилиш орқали инсонларни, айниқса, ёшларни тўғри йўлдан чалғитишга ҳаракат қилаётгани таъкидланди.

Учрашув иштирокчилар ўртасида қизғин мулоқотларга бой бўлди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан бафуржа жавоблар олди. Хусусан, радикаллашувнинг олдини олишда оила, таълим муассасалари ва кенг жамоатчиликнинг масъулиятига кўпроқ эътибор қаратилди.

Тадбир якунида ёшларнинг маънавий-маърифий саводхонлигини ошириш, уларни ҳар қандай зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш учун бу каби учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб бориш муҳим экани таъкидланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илмий лойиҳаларда янги босқич

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий жамоа томонидан амалга оширилаётган илмий ва инновацион лойиҳалар ижроси …