Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Самарқанд Агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида “Ёшларнинг маънавий-ахлоқий ҳолатига салбий таъсир кўрсатувчи ҳуқуқбузарликлар, диний экстремизм каби муаммоларни бартараф этишнинг самарали йўллари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ёшларда маънавий-ахлоқий фазилатларни янада юксалтириш, уларни жамиятда ўз ўрнини топишга йўналтириш, бунда ҳуқуқбузарликлар ва диний экстремизмнинг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган тадбирда бугунги кунда ёш авлод маънавий оламига хавф солаётган қатор омиллар таҳлил қилиниб, замонавий ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар ва радикал ғояларни ташувчилар каби хавф гуруҳларига эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, ёшларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини шакллантиришда таълим муассасалари, ота-оналар ва давлат органлари ҳамкорлигининг устувор аҳамияти таъкидланди. Маърузачилар ёшларда диний экстремизмга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш ва улар онгига интернет тармоғининг салбий таъсирини камайтириш бўйича ҳаётий тавсиялар берди. Давра суҳбатида ёшлар орасида радикализмнинг олдини олишда таълим муассасаларининг алоҳида роли эътироф этилди.
Тадбирда ўзини-ўзи тарбиялашга оид кунлик бажарилиши лозим бўлган иш ва вазифалар бўйича бир неча муҳим ташаббус илгари сурилди. Уларнинг барчаси ёшларнинг ижтимоий ва маънавий онгини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Марказ ходимлари институт кутубхонасига янги нашр этилган адабиётлар тўпламини туҳфа қилди.