Имом Бухорий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари делегациясининг Малайзияга ташрифи давомида Малайзия халқаро ислом университети проректори, профессор Муҳаммад Фавзан Нуриддин билан учрашув ўтказилди.
Таъкидлаш керакки, Малайзия халқаро ислом университети халқаро ислом университетлари рейтингида 2-ўринда туради. Хорижий тилларда дебат қилиш бўйича дунёнинг энг кучли университетлари рейтингида 41-ўринни эгаллаган.
Тадбирда Малайзия халқаро ислом университети билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Проректор Муҳаммад Фавзан Нуриддин барча йўналишларда Ўзбекистон билан ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.
Шунингдек, Малайзия халқаро ислом университети Ислом билимлари факультети декани Шукран Абдураҳмон билан учрашув бўлиб ўтди. Малайзия томонига Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг қамровли маълумот берилди. Ш.Абдураҳмон ўз сўзида:
“Президент Шавкат Мирзиёев томонидан диний соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар мени ҳайратлантирди. Қисқа вақт ичида бу каби кенг кўламли ишларни ташкил этиш камдан-кам раҳбарнинг қўлидан келади. Ўзбекистон – ислом цивилизациясининг бешиги. Агар Ўзбекистон томони имконият берса, мен ҳам бу қадимий ўлкага бориб илмий тадқиқот қилган бўлар эдим”-дея таъкидлади.
Матбуот хизмати