14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев табрик сўзида Ватан ҳимоясининг нафақат ҳарбий, балки маънавий ва фуқаролик жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Қайд этилганидек, ҳар бир соҳа вакили касбига содиқ бўлиб, юрти шаъни ва равнақи учун меҳнат қилса, ўз ишининг устаси ва фидойиси бўлса, у албатта Ватан ҳимоячисидир.
Тадбирда сўзга чиққанлар миллий ғоя, тарихий ва диний қадриятлар, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув шароитида фуқароларнинг онгли ва фаол позицияга эга бўлишини таъминлаш, эл-юрт тақдири учун дахлдорлик туйғуси ва масъулият ҳиссини мустаҳкамлаш, мафкуравий таҳдидларга қарши қатъий ғоявий ҳимоя тўсиғини шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Иштирокчилар Ватан ҳимояси тушунчаси фақат ҳарбий хизмат билан чекланмаслигини, балки ҳар бир инсон ўз бурчига сидқидилдан ёндашиб, юртига содиқ бўлсагина, мамлакат равнақига ҳисса қўша олишини таъкидлаб ўтди. Бу фикрларни тарихий мисоллар, буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ва ҳикматлари билан тасдиқлади.
Байрамона руҳда ва жўшқинлик билан ўтган тадбир иштирокчиларда фидойилик ва янгича шиддат билан ишлашга, илм-маърифат соҳасидаги хизматлари орқали Ватаннинг маънавий муҳофазасига янада кўп ҳисса қўшиш учун доимо шай туришга иштиёқ уйғотди.
Қатнашчиларга янги чоп этилган Қуръони карим маъноларининг изоҳли таржимаси ҳадя қилинди.