Хабар берилганидек, жорий йилнинг 2–13 декабрь кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусида юртимиз бўйлаб “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Мазкур тарғибот тадбирлари бугун Самарқандда ҳам старт олди.
Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида “Янги Ўзбекистонда маънавий, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусида зиёлилар форуми билан бошланган тадбирда вилоят ҳокимлиги масъуллари, республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, ISTF-халқаро молиявий технологиялар институти ректори маслаҳатчиси, сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев, вилоятдаги зиёлилар, имом-хатиблар, отинойилар ҳамда маҳалла оқсоқоллари иштирок этди.
“Маърифат карвони”да ҳудудлардаги олимлар, зиёлилар, санъат ва маданият намояндалари, маънавий-маърифий ишларга масъуллар, маҳалла фаоллари ҳамда илғор ёшларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, мамлакатимизнинг миллий-мафкура йўналишидаги ислоҳотлари, жамиятни, айниқса, ёшларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилишда зиёлиларни фаолликка ундаш, улар учун мулоқот платформасини яратишдан иборат. Айнан зиёлиларни мазкур ишга кенг жалб қилиш орқали, халқимиз орасида ўзликни англаш ва тарихий илдизимизга оид билимларни ошириш мақсад қилинган.
Лойиҳа доирасида кун давомида вилоятнинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистон – ислоҳотлар фалсафаси” номли анжуман, илғор, фаол йигит-қизлар иштирокида “Замонавий ёшлар – тараққиёт драйвери” мавзусида илм-фан ва инновацияларга бағишланган маҳорат дарслари, шунингдек, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбоми тақдимоти каби тадбирлар ўтказилади.