Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 32 йил тўлиши муносабати билан шу мавзуда маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев йиғилганларни қутлуғ сана билан муборакбод этиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллигимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, халқимиз иродаси ва ҳуқуқий жамиятимиз равнақи учун хизмат қилаётган муҳим ҳужжат эканини таъкидлади. Конституция давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашдаги алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этиб, унинг қонунчиликдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Тадбирда Конституциянинг тарихий аҳамияти, унинг ижтимоий барқарорлик ва тараққиёт йўлида тутган мустаҳкам ўрни эътироф этилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг пойдевори сифатидаги ҳуқуқий қиймати алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Бош Қомусимизда белгилаб қўйилган тенг ҳуқуқлилик ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, тотувлик ва ҳамжиҳатликда яшамоқда. Барча юртдошларимиз эртанги кунга комил ишонч билан меҳнат қилиб, ягона Ватан равнақига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Нафақат халқчил тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянадиган Конституциямиз бунинг учун асос вазифасини ўтаяпти.
Тадбирда Бош қонунимизнинг халқаро тажрибага асосланган жиҳатлари ва жамият тараққиётидаги роли ҳақида қизиқарли маълумотлар тақдим этилди. Иштирокчилар давлат ва жамият тараққиёти йўлида Конституцияга амал қилишнинг аҳамиятига эътибор қаратиб, унинг ҳар бир моддасида мужассам бўлган эзгу ғояларни ёшларга тушунтириш, уларда қонун устуворлигига ҳурмат туйғусини шакллантириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди. Ҳуқуқий тафаккуримизни юксалтириб, миллий қонунчилигимизни янада такомиллантиришга ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг вазифаси экани алоҳида таъкидланди.
Иштирокчилар Конституцияга амал қилиш нафақат қонун устуворлигини таъминлаш, балки жамиятда адолат, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим эканини қайд этди.
Тадбир кўтаринки руҳда, байрамона кайфиятда ўтди.