Сафарнинг дастлабки кунида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Халқаро ислом академияси раҳбарларидан иборат делегация иштирокида қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни тадқиқ этиш ҳамда каталоглаштиришга ихтисослашган “Ал-Фурқон” фондида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир иштирокчиларига Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар, муҳим ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берилди. Мулоқотда Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик натижалари сарҳисоб қилинди.
“Ал-Фурқон” фонди директори С.Шоҳсуворий Ўзбекистон Президенти томонидан қадимий ёзма манбаларни ўрганиш, буюк алломалар илмий-маънавий меросни халққа етказиш борасидаги ишларни юқори баҳолади.
Мулоқотда “Ал-Фурқон” фонди билан Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга оид:
– Ўзбекистон халқаро ислом академиясида манбашунос мутахассислар учун қўлёзмаларни каталоглаштириш ва рақамлаштириш бўйича ўқув-семинарлар ташкил қилиш;
– Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фондида сақланаётган қўлёзмалар каталогини Британия томони билан ҳамкорликда нашр этиш;
– Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот муассасаларининг янги нашрларини “Ал-Фурқон” фондига, ўз навбатида фонднинг янги каталоглар тўпламини Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказларига тақдим этиб бориш;
– “Термизий алломалар асарлари” номли лойиҳа асосида ўзбек ва инглиз тилидаги электрон каталогни яратиш;
– Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот марказларининг илмий журналларида британиялик олимларнинг мақолаларини нашр этиш каби амалий таклифлар билдирилди.
Тадбирда “Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари жаҳон тўпламларида” номли альбомлар тўплами, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг янги нашрлари, хусусан, Иорданияда чоп этилган Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” асарининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Учрашув якунида “Ал-Фурқон” фонди ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Делегациянинг Буюк Британиядаги қатор илмий-маданий муассасалардаги учрашувлари давом этмоқда.