Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш мақсадида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида Бухоро вилояти бўйлаб маънавий-маърифий тадбирлар ва профилактик суҳбатлар ташкил этмоқда.
Марказ илмий ходимлари томонидан Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари билан ҳамкорликда вилоятнинг Шофиркон туманидаги “Бобур” МФЙда маҳалла фаоллари билан маърифий суҳбат ўтказилиб, ёшлар тарбияси, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва миллатлараро тотувликни сақлаш каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Тумандаги “Қалмақон” МФЙ фаоллари билан ўтказилган учрашувда эса, ҳозирги кунда инсоният тақдири ва келажагига таҳдид солаётган терроризм, экстремизм ва турли бузғунчи диний оқимлар хусусида маълумот берилди. Мамлакатимизда сўнгги йиллар давомида ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда эришилаётган ютуқлар тилга олинди.
Шофиркон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари технологиялари техникумида “Интернетдаги таҳдидлардан огоҳ бўлинг” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида ёшларнинг интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш орқали уларни ёт ғоялар таъсиридан асраш бўйича амалий таклифлар билдирилиб, глобал тармоқдаги таҳдидлар ва киберҳужумлардан сақланиш юзасидан тушунчалар берилди.