Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Термизий илмий мероси: замонавий тадқиқотлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Илмий ходимлар иштирокида ташкил этилган тадбир аввалида Марказ директори Шовосил Зиёдов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори, унинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлади.
Марказ илмий ходими Нодир Қобиловнинг мавзу юзасидан маърузаси тингланди.
Муҳаддис олим ҳаётини ислом илмларининг олтин даври деб ном олган пурҳикмат замонда илм ўрганиш ва унга амал қилиш билан ўтказди. Таҳсил йўлида ҳар қандай қимматбаҳо мол-мулкини аямасдан сарфлаб, маҳсулини илм аҳли билан баҳам кўрди. Умрининг қарийб 15 йилини илм талабидаги сафарларга бағишлаган олим 40 ҳадисни бир тинглашдаёқ ёд олиб, қайта айтиб бергани учун замондошлари уни “кучли хотира соҳиби” деб тан олган. Имом Бухорий ҳам шогирди Имом Термизийга: “Сиз мендан баҳраманд бўлганингиздан кўра, мен сиздан кўпроқ баҳраманд бўлдим”, деб муносиб баҳо берган.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари бу улуғ аллома илмий меросининг тадқиқи юзасидан салмоқли ишларни амалга оширди. 2023 йилдан буён “Алломалар ҳақида 10 та факт” лойиҳаси доирасида Имом Термизий ҳаёти ва ижодига оид 10 ҳақиқат плакати тайёрланди ва нашр қилинди. Шунингдек, алломанинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “Имом Термизий” рисоласи чоп этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар муҳаддис олим асарларининг илмий қиймати ва ижтимоий-тарбиявий аҳамияти ҳақида сўзлаб, алломанинг инсоф ва адолатни, ҳалоллик ва инсонпарварликни, бошқа гўзал фазилатларни тарғиб ва тараннум этадиган, асрлар давомида уламою фузалоларга дастуруламал бўлиб келган ғоялари ҳозирги мураккаб давримизнинг кўплаб муаммоларига ҳам ечим бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.