Ҳар қандай давлат ва жамият тараққиёти бир қатор омиллар асосида юз беради. Бу жараёнда аёллар, уларнинг ижтимоий-сиёсий муносабатлардаги иштироки, ҳуқуқ ва эркинликлари амалда таъминлангани масаласи – давлат ривожи ва демократиянинг муҳим индекси саналади. Зотан, аёл ва унинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳамиша муҳим мезон бўлиб келган.
Ҳар қандай ижтимоий тузилма асосида аёлларнинг репродуктив имконияти билан бирга, янги авлоднинг шаклланиши ва ривожланишида ҳам уларнинг ўрни беқиёс. Жамиятда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имконият кафолатини таъминлашнинг асосий принциплари мавжуд бўлиб, улар қонунийлик, демократизм, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги, очиқлик ва шаффофликдир. Фанда «Феминизм» тушунчаси ҳам айнан шу маънода ишлатилади. Яъни «Феминизм бу жинслар ўртасида сиёсий, иқтисодий, шахсий ва ижтимоий тенгликни ташкил этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий ҳаракат ва мафкуралар тизимидир. Феминизм жамиятда эркаклар нуқтаи назарининг устун кўрилиши, аёлларга эса адолатсиз муносабатда бўлиши ғоясини ўз ичига олади. Ушбу ҳолатни ўзгартириш учун феминизм гендер стереотипларига қарши курашиш, аёлларга худди эркаклар учун мавжуд бўлган таълим ва меҳнат имкониятларини яратишга ҳаракат қилади. Феминистик ҳаракатлар хотин-қизлар ҳуқуқлари, шу жумладан овоз бериш, давлат лавозимларини эгаллаш, меҳнат қилиш, адолатли иш ҳақи олиш ва маошдаги гендер тафовутини бартараф этиш, мулкка эгалик қилиш, таълим олиш, никоҳда тенг ҳуқуққа эга бўлиш ва оналик таътилига эга бўлиш учун ҳаракат қилади» [10].
Бугунги глобаллашув жараёнида янги авлоднинг ҳар қандай шароитга нисбатан фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масаласида хотин-қизларнинг ўрни ва роли ҳар қачонгиданда муҳим. Шу боис ислоҳотларнинг асосий мазмуни ҳам хотин-қизларнинг янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқишини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракат, ўзгариш ва ижтимоий-сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирок этишини таъминлашдан иборат. Зеро, инсон қадрини улуғлаш, аввало, аёлга ҳурмат ва эҳтиром, мўътабар оналаримизни эъзозлаш, мунис опа-сингилларимизни қадрлаш орқали рўёбга чиқади.
Муқаддас динимиз Исломда эркак ва аёлларга тенглик билан муомала қилинган. Ҳақ-ҳуқуқ борасида бири бошқасидан устун қўйилмаган. Шунингдек, ислом шариати умумий шаклда аниқ мақсадга эришишни кўзлаган бўлиб, у «ҳимоя» деб аталади. Ҳимоя эса турли жабҳа ва шаклларда намоён бўлади. Хусусан, аёлларнинг шаъни, уларга тааллуқли барча нарса ислом дини асосида ҳимоя қилинади. Шу сабабдан ҳам Қуръони карим ва суннати набавияда аёлларга оид ҳақ-ҳуқуқлар, нозик ва дақиқ таърифлар алоҳида эътибор билан келтирилади, адолат, латофат ва меҳр билан баён қилинади.
Исломдан олдин аёл киши нафақат ҳуқуқлари поймол қилинишига, балки инсонлик даражасидан маҳрум қилинишига маҳкум қилинган эди. «Ислом динининг аёлларнинг жамиятдаги ўрнига таъсирини баҳолаш учун ундан олдинги Арабистондаги хотин-қизлар ўрнини кўриб чиқиш керак. Ўша пайтдаги аёлларнинг ҳолати кўп нарсаларни орзу қилишдан иборат эди» [4]. Масалан, ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин деб қиз тириклайин кўмиб юборилар эди. Қуръони карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Мусулмон оилаларда қиз туғилса ўғил туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш лозим экани таъкидланди. Қизни яхши тарбия қилганга ўғил болани вояга етказганига қараганда кўп ваъдалар берилди. Динимизда кўрсатилишича, гўзал хулқ эгаси қилиб тарбияланган қиз учун отага икки дунё саодати берилади. Исломда қизларнинг тарбияси, таълими, маданияти ва ўсиб вояга етиши учун зарур бўлган ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққандан кейингина озод бўлади. Чунки энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтади. Отаси ёки эри йўқ бўлган аёлнинг нафақаси акаси ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга мажбурият сифатида ўтади. Умуман, ислом динида аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга қилиши керак бўлган бурч саналади. Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳуқуқини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эр-аёлга баробар фарзлиги, қизлари ва сингилларига баробар таълим берган киши икки дунё саодатига эришишга ҳақли эканини яхши биламиз.
Аёл киши фақат таълим олиш, дарс эшитишга ҳақли эмас, балки таълим бериш, илм қилиш ва дарс ўтиш ҳуқуқига ҳам эгадир. Муслима аёлларнинг илм-фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришгани ҳаммага маълум. Мусулмон аёлининг жамият, сиёсат ва шариат майдонида ҳам керагича улуши бўлган. Баъзи тадқиқотчилар Исломда аёллар ХХ асргача бўлган баъзи Ғарб мамлакатларига қараганда кўпроқ ҳуқуқларга эга эканини таъкидлайди. Масалан, француз қонунчилигига мувофиқ аёлларнинг ҳуқуқ лаёқатини чеклаш фақат 1965 йилда бекор қилинган [2:167-169].
Ислом аёлларни ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатини сақлаб қолиши, шунингдек, ўз вазифасини тўлиқ адо этиш орқали жамияти, ватани ва динига керак бўлган хизматни адо этиши учун барча шароитни яратиб берган. Ислом эркакларга мос бўлган оғир ишларни аёлларга фарз қилмаган. Лекин аёлларга хос баъзи ишларни эркакларга хос ишлар билан тенглаштириб, уларнинг эркаклар билан бир хил ажр олишини жорий қилган. Масалан, аёлларнинг фарзанд дунёга келтиришда кўрган қийноғи эркакларнинг душманга қарши курашдаги жасоратига тенглаштирилган. Бу қоида ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан мусулмон аёллар шарофати билан Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) томонларидан баён қилинган. Яъни аёл эрнинг розилиги билан иш тутиши юқори даражада ажр олишига тенг келади. Исломий нуқтаи назарга кўра, фарзанд тарбияси ва оила мустаҳкамлиги аёлларнинг кўчага чиқиб, ўзига мос бўлмаган ишларни бажарган ҳолда пул топишидан афзалдир.
Уилям Монтгомери фикрига кўра, Муҳаммад (с.а.в.) ўз даврининг тарихий контекстида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилган ва асосий ҳуқуқий кафолатларни таъминлаш орқали уларнинг мавқеини сезиларли даражада яхшилаган шахсдир [3]. Жон Эспоситонинг қайд этишича эса, Муҳаммад (с.а.в.) аёлларга уларнинг жамиятдаги мавқеини оширишга ёрдам берадиган ҳуқуқлар: оилавий ҳаёт, никоҳ, таълим ва иқтисодий алоқалар соҳасида ҳуқуқ ва имтиёзлар берган [3]. Аммо шунга қарамай, аёлларнинг Исломдаги ўрни умуман Қуръон ғояларига эмас, балки ҳукмрон патриархал маданият меъёрларига тўғри келарди.
Шариатга кўра, муслима аёл ўзининг мустақил даромад манбаига эга бўлиши ва маблағини ўз ихтиёрича сарфлаш ҳуқуқига эга. Ўн тўрт аср ўтгачгина Европа аёли ўзи учун бундай ҳуқуққа эриша олди. Англияда ХИХ аср охиригача ҳам эр ўз хотинининг шахсий мулки ва мол-дунёсидан келадиган барча даромадларини истаганича тасарруф қилган.
Муслима аёл барча ижтимоий, сиёсий соҳаларда ва давлат сиёсатининг барча даражаларида тўлиқ овоз бериш ҳуқуқига эга. АҚШда аёллар ўзининг сайлов ҳуқуқига фақатгина 1920 йилда эришганини эслаш кифоя. Улар бу ҳуқуқни олмаган, балки бунга манифестация ва иш ташлашлар йўли билан эришган. Исломда аёл киши ажрашиш ҳуқуқига эга ва эрининг зулмига бардош беришга мажбур эмас. Ҳар қандай моддий ёки маънавий зарар аёл кишига маҳкама орқали бериладиган ажрашиш учун етарли асос ҳисобланади.
Шуни қайд этиш лозимки, ажрашиш мусулмон киши учун катта моддий харажатларни келтириб чиқаради. Эр фарзандларини тўлиқ таъминлаши, собиқ хотинига уларнинг тарбияси учун ва маълум муддатгача боқиши учун пул тўлаши, уй ижараси ҳаққини тўлаши шарт. Эр никоҳнинг сақланиб қолишидан моддий ва маънавий жиҳатдан манфаатдор. Ислом дунёси мустаҳкам оила занжири билан донг таратгани бежиз эмас.
Ислом динида қизни ўзининг розилигисиз эрга бериш ман қилинган. Қизнинг розилигисиз тузилган никоҳ шариатга кўра, ноқонуний ҳисобланади ва у бекор қилинади. Қиёслаш учун айтишимиз мумкинки, Россияда 1861 йилгача крепостной деҳқонларнинг қизлари помешчиклар буйруғи билан эрга берилган. Шунингдек, уларга инсон билан эмас, мол билан қилинадиган муомалада бўлишган.
Муслима аёл меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Шуни таъкидлаш лозимки, аёл меҳнат қилиш ҳуқуқига эга, бироқ ишлашга мажбур эмас. Чунки Исломга мувофиқ, фақат эр хотинини ва фарзандларини барча зарур нарсалар: уй-жой, озиқ-овқат, кийим-бош билан таъминлаши шарт.
Энг қизиқарли жиҳати шундаки, мусулмон олимлар фикрига кўра, аёл киши ҳатто кир ювиш, тозалаш, овқат пишириш бўладими – умуман уй ишларини қилишга ҳам мажбур эмас. Бу агар ўзи рози бўлса, хотиннинг ихтиёрий хизмати бўлади. Рози бўлмаса, эр хизматчи аёл ёллаши лозим бўлади. Айтганча, бу Доғистон аҳолиси тутган мазҳаб бўлмиш Шофеъий мазҳабининг ҳам фикридир.
Аёлларни юксакларга кўтарган ва шараф тожини кийдирган Ислом динида оила масаласига ҳам жиддий эътибор берилади. Наслни сақлаш, нафсни тийиш, жамиятни турли ахлоқий бузуқлик ва фаҳшдан асраш, тинч ва фаровон ҳаётни таъминлаш учун курашади. Исломий тарбия эр-хотин ва фарзандлар ўртасида чинакам муҳаббат ва меҳр-оқибат ришталарини боғлаш асосига қурилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): «Уйланинглар ва кўпайинглар. Чунки ҳақиқатдан мен бошқа пайғамбарлар олдида умматимнинг кўплиги билан фахрланаман» [5], деганлар. Бошқа бир ҳадисда Расули акрам (с.а.в.) шундай буюрадилар: «Кимки уйланиши учун шароити бўлатуриб уйланмаса, у биздан эмасдир» [7].
Маданият ҳақида қолоқ тушунчага эга бўлганлар дунёнинг роҳатию, нафс истакларини маъбуд даражасига кўтарган. Бундай одамлар бир тарафдан ҳузур-ҳаловатини бузмаслик, бошқа томондан эса бойлик орттириш хаёлида оила қуришни ортиқча иш деб билади. Бундай кишилар кошоналарда яшайди. Халқ олдида биологик очлик ҳақида гапиради, одамлар кўпайишининг олдини олиш йўлларини талқин қилиб, оилага қарши чиқади. Ҳолбуки, бу Шайтони лаин тавсиясидир. Дунё нуфузи ҳар қанча ортмасин, озуқа жавҳари туганмасдир. Яратган Аллоҳ ризқ беришга ҳам қодир. Қуруқликдаги бутун озуқа тугаган тақдирда ҳам, денгизлардаги озуқа инсониятни боқишга етарли.
Бугунги кунда Европа мамлакатлари аҳолининг кўп қисми кексайиб қолгани ва ёшлар сонининг озлигидан хавотирга тушмоқда. Ҳозирги кунда АҚШда ҳар сонияда бир жиноят содир этилмоқда. Ҳар олти сонияда бир аёлга тажовуз қилинади. Францияда ҳам одамлар энг кўп хавфсирайдиган ҳодиса – бу тажовуздир.
Ислом оила масаласига жиддий эътибор билан қарар экан, бегона эркак ва аёлнинг бир-бири билан иложи борича юзлашмасликни талаб қилади. Зеро, мусулмон киши насли ва нафсини асраш билан дунё лаззати ва ҳузур-ҳаловатига эришади.
Янги оила қурган ёшларимиз ўз оиласи мустаҳкамлиги ва барқарорлиги учун курашмоғи зарур. Солиҳ йигитимизга бир солиҳа қизни излар эканмиз, унинг гўзаллиги, мол-мулки, мартабасини эмас, балки тақвоси, ахлоқи ва тарбия топган оиласини ҳисобга олишимиз лозим. Куёв танлашда ҳам худди шу хусусиятларга эътибор бериш зарур. Бир онлик гўзаллик ва мартабага учиш ҳаловатни бузади, охир-оқибат оила инқирозга юз тутади.
Муҳтарам Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Ҳадраи димандан узоқ туринг», деб буюрганларида, саҳобалар «ҳадраи диман» маъносини сўрайдилар. У киши: «Залолатда ўсган гўзал аёл», деб жавоб берадилар. Яхши ва исломий тарбия олмаган моддий гўзалликка зил кетади. Биздан бирор йигит ёки қизнинг ахлоқи сўралса, у ҳақдаги ҳақиқатни айтиш бурчимиздир. Зеро, тўғри сўзламаслик, ҳақиқатни яшириш ҳоллари ҳам учраб туриши табиий. Гўё бу билан биз яхшилик қилмоқчи бўламиз. Ҳолбуки, бу ёлғончилик ҳаёт билан ўйнашишдир. Тўғри, киши билганни яширмайди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Солиҳа бир аёлга уйланган киши диний вазифасининг ярмини бажарган ҳисобланади, энди диннинг ярмини ҳам бажарсин» [6], деб буюрадилар.
Эркакнинг аёли олдидаги вазифалари едириш, кийдириш, саломатлигини сақлаш, бошпана билан таъминлаш, келишиб зиёрат ва хорижга чиқиш, номусини ҳимоя қилиш ва аёлини бегона кўздан асрашдан иборатдир. Аёлнинг ўз эри (турмуш ўртоғи) олдидаги бурчи эса Исломдан чиқмаслик шарти билан итоатли бўлиш, ҳатто, ибодат қилишида ҳам рухсат сўраш, унга ташаккур билдириш, бегоналар билан гаплашмаслик, болаларни тарбия қилиш ва эрининг мол-мулкини қўриқлашдан иборатдир.
Дарҳақиқат, аёлнинг қиз, рафиқа ва она сифатида умр кечириши ва умри давомида эҳтироми ва ҳимоясини кўзда тутган оят ва ҳадисларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Исломда аёлнинг ҳақлари қуйидагича адо этилиши лозим:
- Аёлларга яхши муомалада бўлиш, уларга нисбатан хушмуомала, ширин сўз, мулойим муносабатда бўлиш, ноҳақлик ва қўполлик қилмаслик лозим. Бу хусусда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: «Мўминларнинг энг тўла ишончлиси хушхулқлисидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларга, завжаларига яхши муомалада бўлганларингиздир» [9].
- Аёлларни урмаслик. Қуръони каримнинг: «Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало, уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳатларинг кор қилмаса,) уларни ётоқларида тарк қилинглар, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса,) уларни (мажруҳ бўлмайдиган даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқа) йўл ахтармангизлар. Албатта, Аллоҳ жуда олий ва улуғ зотдир» («Нисо» сураси, 34-оят) [1:72] оятида айтилганидек, итоатсиз аёлни тарбия ва сўнгги чора сифатида қаттиқ оғритмасдан уришга изн берилган. Лекин Муҳаммад (с.а.в.) ўзлари аёлларини урмаганлар ва хотин кишини урганларга ҳам қарши турганлар. «Не бўлди эркакларга, хотинларини қул каби урадилар, ҳолбуки, айни кун сўнги(тун)да латифлашадилар», деган ҳадис ҳам сўзимизнинг исботидир.
Шунингдек, аёлларга ҳам эрларига озор бермаслик амр этилган. Муоз ибн Жабал (р.а.) дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: «Қайси бир аёл (мўмин) эрига озор берганда, у кишининг ҳур жуфти (бу аёлга): «Аллоҳ сенинг жонингни олсин, у кишига озор, азият берма. Чунки шубҳасиз, у сенинг ёнингда меҳмон – мусофирдир, сендан айрилиб, тезда ёнимизга келади», дейди».
- Исломда аёл ва болаларни ўлдириш ман этилган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «(Эй инсонлар), болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз, уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир» («Ал-Исро», 31-оят) [1:249]. «Ўз болаларини илмсизлик қилиб, жоҳилона ўлдирган ва Аллоҳга туҳмат қилиб, улар учун Аллоҳ ризқ қилиб берган (ҳайвонлар)ни ҳаромга чиқарганлар, албатта, (ўзларига) зиён қилдилар. (Улар) ҳақиқатдан адашдилар ва тўғри йўлга юрувчи бўлмадилар» («Анъом», 140-оят) [1:120].
Ислом ҳуқуқида, ҳатто, уруш вақтида аёл ва болаларни ўлдириш тақиқланган. Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.): «Кимки иккита қизни вояга етгунча боқса, жаннатга мен билан бирга киради», деб ўрта ва ишора бармоқларини ёнма-ён қилиб кўрсатдилар» [8].
- Аёлларнинг илм олиши. Аёл ва эркак мусулмонларга илм ўрганиш фарздир. Қуръони каримда фақатгина аёлларнинг ўзига хос, фитратига мувофиқ келган ва Аллоҳ таолонинг хитобларидан ташқари (масалан, авратини тўсиш, бола эмизиш, идда муддати, талоқ тўғрисида ва ҳоказо) қолган барча оятлар Яратувчининг башариятга, эркагу аёлга қилган буйруқларидир. Илм ҳақидаги чақириқлар ҳам шулар жумласидандир. Исломда имондан кейинги фарзлардан бири илм олишдир («фарз» бажарилиши шарт деган маънони ҳам англатади). Зеро, Жаброил (а.с.)нинг Пайғамбаримиз (с.а.в.)га етказган биринчи каломи ҳам «Ўқи!» бўлган. Аллоҳ таоло бандасини тафаккур қилиб, борлиққа қараб, таҳлил билан Ўзини танишини хоҳлайди. Кўр-кўрона, тақлидий имон келтиришни хуш кўрмайди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Илмни Чинда бўлса ҳам бориб, ўрганинглар», деганлар. Ваҳоланки, ўша пайтда Чин (Хитой) бутлар ва бутпарастлар ўлкаси бўлган. Лекин улар бундай дейишга қўрқмадилар. Чунки борлиқда Аллоҳнинг қудратини намоён этиб турувчи сон-саноқсиз далилларни тафаккур қилган инсон Унинг ваҳдониятига имон келтиргач, Раббига ширк келтирмайди, аксинча, Ҳақ талабида бўлади. Ҳозирда мусулмонлар орасида илм деганда, фақат диний илмлар тушунилади. Бу хато тушунчадир. Исломда диний, дунёвий, деган гаплар бўлмаган. Илм соҳаларга бўлинган, холос: фиқҳ, ҳадис, фароиз, тиб, ҳандаса, тарих, фалакиёт илмлари ва ҳоказо. Мусулмонлар Қуръон ва суннатга амал қилган вақтларида уларнинг орасида илмнинг барча соҳаларида дунёга танилган алломалар етишиб чиққан. Бунга ватандошларимиз Ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Замахшарий ва бошқа кўплаб олимлар номини мисол келтириш мумкин.
- Аёлларнинг ҳақлари. Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) айтганлар: «Аёлларнинг эркаклар зиммасидаги ҳаққи яхши таом ва кийим беришларидир».
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон) агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «Уф…» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» (Исро сураси, 23-оят) [1:248]. Қуръон каримда марҳамат қилингани каби ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Энг кўп кимга яхшилик кўрсатиш керак?, деб сўраган бир саҳобийга «Онангга», дея уч бор такрорлаганларидан сўнг, «Отангга», дедилар.
Исломда она ёки аёл ҳаққига эътибор шу қадарки, она мушрик бўлсада, бу ҳаққини йўқотмаган бўлади. Фақат ота-она фарзандига ё эр хотинига Исломдан ташқари, яъни Исломга зид амр ва талқинда бўлса, у ҳолда уларга итоат қилинмайди. Аллоҳга исён қилувчиларга итоат қилинмайди. Бу ҳадисда очиқ айтилган: «Аллоҳга исён этган кимсага итоат этиш йўқдир».
Ушбу қисқа таҳлил натижасида исломда аёллар ҳуқуқларининг ҳимоя қилингани аён бўлди. Ҳар бир инсон бу ҳуқуқлар ҳақида маълумотга эга бўлиши лозим. Ўзини мусулмон деб ҳисобловчи, лекин аёл кишига ёмон муносабатда бўлувчи киши Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини ёдга олсин: «Аёл кишини фақат яхши хулқ эгасигина ҳурмат қилади ва фақат пасткаш одамгина таҳқирлайди!».
-
Алоуддин Мансур. Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси. – Т.: Чўлпон, 1992.
-
Badr, Gamal M. (Winter, 1984). Islamic Criminal Justice // The American Journal of Comparative Law 32 (1).
-
Жeнщины и ислaм. Oксфoрд. Oxford Islamic Studies Online. Qaraldi: 22-may 2014-yil.
-
Пaнoвa В. Ф., Вaхтин Б. Б. Прoрoк Мухaммeд. ISBN 5-222-00145-8.
-
ahlisunna.uz https://ahlisunna.uz/nikoh-haqida-qirq-hadis/ (Abu Dovud va Nasoiy rivoyat qilgan)
-
Ahlisunna.uz https://ahlisunna.uz/nikoh-haqida-qirq-hadis/ (Bayhaqiy rivoyat qilgan)
-
Ahlisunna.uz https://ahlisunna.uz/nikoh-haqida-qirq-hadis/ (Tobaroniy rivoyat qilgan)
-
https://forum.ziyouz.com/index.php?topic=1874.270 (Anas (r.a.) rivoyati)
-
https://sammuslim.uz/oz/ (Imom Termiziy rivoyat qilgan)