Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Туркияда малака оширган тадқиқотчи кўникмалари билан ўртоқлашди

Туркияда малака оширган тадқиқотчи кўникмалари билан ўртоқлашди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркияда малака ошириш дастурини ўтаб келган Равшан Элмуродов “Ислом тафаккури институтида малака ошириш: кўникма ва натижалар” мавзусида семинар ўтказди.

Марказ илмий ходимлари учун ташкил этилган семинарда илмий-тадқиқотлар бўлими ходими, Ислом тафаккури институти курс тадқиқотчиси Р.Элмуродов мавзу бўйича маъруза қилди.

Маърузачи даставвал йиғилганларга институт ҳақида тўлиқ маълумот бериб, тадқиқот ишлари учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлади.

Таъкидланганидек, институт раҳбарияти Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларини юксак қадрлайди. Мазкур алоқаларга 2021 йил ноябрь ойида Марказ директори Шовосил Зиёдовнинг институтга ташрифи давомида асос солиниб, ўзаро ҳамкорликка оид англашув меморандуми билан мустаҳкамланди. Илмий йўналишда ҳамкорликнинг кенг истиқболлари тўғрисида институт директори, профессор Меҳмет Гўрмез ҳам Марказ расмий веб-сайти учун берган интервьюсида илиқ фикрлар билдирган.

“Мовароуннаҳр ёзги семинарлари” туркумида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ўқув-амалий машғулотларнинг 2022 йилда ўтган илк даврасида фақат ўзбекистонлик олимлар қатнашган бўлса, навбатдагисида улар қаторига қирғиз тадқиқотчилари ҳам қўшилган.

Жорий йилги “Мовароуннаҳр учинчи ёзги семинарлари” эса Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Татаристон илмий муассасаларининг 30 га яқин тадқиқотчиси иштирокида ўтди.

Семинарда маърузачи малака ошириш курси давомида мустаҳкамлаган билим ва орттирган кўникмалари билан ўртоқлашди. Тадқиқотчи 2024 йил август ойи давомида усулул фиқҳ, усулул ҳадис, мантиқ, ислом фалсафаси, Мовароуннаҳр олимларининг илм-фан соҳасидаги ютуқлари каби йўналишлар бўйича араб ва турк тилларида ташкил этилган курсларда олган сабоқларининг асосий жиҳатларига тўхталди.

Марказ директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов малака ошириш дастури ҳамкорликдаги фаолиятнинг муҳим бўғини эканини таъкидлади ва бу каби ўзаро тажриба алмашув жараёни бардавом бўлишига ишонч билдирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …