Айни кунларда Марказда амалиёт ўтаётган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндорлари Ҳикмет ва Айше Гултегин илмий изланишлари тақдимотини ўтказди.
“Буюк сўфий ва муҳаддис, таниқли фақиҳ, мутакаллим ва файласуф Муҳаммад ибн Исҳоқ Гулободий ҳаёти ва илмий мероси” мавзусида ташкил этилган тақдимот Абу Бакр Калободийнинг ҳаёт йўли, асарлари ва ҳадис илми ривожида тутган ўрнига бағишланди.
Аллома туғилган Бухоро яқинидаги Калобод маҳалласи – аслида Гулобод номининг арабчалашган шакли. Араб тилида “г” ҳарфи мавжуд бўлмагани учун жой номи шу тарзда ўзгарган. “Тожул ислом” (Ислом тожи) ва “Дарбони Бухоро” (Бухоро дарвозабони) мартабалари билан машҳур бўлган Калободийнинг номи замонавий араб ва форс манбаларида Калобозий шаклида ҳам учрайди. Барча манбаларда куняси “Абу Бакр” ёнида “Тожул ислом”, “Сўфий” (мутасаввиф сифатида), “Ҳофиз” (муҳаддис сифатида), “Ориф”, “Шайх”, “Имом”, “Зоҳид” каби турли нисба ва унвонлар билан тилга олинади.
Дастлаб др. Айше Гултегин олимнинг туғилган ва вафот этган саналари билан боғлиқ тафовутлар, мазҳаби ва асарларидан ташқари унинг ҳаётига оид қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди. Бошланғич таълимни ўзи туғилиб ўсган жойида олган бўлғуси аллома кейинчалик ўша замонда кенг тарқалган диний ва дунёвий илмларни ўрганишга киришиб, фиқҳ ва ҳадис бўйича саксон тўрт олимнинг асарларини ўқиб чиқади. Туркиялик тадқиқотчи Калободийга устозлик қилган мутафаккирлар ва у етиштирган шогирдларга ҳам алоҳида тўхталди.
Абу Бакр Калободий бир муддат қозилик қилган. Асосий фаолияти эса ўзи ўрганган илм соҳаларида, хусусан, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф борасида тадқиқотлар олиб бориш ва шу йўналишда фундаментал асарлар ёзиш билан боғлиқ бўлган. Тасаввуф тарихи ва таълимотини чуқур ўрганган аллома соҳага тадқиқотчи нуқтаи назаридан ёндашиб, биринчилардан бўлиб тасаввуф илми назариясига асос солган.
Др. Ҳикмет Гултегин Калободийнинг тасаввуфий қарашларини баён қилди. Қатнашчилар эътиборини алломанинг инсон ўзи билган барча нарса (Қуръон, суннат ва ижмо)ни маҳкам тутиб, ёмон фикрлардан узоқлашса, хотиржам бўлиши, банданинг энг аввало қилиши керак бўлган иши – бу имкони борича, бор куч-ғайрати ва қобилиятини ишга солиб, идрокини мустаҳкамлаш орқали илм ва унинг ҳукмларини ўрганишдан иборат бўлиши кераклиги, аҳлоқ зоҳидлик ва ҳусни хулқ орқали тузатилиши лозимлиги, хунук ишларни инсон табиатига тўғри келмагани учун эмас, балки ҳаром экани учун ёқтирмаслик, савоб амалларни эса, хўжакўрсинга эмас, Яратганнинг фазлига муяссар бўлиш учун қилиш зарурлиги каби қарашларига жалб этди.
Амалиётчи, шунингдек, олимнинг ҳадислар ва умуман суннатни илмий далил ва ҳаётий мисоллар асосида тўғри тушунишга оид қатор фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Тадбир қизғин савол-жавоблар ва муҳокамалар билан давом этди.