Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тарихни бор ҳақиқати ва бутун бўй-басти билан гавдалантириш муҳим аҳамиятга эга

Тарихни бор ҳақиқати ва бутун бўй-басти билан гавдалантириш муҳим аҳамиятга эга

Аввал хабар берилганидек, айни пайтда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси томонидан Имом Бухорий инновацион музейи концепциясини такомиллаштириш бўйича қатор амалий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишлар жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” номли форумдан кейин ақниқса жадал тусга кирди. Форум давомида инновацион музей концепциясини янада такомиллаштириш юзасидан кенг муҳокамалар ўтказилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Кўп ўтмай, “Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида Самарқандда ўтказилган илмий-амалий конференцияда ҳам музей концепцияси лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

Анжуманнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган қисмида эса музей экспозициясини шакллантириш, унда Имом Бухорий сиймосини янада аниқроқ гавдалантириш масалалари юзасидан атоқли олим ва таниқли мутахассислардан кўплаб фикр-мулоҳазалар олинди.

Давлатимиз раҳбарининг Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида барпо этилаётган инновацион музей мазмун-моҳиятини илмий жиҳатдан бойитишда дунё музейлари тажрибасини ўрганиш бўйича топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Марказ директори Шовосил Зиёдов жорий йилнинг 5-10 август кунлари Ўзбекистон делегацияси таркибида Саудия Арабистони Подшоҳлигида хизмат сафарида бўлди.

Унда делегация аъзолари Мадинадаги Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом сийратлари ва Ислом цивилизацияси музейи ҳамда унинг Маккадаги филиали, Масжиди набавий меъморий музейи, Бўстон София боғ музейи, Ар-Риёддаги Дирияҳ тарихий мажмуаси ва Саудия миллий музейи, Маккадаги Ваҳий кўргазмаси музейи, шунингдек, Жиддадаги Подшоҳ Фаҳд номидаги Миллий кутубхона, Абдуррауф Халил уй-санъат музейи ҳамда ислом санъати музейлари, Жидда тарихия – Тарихий Жидда даҳаси фаолияти билан яқиндан танишди.

Мазкур йўналишдаги амалий ишларнинг мантиқий давоми сифатида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида яратиладиган инновацион музей контентини шакллантиришга бағишланган ишчи учрашув бўлиб ўтди. Унда Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари, Туркиянинг “Outdoor Factory” компанияси вакиллари, мажмуада узоқ йиллар фаолият олиб борган фахрий имомлар иштирок этди.

Учрашув асосан барпо этилаётган музейнинг Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси тарихига оид экспозициясини яратиш масаласига бағишланди. Мажмуанинг тарихан шаклланган ташқи кўринишини маълум бўлган даврлардан бошлаб ҳеч бир жиҳатини назардан қолдирмаслик, айниқса, истиқлол йилларида бу ерда амалга оширилган реконструкция ишларини кенг ёритиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Қизғин муҳокамалар давомида мажмуанинг ҳар бир даврдаги кўринишини макетлар шаклида гавдалантириш учун тарихий фотосуратлар, эски ҳужжатлар ҳамда бошқа манбалар, шунингдек, хотиралар асосида зарур қимматли фикрлар, маслаҳат ва тавсиялар билдирилди.

Иштирокчилар музей контентини яратиш бўйича истиқболда ҳам узвий ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олди.

Имом Бухорий инновацион музейи экспозициясини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмийтадиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Лондонда «Ўзбекистон ва Буюк Британия: Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий кўприк» мавзусида тадбир бўлиб ўтди

Мамлакатимиз элчихонасида  Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигида Имом …