Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим

Ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим

24 июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзиядаги Ислом цивилизацияси институти билан ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан икки муассаса раҳбар ходимлари ўртасида онлайн мулоқот ташкил этилди. Унда томонлар вакилларидан ташқари Ҳадис илми мактаби ректори Барот Амонов ҳам иштирок этди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов давлатлар раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари натижасида ўрнатилган ўзаро амалий ҳамкорлик самараларини эътироф этиб, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг жорий йил май ойида Марказга қилган ташрифини мамнуният билан ёдга олди. Айни пайтда мазкур ташриф якунлари бўйича эришилган келишувларни амалиётга жорий этиш бўйича қабул қилинган Йўл харитаси ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2021 йилда имзоланган меморандум асосида бугунга қадар Марказ ва Институт ҳамкорлигида қатор нуфузли тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ҳамкорликда турли мавзуларда онлайн семинар, илмий-амалий веб-форум, халқаро конференциялар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури асосида малайзиялик бир нечта тадқиқотчилар Марказда амалиёт ўтади.

Малайзиядаги Ислом цивилизацияси институти директори Фариза Шам ҳамкорликнинг айни ҳолати алоқаларни янада ривожлантириш ва имкониятлардан унумлироқ фойдаланиш учун мустаҳкам замин ҳозирлаётгани ҳамда томонлар манфаатларига мос келаётганини таъкидлади.

Мулоқот чоғида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан қатор амалий таклифлар билдирилди. Олимлар илмий мақолаларидан иборат “Мовароуннаҳр муҳаддис олимларининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро тўплам нашр қилиш, тадқиқотчилар илмий ишларини томонлар муассислигидаги журналларда чоп этиш, туркум онлайн семинарлар ўтказиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, муассасалараро қўшма тадқиқотлар грантини жорий этиб, ходимлар алмашувини йўлга қўйиш ташаббуси тўла қўллаб-қувватланди.  Билдирилган таклиф ва мулоҳазаларнинг техник ҳамда амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Кўрилган масалалар қаторида яқин истиқболда Малайзиядаги Ислом цивилизацияси институти ва Ҳадис илми мактаби ўртасида ҳамкорликка оид англашув меморандумини имзолашга келишиб олинди.

Мулоқот қизғин ва ишчан руҳда ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …