Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳамкорликка эҳтиёж катта

Ҳамкорликка эҳтиёж катта

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Италиянинг «CORIES» исломий диний жамияти вице-президенти, Милан шаҳридаги Ал-Воҳид масжиди имоми Яҳё Сержио Паллавичини бошчилигидаги делегация 8 июль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Меҳмонларни Марказ директори Шовосил Зиёдов кутиб олди. Делегация аъзолари дастлаб Марказ музейи ва кутубхона иши билан танишди. Экспонатлар ва китоблар фонди уларда катта қизиқиш уйғотди.

Шундан сўнг Марказ раҳбарияти билан Италия делегацияси вакиллари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ш.Зиёдов Марказнинг мақсад ва вазифалари, бугунги кунда олиб борилаётган илмий-тадқиқот жараёнлари хусусида маълумот берди.

Делегация раҳбари Яҳё Сержио Паллавичини Марказ фаолиятига юқори баҳо бериб, келгусида миллатлараро ва динлараро муносабатларни янада яхшилашга доир лойиҳалар бўйича ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш таклифини билдирди.

Суҳбат чоғида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, радикализмга қарши курашиш, исломнинг асл моҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган халқаро конференция ва онлайн семинарлар ташкил қилиш, ҳадисшунослик соҳасида ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш зарурати ва долзарблиги таъкидланди. Томонлар, шунингдек, Ўзбекистондаги илмий марказлар вакилларининг Италияга сафарини ташкил этиш ва турдош ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу билан бирга, 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб ўтказиладиган «Бағрикенглик ҳафталиги» тадбирларида икки мамлакат тадқиқотчилари иштирокини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Мулоқот дўстона ва конструктив руҳда ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …