Чарлз МEЛВИЛЛ – Кембриж университети профессори(Англия)
– Мовароуннаҳрлик алломалар илмий мероси – ҳар қанча ўрганса арзийдиган хазина. Хусусан, тарих, адабиёт, ислом имлари бўйича ҳали тадқиқ қилинмаган асарлар кўп. Бу ерда яратилган қўлёзма манбалар нафақат минтақанинг ўзи, балки бутун мусулмон дунёси маърифатини оширишга хизмат қилган, десак, янглишмаган бўламиз.
Имом Бухорий асарлари моҳиятини, ҳадис илми асосларини кенг тарғиб қилишда шарҳлар тўпламларини яратиш энг дастлабки ва долзарб вазифалар сирасига киради. Бу ўринда буюк муҳаддис меросини изоҳ ва шарҳлар билан таржима қилиш ва тадқиқ этиш устида иш олиб бораётган Марказингиз жамоаси меҳнати эътирофга лойиқ. Бу меҳнатнинг ҳар бир меваси Имом Бухорий илмий мероси бўйича қимматли манба ҳисобланади.
Марказнинг мавқеи фақат бу билан эмас, балки исломнинг асл моҳиятини очиб бераётгани, замондошларга диний-маърифат нурларини таратаётгани билан ҳам баланддир. Шу нуқтаи назардан, унинг жамоасига бу каби хайрли вазифаларни тўлалигича адо этишда улкан зафарлар тилаймиз.