Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Хоразм фиқҳшунослигини ҳар қанча ўрганса арзийди

Хоразм фиқҳшунослигини ҳар қанча ўрганса арзийди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Хоразм ҳанафий мазҳаби намояндалари ва уларнинг қарашлари” мавзусида халқаро семинар ўтказилди. Марказ илмий ходимлари, Жазоир, Франция, Қирғизистон ва Туркиядан олимлар қатнашган анжуманда Қирғизистон-Туркия Манас университети илмий ходими, Имом Бухорий халқаро стипендияси совриндори, айни кунларда Марказда илмий амалиёт ўтаётган Уланбек Қалмурза ўғли мавзу юзасидан маъруза қилди.

Тадқиқотчи қадимдан кўплаб маданият вакилларига мезбонлик қилган Хоразм воҳаси ислом цивилизацияси даврида гуркираб ривожланганини қайд этди. Бу ўлкада фиқҳ мактабининг вужудга келиш тарихи, ислом ҳуқуқи равнақига катта ҳисса қўшган уламолар тўғрисида маълумотлар бериб, ўтмишнинг тадрижий босқичларида бу йўналишда юз берган воқеа-ҳодисаларга алоҳида тўхталди.

Уланбек Қалмурза ўғлининг таъкидлашича, мўғуллар босқини ҳудудда нафақат фиқҳ, балки илм-фан, араб тили, тарих каби фанлар намояндаларини ғарбий ўлкаларга кўчиб кетишга мажбур қилган, оқибатда фиқҳга оид муҳим асарлар йўқолган, шу сабабли кутубхона ва музейларда хоразмлик алломаларнинг китоблари кам учрайди. Шундай бўлса-да, XI-XII асрлардан бизнинг давргача етиб келган нодир қўлёзмаларнинг айрим нусхаларида келтирилган Хоразм фиқҳ мактаби мутафаккирларининг ҳаётий ҳикоялари асосида воҳа уламоларининг ислом ҳуқуқи илми ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот олиш мумкин.

Хоразмнинг географик жойлашуви, иқлими, халқининг урф-одат ва анъаналаридан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, воҳа фиқҳшунослиги Бухоро, Самарқанд, Балх, Хуросон ва Ироқ фиқҳ мактабларидан фарқ қилиб, ҳаж, маҳр, нафақа, вақфлар, шартномалар ва бошқа фиқҳий қоидалар борасида ўзига хос ёндашувлар кўзга ташланади. Бу эса соҳа ривожида ҳар бир тарихий даврнинг сиёсий ва иқтисодий шароити муҳим ўрин тутганидан далолат беради.

Тадқиқотчи сўзининг якунида тақдим этилаётган имкониятлар ва кўрсатилаётган амалий кўмак учун Марказ илмий жамоасига чуқур миннатдорлик билдириб, стипендия дастуридаги иштироки унинг изланишларида жуда қўл келаётганидан мамнуният изҳор этди.

Тадбир баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …