Home / МАҚОЛАЛАР / РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҚЎРҚҚАН ФИТНА

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҚЎРҚҚАН ФИТНА

(Бир ҳадис шарҳи)

Фитналар ҳар доим бўлиб келган. Бундай ишлардан энг ёмони ноҳақдан ширк ва куфрда айблашдир. Бунинг оқибатида одамлар тинчлиги бузилади. Одамларнинг жону молини ҳалол қилиб олиш, тартибсизлик келтириб чиқариш ва муқаддас ислом номидан террористик ҳаракатларни амалга ошириш шулар жумласидандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни яхшиликка қандай буюрган бўлсалар, ёмонликдан ҳам шундай қайтарганлар ва огоҳ этганлар. 

أَنَّ حُذَيْفَةَ حَدَّثَهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِنَّ مَا أَتَخَوَّفُ عَلَيْكُمْ رَجُلٌ قَرَأَ الْقُرْآنَ حَتَّى إِذَا رُئِيَتْ بَهْجَتُهُ عَلَيْهِ ، وَكَانَ رِدْئًا لِلْإِسْلَامِ ، غَيَّرَهُ إِلَى مَا شَاءَ اللَّهُ ، فَانْسَلَخَ مِنْهُ وَنَبَذَهُ وَرَاءَ ظَهْرِهِ ، وَسَعَى عَلَى جَارِهِ بِالسَّيْفِ ، وَرَمَاهُ بِالشِّرْكِ ، قَالَ : قُلْتُ : يَا نَبِيَّ اللَّهِ ، أَيُّهُمَا أَوْلَى بِالشِّرْكِ ، الْمَرْمِيُّ أَمِ الرَّامِي ؟ قَالَ : بَلِ الرَّامِي

Ҳузайфа айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг сизлар учун энг қўрққаним, бир киши Қуръонни қироат қилиб юради. Ҳатто унинг гўзаллиги кўриниб қолади. Исломга ёрдамчи бўлади. (Сўнг) уни Аллоҳ хоҳлагунича ўзгартириб, ундан чиқиб кетади ва орқасига улоқтиради. (Сўнг) қилич билан қўшнисига ҳаракат (таҳдид) қилади ва уни ширкда айблайди”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг набийи, улардан қай бири ширкка яқин, айбланганими ё айблаганими?” деб сўрадим. У зот: “Айблагани”, дедилар” (Бухорий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган).

Бу ҳадисни Ҳузайфа ибн Ямон ривоят қилган. У фитналар ҳақидаги ҳадислар мутахассиси ҳисобланади. У: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ҳақида сўрарди, мен эса фитна етиб қолишидан қўрқиб шу ҳақда сўрардим”, деган. Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фитналар ҳақида маълумотга эга бўлиш, ундан сақланишга сабаб бўлади. У зот келажакда бўладиган ишларни ўзларидан тўқимаганлар. Балки бу ўтмиш, ҳозир ва келажакни билувчи Аллоҳ таоло томонидан қилинган ваҳийдир. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом фақат ваҳийни гапирганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида келажакда бўладиган мунофиқларнинг қилиқлари ҳақида сўзламоқда. Шунингдек, мўмин кишини куфрга чиқаришдан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда.

“Бир киши Қуръонни қироат қилиб юради. Ҳатто унинг гўзаллиги кўриниб қолади”, яъни ҳарфларини жойидан чиқариб, яхши қироат қилади. Одамлар ундан хато тополмайди. Уни кўрган киши ҳавас қиладиган даражада бўлади. “Исломга ёрдамчи бўлади”, яъни исломнинг тарафдори, ҳимоячиси бўлиб, ҳар қандай шаклда қўллаб-қувватлайди. Шубҳасиз, Қуръону ҳадислардан сўзлайдиган ва дин либосини кийган мана шундай кишининг айтганларини одамлар тезда тасдиқлайди ва унга ишонади. (Сўнг) уни Аллоҳ хоҳлагунича ўзгартириб, ундан чиқиб кетади ва орқасига улоқтиради”, яъни кун келиб, одамлар кўз ўнгида чиройли кўринган киши Аллоҳнинг иродаси билан бадбахтга айланади. Қуръонинг маъноларини ўзгартириб талқин қилади, оятларни ўз ўрнидан бошқа жойда ишлатади. Қуръондан билганларини ортига ташлаб қўяди. (Сўнг) қилич билан қўшнисига ҳаракат (таҳдид) қилади ва уни ширкда айблайди”, қўшниси деганда, хоҳ у ён қўшниси, хоҳ биродари бўлсин барча мусулмонлар назарда тутилган. Яъни уларга қурол кўтаради ва кофирга чиқаради. Ҳузайфа “Эй Аллоҳнинг набийи, улардан қай бири ширкка яқин, айбланганими ё айблаганими?” деб сўраганида, у зот: “Айблагани”, деб жавоб берганлар.

Али розияллоҳу анҳу даврида чиққан хаворижлар бундай тоифадаги одамларнинг биринчисидир. Уларнинг издошлари ҳозир ҳам мавжуд, келажакда ҳам бўлади. Улар доимо одамлар ва жамиятга зарар етказади. Бузғунчиликдан бошқа иш қилмайди. Уларнинг масжид, мадраса ва мактаб қурганини ҳеч ким кўрмаган. Одамларнинг бахтли яшаши учун жон куйдирмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни огоҳ этган тоифа ҳақида билиш учун ҳар бир инсон маърифатли бўлиши лозим. Шу тоифадаги одамлардан бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлайлик.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …