Ислом дини инсонларни одоб-ахлоқ, яхшилик ва эзгуликка чорлайди. Шу боис, унда ўтганларни хотирлаш, уларнинг ҳақига дуо қилиш ва тирикларни қадрлаш тарғиб қилинади.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло мусулмон умматини ўтганларни хотирлаб, ҳаққига дуо қиладиган уммат, деб таърифлаган. Динимизда ўтганларни эслаш, ҳаққига дуо ва хайр эҳсон қилиш ибодат ҳисобланади. Шу билан бирга, бу амал тириклар зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтганларнинг ҳаққидир.
Қуръони каримда бундай дейилган: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”! (Ҳашр сураси, 10-оят)
Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса вафот этганлар тириклар истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади. Имонда ўтган зотлар ҳаққига истиғфор айтишимиз имонимиз тақозосидаги амалдир. Демак, ислом умматининг хусусиятларидан бири шуки, кейингилар олдин ўтганларни яхшиликда ёдга олиб, ҳаққига хайрли дуода бўлади.
Албатта, биз мусулмонлар ўтганлар руҳини шод қилиш мақсадида уларни қанча кўп хотирлаб дуо қилсак, фарзандларимиз ҳам бундай амалдан ибрат олади. Улар ҳам бизни хотирлаб дуо қилади. Шунингдек, ўтганлар ўз ортида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганлар дуосидан умидвор бўлиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилинган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қилади: “Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ёки ака-укасидан ёки дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир” (Байҳақий ривояти).
Шунинг учун киши вафот этган кундан бошлаб ҳар куни имкон қадар қилган амаллари савобини маййитга бағишлаб, садақа қилиш унинг фарзандлари ва яқинларига мустаҳабдир. Шунингдек, маййитнинг оиласи учун қўшнилар таом қилиб чиқариши ҳам яхши амалдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида марҳумларни ёдга олиш одобини баён қилиб берганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини зикр қилинглар, уларнинг ёмон сифатларини зикр қилишдан сақланинглар”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти). Ўтганларнинг яхши амалларини эслаш, аввало, уларнинг руҳини шод қилади. Яхши сифат, хайрли амал ва солиҳ кишилар эсланса, у жойга барака ёғилиб туради.
Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ:“Солиҳлар зикр қилинган жойга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади”, деган. Чунки бунда хайрли ишга тарғиб бўлади, солиҳ кишилардан намуна олишга рағбат ортади ва инсонларда яхшилик қилишга ҳаракат кучаяди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Қайси ёш йигит бир мўйсафидни ёши улуғлиги учун икром кўрсатиб эъзозласа, Аллоҳ ўша ёш йигитга мазкур оқсоқолнинг ёшига киришини ва ўша ёшида унга икром, эъзоз кўрсатувчини тақдир қилади”, дедилар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва катталаримизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, дедилар”.
Мўмин-мусулмонлар ўзидан кичик ва болаларга раҳм қилиши, меҳрибон бўлиши, бошини силаши лозим. Айни пайтда, катталар ҳурматини жойига қўйиши ҳам керак. Бу ишлар мўминлар сиймоси, ислом жамияти аъзосининг белгисидир. Бундай жамиятда яшаб туриб, кичикларга раҳм қилмаган ва катталарга ҳурмат кўрсатмаган одам ана шу муборак сиймони йўқотади. Буни яхши англаб, амал қилишимиз, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлишимиз керак. Демак, бу дунёдан ўтиб кетганларни яхшилик билан эслаш ва тирик юрганлар ҳурматини жойига қўйиш бизнинг инсоний бурчимиздир.