Home / МАҚОЛАЛАР / БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша даврда Бужайрий нисбаси билан танилиб, самарали ижод қилган алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақидаги маълумотларни учратиш мумкин.

Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, Бужайрий нисбаси бирор жой ёки касбга эмас, Бужайр исмли шахсларга нисбатан қўлланган. У Бужайр ибн Ҳозимнинг исмидир. Мисрлик олим Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд тузган “Ўрта Осиё олимлари қомуси”да: “Бужайр” сўзи “қоринчали бобо” маъносини билдиради” [2:53],  дейилган. Аслида ҳам араб тилида “Бужайр” сўзи “қоринча” деган маънони англатади.

Бужайрнинг авлодлари, яъни фарзанду набиралари ҳам ўз замонасининг олимлари, машҳур ровийлари бўлган. Уларга Бужайр нисбаси берилган. Бу силсила вакиллари насабда ҳам, ровийлар силсиласига оид тарих саҳифаларида ҳам Бужайрий нисбаси билан ўрин олган.

Қуйида ушбу силсила ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний Суғдий Бужайрий юқорида номи зикр қилинган Бужайр ибн Ҳозимнинг ўғлидир. У ўз замонасининг таниқли ровийларидан бўлиб, Қаънабий, Абу Валид Таёлисий, Аорим ва Аҳмад ибн Юнус каби кўплаб таниқли уламолардан ҳадис ривоят қилган. Ундан ўғли Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ва Муҳаммад ибн Ҳотам ибн Ҳайсам ҳадис ривоят қилган. Муҳаммад ибн Бужайр 268/882 йил шаъбон (март) ойида вафот этган [7:143; 2:108].

Сулоланинг яна бир вакили Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Бужайрийдир. Муҳаммад ибн Бужайрнинг катта ўғли. Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад ўз даврининг таниқли ровийлари Моволий Бани Ҳошим ва Ҳусайн ибн Асвад Куфийдан ҳадис ривоят қилган. Унинг ўзидан эса Абдураҳмон ибн Фатҳ Саррож Самарқандий ривоят қилган [1:7-8].

Нажмиддин Умар Насафийнинг “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” китобида Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад ибн Бужайрийдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис келтирилган: “Абу Амр Усмон ибн Муҳаммад ибн Бужайр: “Бизга Муъмил ибн Ҳишом ҳадис айтиб берди”, деди. У: “Бизга Исмоил ибн Аълия Аюбдан, у Абу Қалобадан, у Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ҳадис айтиб берди”, деди. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик, биз ўша вақтда ёш, забардаст йигитлар эдик. У зотнинг ҳузурларида (шариат арконларини ўрганиш учун) йигирма кеча қолдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни оиламизга муштоқ бўлган деб ўйлаб, аҳлимизда қолдириб келганларимиз ҳақида сўрадилар. Биз у зотнинг саволларига жавоб бердик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофидагиларга жуда меҳрибон эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оилаларингизга қайтиб боринг, уларга буюринг (уларни исломга даъват этинг), (динни) ўргатинг, менинг намоз ўқиганимни кўрдингиз, уларга худди шундай намоз ўқиб беринг. Намоз вақти кирганда, бирингиз азон айтинг ва ёши улуғингиз имом ўтиб, намоз ўқиб берсин”, дедилар”, деди”[12:492].

Бужайрий нисбаси билан машҳур бўлган алломалардан яна бири Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний, Самарқандий Бужайрийдир. Муҳаммад ибн Бужайрнинг кичик ўғли. Муҳаддис Абу Ҳафс Бужайрий 223/838 йили Самарқанднинг Сўғд музофотидаги Хушуфағн қишлоғида туғилиб, 311/923 йили вафот этган [2:54; 3:60; 4:374; 5:327; 6:162]. Абу Ҳафс Бужайрийнинг болалик ва ёшлик даври она қишлоғи Хушуфағнда ўтган. У дастлабки таълимни отаси Муҳаммад ибн Бужайрдан олган. Кейинчалик Абу Ҳафс Бужайрий илм олиш ва билимларини бойитишга ғайрат-шижоати, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларни тинглаш ва ўрганишга қизиқиши ғоят кучли бўлгани сабаб ўз иштиёқини қондириш мақсадида ўша даврнинг илм-фан ўчоқлари ҳисобланган Хуросон, Басра, Куфа, Ироқ, Шом, Миср, Ҳижоз каби бир қанча шаҳар ва мамлакатларга илмий сафар қилган.

Алломанинг Дамашқ шаҳрига борганини тарихчи олим Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ – Ибн Асокир “Тарихул мадинати Димашқ” (“Дамашқ шаҳрининг тарихи”) китобида бундай келтиради: “Ҳофиз Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр ибн Ҳозим ибн Рошид Ҳамадоний Самарқандий Бужайрий таълим олиш ва ҳадис жамлаш ниятида Дамашқ шаҳрига борган. У ерда Аҳмад ибн Абдулвоҳид ибн Уъбуд, Абу Омир Мусо ибн Омир Марий, Ҳишом ибн Холид, Муҳаммад ибн Ҳошим Баълабаккий, Сулаймон Ҳамсий, Аюб ибн Али ибн Ҳайсам Каноний каби кўплаб таниқли олимлардан ҳадис тинглаган ва таълим олган” [8:320]. Демак, аллома Дамашқда кўплаб таниқли олимлар билан учрашган, улар билан илмий мулоқотда бўлган.

Абу Яъло Халилий ўзининг “Иршод” номли асарида бундай ёзади: “Абу Ҳафс Бужайрий Ироқ ва Шомга борганда, Назр ибн Тоҳирдан, Куфада – Абу Курайб, Усмон ибн Абу Шайбадан, Басрада – Бундор ва Абу Мусодан, Шомда – Сулаймон ибн Салама Хабоирий, Аҳмад ибн Абдулвоҳид Дамашқий ва Ҳишом ибн Аммордан ва Макка шаҳрида – Муҳаммад ибн Зунбур ва Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийдан ҳадис тинглаган [1:9].

Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис бўйича асосий таълимни Абу Маҳмуд Муҳаммад ибн Муовия (машҳур муҳаддис, “Сунани Доримий”нинг муаллифи – Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийнинг тоғаси), Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий Самарқандий, Исо ибн Ҳаммод Зуғба Мисрий, Исҳоқ ибн Шоҳин Воситий, Абу Соиб Силм ибн Жаннода Куфий, Абд ибн Ҳумайд Кеший (Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснади Кеший” номли китоби бўлиб, у Имом Бухорийнинг шайхларидан – устозларидан ҳисобланади) ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий каби кўплаб машҳур муҳаддис олимлардан олган [5:327; 9:490].

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” тўпламига ёзилган энг мўътабар шарҳлардан бири саналувчи Ибн Ҳажар Асқалоний қаламига мансуб “Фатҳул борий” (“Ижодкорнинг очиб берган шарҳи”) китобининг Муқаддимасида бундай сўзлар битилган: “Умар ибн Муҳаммад Бужайрий: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг: “Жомеъус саҳиҳ” китобимни Масжидул Ҳарамда тасниф қилдим. Бу китобда ёзилган ҳар бир ҳадисни Аллоҳ таолодан яхшилик сўраб, истихора қилиб – икки ракат намоз ўқиб, саҳиҳлигига ишонч ҳосил қилганимдан кейин киритдим”, деб айтаётганини эшитдим”, дейди” [9:490].

Ушбу ривоятдан Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис илмида мўминларнинг амири деб эътироф этилган Имом Бухорий билан бир даврда яшагани, у билан учрашгани ва бу муҳаддиснинг мазкур сўзларини айнан ўзидан эшитганини англаб олиш мумкин.

Абу Ҳафс Бужайрий ҳадис ўрганиш ва тўплаш билан бирга, кўплаб шогирдлар ҳам етиштирган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодийнинг “Такмилатул икмол” китобида Муҳаммад ибн Собир Бухорий, Абу Назр Муҳаммад ибн Бакр Деҳқон Самарқандий, Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Имрон Шоший, Мўътамар ибн Жибрил Карминий, Аъюн ибн Жаъфар Самарқандий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Муаддаб Шоший ва Исо ибн Мусо Кошоний каби ўз замонасининг машҳур муҳаддис ва ровийлари айнан Абу Ҳафс Бужайрийдан ҳадис тинглагани ва ундан ривоят қилгани қайд этилган [5:327]. Бундан ташқари, Абу Ҳафс Бужайрийдан унинг ўғли Абулҳасан Муҳаммад ибн Умар, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший, Абу Яҳё Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Исҳоқ ибн Ҳозим Самарқандий, Муҳаммад ибн Ҳотам Кошоний, Абулфазл Аҳмад ибн Исмоил ибн Яҳё ибн Ҳозим Аздий Самарқандий ва Али ибн Биндор Сайрафий каби олимлар ҳам таҳсил олган ва ҳадис ривоят қилгани манбалардан яхши маълум [8:37].

Шошлик алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш бўйича улкан ишларни амалга оширган Н.Муҳаммедов “Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси” китобида: “Абу Бакр Қаффол Шоший Хуросонга бориб, Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма, Муҳаммад ибн Исҳоқ Саррож, Умар ибн Муҳаммад ибн Бухайр (турли манбаларда турлича – “Бужайр”, “Буҳайр” ва “Бухайр” шаклида келган) Самарқандий каби етук олимлардан дарс олган ва бошқа табақа вакилларидан ҳадис тинглаган”, деб ёзади [10:52].

Абу Ҳафс Бужайрий ўз даврида ҳадисшуносликдан ташқари, фиқҳ, усул ва тилшунослик илмлари бўйича ҳам тенги йўқ олим деб эътироф этилган. Имом Абу Бакр Қаффол Шоший каби бир қанча етук алломаларга устозлик қилган.

Абу Ҳафс Бужайрий нуфузли алломаларни тарбиялаш билан кифояланиб қолмай, илм-фан ривожига ўзининг бой ижоди билан ҳам улкан ҳисса қўшган. Ҳадис ва тафсир илмларига оид бир қанча асарлар яратган. Манбаларда келтирилишича, аллома “Саҳиҳ” ҳадислар тўплами ва “Тафсир” каби асарларнинг муаллифи ҳисобланади. Ҳозирги кунда “Саҳиҳ” тўпламининг қўлёзма нусхалари хорижий мамлакатлар кутубхона фондларида сақланмоқда [3:60; 11:206].

Алломанинг “Китобус сафина” (“Кема китоби”) номли яна бир асари бўлиб, у ҳақда Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд ўзининг “Ўрта Осиё олимлари қомуси” китобида бундай ёзади: “Абу Ҳафс Бужайрийдан унинг Аҳмад исмли набираси “Жомеъус саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) ва “Китобус сафина” (“Кема китоби”) китобларини ўқиб ўрганган. Бу асарларни Абу Ҳафснинг ўзи ёзган” [2:145; 6:370]. Афсуски, бу китоб бизнинг давримизгача етиб келмаган.

Аллома қаламига мансуб “Жомеъул муснад” ва “Таф­сир” асарлари бир қисмининг қўлёзма нусхалари ҳозир­ги кунда Дамашқ шаҳридаги Зоҳирия кутубхонасида №1067 рақам остида сақланмоқда” [3:60]. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази электрон базасида унинг электрон нусхаси мавжуд. У 248 бетдан иборат бўлиб, “Жомеъул муснад”нинг учдан бир қисмини, яъни ўттизинчи – “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг бетобликлари ва вафотлари” бобини ва “Тафсир” китобининг аввалги қисмини қамраб олган.

Бужайрий нисбаси билан танилган ровийлардан яна бири Абулҳасан Муҳаммад ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр Самарқандий Бужайрийдир. Муҳаддис Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммаднинг ўғли. У ҳам кўплаб мамлакатларда сафарда бўлиб, Али ибн Абдулазиз Бағавий, Исҳоқ Дабрий, Бишр ибн Мусо, Абу Муслим Кажжий, Абдулазиз ибн Ҳасан ибн Бакр ибн Шаруд, Убайд ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Кашурий, Муоз ибн Мусанно ва бошқа уламолардан ҳадис ривоят қилган. 345/956 йилнинг рабиул аввал/июль ойида вафот этган [1:7-8; 2:108].

Сулоланинг шуҳрат қозонган вакилларидан яна бири ровий Абулаббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳофиз Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр Самарқандий Бужайрийдир. Муҳаммад ибн Умарнинг ўғли, яъни муҳаддис Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммаднинг набираси. Аллома халқ орасида Аҳмад Бужайрий ва Аҳмад Хушуфағоний номлари билан машҳур бўлган.

Аҳмад Бужайрий бошланғич таълимни туғилиб ўсган қишлоғи Хушуфағонда бобоси Абу Ҳафс Бужайрийдан олган. Таъкидланганидек, Абу Ҳафс Бужайрий “Жомеъус саҳиҳ” ва “Китобус сафина” номли китоблар тасниф этган. Аҳмад Бужайрий эса бобосидан таълим олиб, мазкур китобларни тўлиқ ўзлаштирган. Кейинчалик у ўз даврининг кўплаб йирик муҳаддисларидан кўплаб ҳадис тинглаб, уларни аниқ ёзиб олгани боис таниқли ровийлардан бири бўлиб улғаяди. Ўз навбатида ундан бир қанча олимлар ҳадис ривоят қилган. Аҳмад Бужайрий 372/982 йилнинг рабиул аввал/сентябрь ойида вафот этган [6:370].

Бу сулола нафақат насаб жиҳатдан, балки Х асрда ҳадис ривоят қилиш бўйича ҳам маълум ва машҳур бўлган. Бужайрий нисбаси билан ижод қилган алломалардан баъзилари ўзининг кенг қамровли илмий фаолияти билан ҳадис ва тафсир илмлари ривожига катта ҳисса қўшган. Лекин шу чоққача уларнинг ҳаёти ва илмий мероси бўйича алоҳида тадқиқот олиб борилмаган. Бугунги кунда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Абу Ҳафс Бужайрийнинг ҳаёти, фаолияти ва унинг “Жомеъул муснад” китобини тадқиқ этиш бўйича муайян ишлар бошлаб юборилган. Тадқиқотлар давомида Бужайрий нисбали алломаларнинг фаолиятига доир янги маълумотлар юзага чиқади, деган умиддамиз.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абу Умар Муҳаммад ибн Али Азҳарий. Мустахрижу ала Саҳиҳил Бухорий ва мусаммо бил Жомиъил муснад. – Қоҳира: 2020.
  2. Абдуллоҳ Абдулҳамид Саъд. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Т.: Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти, 2007.
  3. Хайриддин Зириклий. Аълом. Ж. 5. Дорул илм, 2002.
  4. Абу Абдуллоҳ Ёқут Ҳамавий. Мўъжамул булдон. Ж. 2. – Байрут: 1979.
  5. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний Бағдодий. Такмила­тул икмол. Ж. 3. – Макка: Жомиъа уммул қуро, 1410/1990.
  6. Абдулкарим Самъоний. Ансоб. Ж. 2. – Байрут: 1998.
  7. Абу Ҳотам Муҳаммад ибн Ҳаббон. Сиқот. Ж, 9. – Байрут: Дор ал-фикр, 1975.
  8. Абулқосим Али ибн Ҳасан ибн Ҳибатуллоҳ ибн Абдуллоҳ Шофиъ. Тарихул мадинати Димашқ. Ж. 45. – Байрут: 1995.
  9. Ибн Ҳажар Асқалоний. Фатҳул борий. Ж. 2. – Миср: Мирий Кубро матбааси, Муқаддима.1301/1884.
  10. Муҳамедов Н. Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси. – Т.: ТИУ, 2007.
  11. Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Тазкиратул ҳуффоз. Ж. 2. – Байрут: 1998.
  12. Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд. – Теҳрон: 1999.
ЙЎЛДОШХОН ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …