Home / МАҚОЛАЛАР / Болаларни набавий ахлоқ билан тарбиялаш

Болаларни набавий ахлоқ билан тарбиялаш

Фарзанд дунёга келганида ота-она ва яқин қариндошлар, ҳатто қўшнилар ҳам хурсанд бўлишади. Ҳар бир инсон фарзанд кўрган кунни энг қувончли кун деб билади. Аллоҳ таолога шукроналар айтади. Албатта, дунё синов ва имтиҳондан иборат. Яратган зот баъзи оилаларга фарзанд неъматини бериб синайди, баъзи оилаларга сабрини синаш учун фарзандсиз ҳам қилиб қўяди. Икки ҳолатда ҳам инсон тафаккур билан иш юритиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Туғилган фарзанд, бу Аллоҳнинг омонатидир. Шунинг учун ҳам ҳар бир ота-она фарзандини тарбиялашда, албатта, диний ва миллий кўрсатмаларга қатъий амал этиши лозим. Аллоҳ таоло зурриёт неъматини бизга бериб, унинг ёмон бўлишидан бизни эҳтиётлаб чиройли тарбия беришга буюради. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас. Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор[1]. Фарзандларни тўғри тарбиялаб, художўй қилиб ўстирилса, икки дунёнинг обрўйини олиб беради. Агар тескариси бўлса, икки дунёда шарманда қилади. Аллоҳнинг муҳаббатини, мол-мулк ва фарзандлар муҳабатидан ҳар доим устун қўйиш лозим. Яна бошқа оятда: “Ва билингки, молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас ва, албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир[2]. Молу дунё ва фарзандлар омонатга хиёнат қилишга сабаб бўлиши учун эмас, синов учун берилади. Ҳар бир инсонда молу дунёга, фарзандга муҳаббат бор. Булар ҳам Аллоҳнинг неъматларидир.

Эй иймон келтирганлар. Молларингиз ва болаларингиз сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар ютқазувчилардир[3]. Бу оятда ҳам молу дунё ва болалар деб Аллоҳдан ғофил бўлиб қолмасликка буюрилган. “На молу дунёларингиз ва на бола-чақаларингиз сизни Бизнинг ҳузуримизга яқин қила олмас. Магар ким иймон келтирган ва солиҳ амал қилган бўлса, ана ўшаларгагина қилган амаллари туфайли кўпайтирилган мукофот бордир. Улар (жаннат) болохоналарида омонликдадирлар[4]. Инсоннинг икки дунёдаги қадр-қиймати фақатгина иймони ва яхши амалига қараб белгиланади. Молу дунё ва бола-чақа ҳам иймонли ва солиҳ амалли кишиларгагина фойда бериши мумкин. Чунки иймонли одам молу дунёни Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарфлайди ва фарзандларига Аллоҳ рози бўладиган тарбияни беради.

Аллоҳ таоло Қуръонда фарзанд тарбиясининг муҳимлига эътиборимизни қаратиб, фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларини эслатади: “Аллоҳ сизларга фарзандларингиз борасида васият қилур…[5]. Шунингдек фарзандларимизнинг ким эканликлари ва уларнинг бизга қандай фойдаси текиши ҳақида ҳам зикр қилган: “Мол-мулк ва фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…[6]. Фарзандлар қалбнинг райҳонидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот қилганимиздан кейин эса, уларнинг солиҳ амаллари орқали бизларга ҳам ажр бориб туради. Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида фарзандлар дунё ҳаётининг, оила турмушининг зийнати эканини таъкидлаш билан бирга болалар сабабидан ота-оналарга юкланадиган бурч ва масъулиятларни ҳам эслатади: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз…[7]. Демак барчаси кўнгилдагидек бўлиши, яхши тарбия беришга боғлиқ бўлади.

Болалар тарбияси динимиз Исломда аҳамияти баланд бўлган ишлардан ҳисобланади. Зеро, жамиятнинг келажаги бу фарзандларимиздир. Уларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўргатганларидек тарбиялаб вояга етказишимиз ота-онасига, жамиятига, қолаверса, болаларимизнинг ўзларига кону фойда келтиради. 

Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амаллари билан, ҳам сўзлари билан фарзандни чиройли тарбия қилишга чақирганлар. Ҳатто бир ҳадисларида “Сизлар ўз зурриётингиз учун муносиб она ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг”[8], дея фарзанд туғилмасидан илгари унинг тарбияси билан шуғулланишга буюрганлар. Яна бир ҳадисларида “Киши фарзандига битта одобни ўргатиши бир соъ миқдор садақа қилишидан яхшидир”[9], деб марҳамат қилганлар. Чунки киши фарзандига тарбия бериш орқали ўзига садақаи жория ташкил қилган бўлади. Юқорида келганидек, садақаи жориянинг савоби эса нафақат инсоннинг ҳаётлик даврида, балки вафот этганидан сўнг ҳам унга бориб туради.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам тарбиянинг бир неча хил йўлларини бизга муборак ҳадисларида кўрсатиб берганлар. Фарзанд тарбиясида мулоқот, тушунтириш, ибрат бўлиш, койиш, танбеҳ бериш, қаттиққўллик қилиш, жазо бериш ва яна бошқа бирқанча усуллари бор. Уларни ўз ўрнида ишлата билиш лозим. Қаттиққўллик ва жазо бериш энг охири қўлланилиши керак. Бу нарсалар фарзанднинг табиати ва руҳий ҳолатига қараб ҳам белгиланади. Тарбия бериш мобайнида эринмай, зерикмай динимиз кўрсатмаларига мос ҳолда олиб бориш, юқорида айтилганидек жамият ва хонадоннинг бахти саодати бўлади. Бунинг учун бизда имкониятлар жуда кўп, қайси бир диний китобга қарасак Пайғамбаримизнинг тарбияга оид ҳадисларини топамиз. Ундан ташқари бола тарбиясига оид бир қанча ҳадис китоблари халқ хизмати учун нашр этилган.

Биз фарзандларимиз учун бугун, кичиклигида қайғурмасак, кейин ҳозиргидек фойда бермайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом болаларни “жаннат райҳонлари”, деб атаганлар. Уларнинг жаннат райҳонлари бўлиб етишишлари эса ўғил-қизларимизнинг чиройли хулқли, диёнатли, эл-юртига садоқатли, миллатига муносиб этиб тарбиялашга боғлиқ. Шундай экан, Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлар тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлайдиган инсонлардан қилсин, уларни Ватанга, халқимизга, динимизга муносиб кишилар қилиб тарбиялашда тавфиқ ва ҳиммат ато этсин! 

 Қ. Маҳмудов
ИБХИТМ Фиқҳшунослик бўлими илмий ходими
[1]Тағобун сураси: 15-оят мазмуни.
[2]Анфол сураси: 28-оят мазмуни..
[3]Мунофиқун сураси:  9-оят мазмуни..
[4]Саба сураси: 37-оят мазмуни.
[5]Нисо сураси: 11-оят мазмуни.
[6]Каҳф сураси: 46-оят мазмуни.
[7]Таҳрим сураси:  6-оят мазмуни.
[8]Ибн Можа. Сунани ибн Можа. Дору-л-фикр. Байрут. –Б.633.
[9]Термизий. Сунани Термизий. Ж.4. Дор иҳёу-т-туроси-л-арабий. Байрут. – Б. 337.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …