Home / МАҚОЛАЛАР / Толиби илмнинг зоҳири ва ботинининг пок бўлиши

Толиби илмнинг зоҳири ва ботинининг пок бўлиши

Толиби илмга илм олиш йўлида ўзини ҳар хил бидъатлардан сақламоқлиги ва ҳар қандай ҳолатда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан ажралиб туришлиги, таҳорат олишликда кийимларини нажосатдан муҳофаза қилмоғи ва такаллуфсиз тоқати ва кучи етгунича жисмини покиза тутмоқлиги лозим бўлади. Аммо кийимни тоза ва покиза тутишликка бўлган қизиқишдан ёмонликка ва димоғдорликка, менсимасликка чақиришлик тушунилмайди. Кийим билан мағрурланмасликка  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари далолат қилади: “Тоза эски кийимни кийишлик –  иймондандур”. Демак, толиби илм кийинишликда ота-онасини қийин аҳволга солиб, қимматбаҳо кийимларни олиб берасиз деб жанжал қилмасдан, камтарликни хоҳлаб, мақтанчоқликни ва манманликни тарк этиши мақсадга мувофиқ бўлади. Абдулмалик Маймуна айтади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалдан кўра кийимининг покизалигида, соч-соқоли ва баданидаги мўйларни парвариш қилишда ўта эътиборли бўлган, кийимининг орасталигига ва оппоқлигига қаттиқ эътибор қиладиган кишини билмайман”. Аҳмад ибн Ҳанбал жойидан қўзғалса ҳам суннат[1] билан қўзғалар, ўтирса ҳам суннат билан ўтирар эди ва айтарди: “Мен бир ҳадисни ёзмоқчи бўлсам, унга амал қилиб кейин ёзар эдим, ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижома қилдирганликлари ҳақидаги хабар менга етганда, мен Абу Тоййибага бир динор бериб ҳижома қилдирдим”.

Хотиб роҳимаҳуллоҳ айтади: “Толиби илм бекорчи ўйинлардан, мажлисларда аҳмоқлик билан кулишлик ва қаҳқаҳа отиб кулишлик, латифалар айтишлик, иштиёқ билан мазах қилишликдан иборат  адабсизлик ишларидан сақланишлиги керак. Баъзи вақтларда илм йўлидан ва адаб чегарасидан чиқмаган ҳолда енгил, секингина кулишликка рухсат берилади. Кўп кулишлик ва кўп мазах қилишлик кишини одамгарчиликдан чиқариб, қадр-қийматини кеткизади”.

Аммо ботиний, ички покликка келадиган бўлсак, толиби илм ўзини нуқсонли ҳулқлардан, ҳасад, нафрат, нотўғри ақида ва ёмон сифатлардан илмни хосил бўлишида, уни ўзида сақлаб қолиш учун ва дақиқ маъноларни тушунишликда ўзини тиймоқлиги керак, чунки илм қалбнинг ибодати ва Аллоҳга ботиний яқин бўлишликдир. Чунончи намоз таҳоратсизлик ва ифлос нарсалардан тоза бўлмагунча қабул бўлмаганидек, ички ибодат ва қалбнинг барпо бўлиши ҳам ёмон сифатлардан ва хунук ахлоқлардан пок бўлган илм билан бўлади. Агар қалб илм учун пок бўлса, илмнинг баракаси кўринади ва ўсиб бораверади, худди яхши ерда экинлар ўниб-ўсиб кетаверганидек. Ҳадисда келганидек: “Огоҳ бўлинглар, жасадда бир аъзо борки, агар у соғлом бўлса жасаднинг ҳаммаси соғлом бўлади, бузилса, бутун баданнинг аъзолари бузилади. У – қалбдур”. Демак, толиби илмга қалбини илм учун поклашлиги, Аллоҳга гуноҳлари учун кечирим сўраб тавба қилишлиги, гуноҳ ва айб-нуқсонларни тарк этишлиги зарур бўлади.

Бахриев .О
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими

[1] Суннат: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари ва қилган ишлари.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …