Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / “ИСЛОМ – ТИНЧЛИК, МАЪРИФАТПАРВАРЛИК ВА БУНЁДКОРЛИК ДИНИ”

“ИСЛОМ – ТИНЧЛИК, МАЪРИФАТПАРВАРЛИК ВА БУНЁДКОРЛИК ДИНИ”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти ҳамкорлигида шу мавзуда онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, тадқиқотчилар, олимлар иштирок этди.

Семинарда Малайзиядаги Ислом цивилизацияси институти директори, профессор Фариза Бинти Шам маъруза қилди.

Олима исломнинг ўзгармас қадриятларга эга мустаҳкам дин эканини, инсониятнинг фитратини улуғлайдиган эътиқод сифатида унинг таълимотлари, қонун-қоидалари инсон табиатига тўла мос келишини таъкидлаб, мусулмон жамиятлари дуч келаётган нотўғри тушунчалар билан боғлиқ муаммоларга тўхталди.

– Бу динни кўпинча экстремистик гуруҳлар ва терроризм билан боғлашади. Исломнинг тинчлик, тотувлик ва жамият фаровонлиги тарафдори эканини тан олиш бутун жаҳон ҳамжамияти учун муҳимдир. Биз буни ўз хатти-ҳаракатларимиз, хулқ-атворимиз, гап-сўзларимиз ва бошқа дин вакиллари билан бағрикенглик тамойиллари асосида муносабат қуришимиз орқали ҳамиша тасдиқлаб боришимиз зарур, – деди маърузачи.

Профессор Европа минтақасида тарқалган исломофобиянинг оқибатларини санаб ўтиб, исломнинг тинчлик, маърифатпарварлик ва бунёдкорлик дини эканини илмий жиҳатдан асослаб берар экан, унда осойишталик, адолат ва биродарлик каби қадриятлар тарғиб қилинишини алоҳида таъкидлади.

Фариза Бинти Шам динда меҳр-муҳаббатли ва оқибатли бўлишнинг фазилатлари сирасида бошқаларнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиш, хайрли амаллар билан ўзгалар фаровонлигига ҳисса қўшиш, раҳм-шафқат, ғамхўрлик, ўзаро ҳурмат каби эзгу инсоний хислатларни тилга олди ҳамда бағрикенглик ва аҳиллик улуғланган ояти карималардан мисоллар келтирди.

Семинар якунида олима иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …