Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Қашқадарё вилоятидаги тарғибот ишлари доирасида Қарши давлат университетида “Имом Бухорий мероси – ёт ғояларга қарши” мавзусида талаба-ёшлар билан учрашув ташкил этди.
Маърузаларда диний бағрикенглик, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юртга садоқат, фидокорлик, инсонпарварлик каби олий фазилатлар ҳаётий мисоллар асосида ифода этилди. Имом Бухорийнинг бой маънавий мероси бутун инсониятга тўғри йўлни кўрсатишда, маърифат ва бағрикенглик ҳамда эзгуликни тарғиб этишда йўлчи юлдуз экани таъкидланди.
Тадбир давомида Марказ нашрлари тақдимоти ҳамда талабалар ўртасида Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросига оид викторина ўтказилди.
Иштирокчилар бу каби маънавий-маърифий тадбирларнинг ёшлар орасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, уларни ёт ғоялардан асраш, азалий қадриятларимизнинг инсонпарварлик жиҳатларини тарғиб этишдаги беқиёс аҳамиятини қайд этди.
Тадбир якунида фаол талабалар рағбатлантирилди.