Бугун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Ислом – тинчлик ва маърифат дини” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Анжуманда Марказ илмий ходимлари, институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, тьютор ва талабалар иштирок этди.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда давлатнинг дин ва диний ташкилотлар билан муносабатлари, исломнинг тинчликпарварлик моҳияти ҳамда унда мутаассиблик ва жаҳолатнинг қораланиши, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг аҳамияти каби долзарб масалаларга эътибор қаратди. Шунингдек, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг юксак маънавий қиймати, экстремизм ва терроризмнинг салбий оқибатлари, дин ниқоби остида фаолият кўрсатаётган бузғунчи оқим ва ҳаракатларнинг юзага келиш тарихи, асл мақсадлари, ғоявий-ақидавий асослари, молиявий манбалари, фаолият услублари ва ғайриисломий моҳияти далиллар асосида очиб берилди.
Тадбирда таъкидланганидек, халқимизга, айниқса ёшларимизга аждодларимизни яқиндан танитсак, илмий меросини чуқур ўргатсак, ҳеч қачон йўлдан адашмайди. Аксинча, юртимизнинг тараққий этишига муносиб ҳисса қўша оладиган етук олимлар, улуғ алломаларимизга муносиб ворислар етишиб чиқади.
Тадбир якунида маърузачилар иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди.