Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида америкалик тадқиқотчи Муҳаммад Аюб қаламига мансуб “Марказий Осиёда ўтмишдан ва бугунгача саёҳат: Имом Бухорий” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлар иштирокида ўтган тадбирда муаллиф китобни ёзишдан кўзланган мақсад ва унда ёритилган воқеа-ҳодисалар ҳақида маълумот берди.
Муҳаммад Аюб АҚШдаги Атлантик сити шаҳрида истиқомат қилади. Тарих йўналишида магистрлик даражасига эга. Бугунгача унинг тарихга оид тўртта китоби нашрдан чиққан. Тадқиқотчининг таъкидлашича, Мовароуннаҳрда илм-фан тараққиёти ва ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган кўп сонли алломалар ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш ҳар бир мусулмоннинг вазифаларидан саналади.
– Шу нуқтаи назардан мен ҳам диндошларимга бағишлаб Имом Бухорийнинг маънавий издоши сифатида Буюк Имом ҳақида, у туғилиб ўсган ва хоки абадий қўним топган жойлар ҳақида китоб битишга аҳд қилдим, – деди муаллиф.
Асарда Ўзбекистон замини маърифат ва маданият марказларидан бўлгани, бу диёрда ислом илмларининг ривожланишига, кейинчалик Чор Россияси истилоси ва шўро тузуми даврида, истиқлол йилларида Имом Бухорий мажмуаси теварагида кечган жараёнларга оид тарихий маълумотлар манбалар асосида ёритилган.
Тадбир якунида Муҳаммад Аюб Марказ кутубхонасига ўз китобини тақдим этди. Меҳмонга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар тўплами ҳадя қилинди.
Америкалик тадқиқотчи Марказга ташриф асносида музей фаолияти ва ходимлар олиб бораётган илмий ишлар билан билан яқиндан танишди.